«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилБугун деярли барча хонандаларнинг санъат саройларида қўядиган концерти фонограмма воситасида ўтмоқда. Бу қўшиқчилар орасида одатий ва оддий ҳолга айланиб улгурди. Шуларни кўриб, «Ўзи аслида концерт беришдан мақсад одамларга санъатини намойиш этишми ёки томошабинни алдаш?» деб ўйлаб қоласан киши.
Ҳа, аксарият хонанда шу йўлга ўтиб олди. Фонограммага ҳамоҳанг тарзда оғизни қимирлатиб қўйиб, бир ярим-икки соат ичида йиллик «меҳнати маҳсулини» одамларга тортиқ этяпти. Тағин, концерт давомида худди жонли куйлаб чарчагандек, икки-уч марта кийим алмаштириб ҳам чиқади. Икки соатлик концерт давомида санъаткорни ўн хил либосда кўрган томошабиннинг эса дарди ичида. Негаки, бутун концерт либос алмаштиришу оғиз қимирлатиш билан ўтиб кетяпти-да. Жонли ижрода қўйиладиган концертга тушай деса, ундайлари онда-сонда бўлса... ноёб, камёб ҳодиса-да...
Хўш, нега бугун концерт дастурлари, асосан, фонограмма воситасида ўтяпти? Нима учун хонанда жонли ижрода куйлашни истамаяпти? Бунинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак?
— Аввало, ҳар бир инсон касб танлашда янглишмаслиги керак, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова. — Айниқса, қўшиқчи бўлишни ният қилган ёшлар бунга жиддий эътибор қаратиши лозим. Чунки хонандалик касби саноқли инсонгагина бериладиган истеъдод ва лаёқат. Уни ҳомий топиб ёки катта маблағ тикиб қўлга киритиб бўлмайди. Бўлса ҳам бу санъат эмас, вақтинчалик бизнес, холос.
Шу боис бу касбни танлаган инсон, энг аввало, иқтидори бор-йўқлигини аниқлаш учун мутахассислар билан маслаҳатлашиши даркор. Бу борада ота-она ҳам ёш фарзандига тўғри йўл кўрсатиши лозим. Аммо афсуски, бугун чин истеъдодлардан кўра, соҳага адашиб кириб қолганлар кўп.
Техника ривожлангач, дуч келган одам хонандалик қила бошлади. Улар орасида ҳаваскордан тортиб, зўраки «ҳофизлар»гача бор.
Мутахассисларнинг айтишича, фонограмманинг ҳаддан ташқари ривожланиб кетгани яхши эмас. Боиси қўшиқчи фақат фонограмма орқали куйлайдиган бўлса, унинг овозида ҳеч қандай ўсиш бўлмайди. Шу маънода, ўзини хонанда деб билган санъаткор овози соғ пайтда жонли ижрода куйлагани маъқул. Қанча кўп жонли ижрода қўшиқ айтса, маҳорати шунчалик ошиб, овози янада очилиб бораверади.
Фонограмма ривожланиб кетгани туфайли томошабинлар асл санъатнинг фарқига бормай қолди. Бирон бир истеъдодли ҳофиз жонли ижрода куйлаб турса-да, истеъдоди йўқ қўшиқчи техника ёрдамида пардозланган қўшиқ айтса, табиийки, тингловчи овози йўқ қўшиқчининг фонограммада айтаётган қўшиғини тинглайди, шунга қарсак чалади. Чунки жонли ижродаги қўшиққа ҳеч қандай пардоз берилмаган. Тингловчи билиб-билмай фонограммақулни олқишлайди, жон куйдириб, қўшиқ айтган ҳофиз бир четда қолиб кетади.
Музаффар САЙФУЛЛАЕВ, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси Матбуот хизмати бошлиғи:
— Менимча, концертлар деярли тўлиқ фонограммада ижро этилишининг иккита сабаби бор. Бири меҳнат билан боғлиқ жиҳатлар бўлса, иккинчиси моддий томонга тааллуқли. Ростини айтсак, ҳақиқатан ҳам ҳозир кўпчилик хонанда меҳнат қилишдан қочади. Чунки жонли ижрода концерт ниҳоятда кўп меҳнат талаб этади. Устига устак, бундай концертга катта маблағ керак. Негаки, ҳар бир созандага алоҳида ҳақ тўланади. Бундай иқтидорга эга созанда эса камёб. Шунинг учун бўлса керак, жонли ижродаги концертлар кам.
Шу ўринда концерт қўйиш ниятидаги хонандаларга қўйиладиган талаблар хусусида тўхталиб ўтсам. Концерт фақат жонли ижрода ўтиши кераклиги ҳақида ҳеч қандай қонун йўқ. Фақат концерт эълонида у қандай шаклда бўлиши хусусида олдиндан хабардор қилиниши керак, холос. Мухлис концертда қўшиқлар фонограмма орқали ижро этилишини биладими, шунга рози бўлиб кирганми, хонандадан ўпкалаб бўлмайди, ундан жонли ижрони талаб қилишга ҳақи йўқ.
Мирғиёс ТУРҒУНОВ,
мухлис:
Кўпчилик хонандалар давлат тадбирларида фаол иштирок этиб, халқимизни, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанни севишга, уни кўз қорачиғидек асрашга чорлайди. Уларнинг бошқаларга нисбатан таъсир доираси анча кучли. Чунки қўшиқ қалб қўрига кириб боради. Шунга яраша давлатимиз санъаткорларнинг хизматини беэътибор қолдираётгани йўқ. Қанчадан-қанчасига давлат мукофотлари, унвонлар бериляпти...
Қолаверса, уларнинг даромадлари ҳеч қандай солиққа тортилмайди. Шунинг ўзи уларга жонли ижрода концерт қўйиши учун асос бўлмайдими?
Наҳотки, шунча эътироф ва имтиёз уларнинг фонограммаси учун берилган бўлса...
Санобар РАЖАБОВА,
ўқитувчи:
— Мени бир ҳолат ажаблантиради: давлат тилини билмайдиган баъзи хонандаларнинг концерт дастурига қандай изоҳ бериш мумкин? Ўзбек тилини яхши ёки умуман билмаса-да, ўзбекча қўшиқ куйласа-я? Бу билан улар ҳам томошабинни, ҳам ўзини алдамаяптими? Назаримда, ушбу саволга ўша хонандаларнинг ўзи ҳам жавоб бера олмайди. Чунки концертини фонограмма орқали ижро этади.
Хонанда осон йўлдан бориб, тезроқ танилишдан кўра, яккахон концерт дастурини фақат жонли ижрода ўтказса, мухлис кетказган вақтига ҳам, маблағига ҳам рози бўлади. Ахир, халқ эътиборидаги кўпчилик санъаткорнинг қўша-қўша унвони бор. Лекин ақалли бир кунгина жонли ижрода концерт беролмаса, шу хонандалар олган унвонига муносиб дея оламизми?
Мутасадди ташкилот лицензия ёки концерт қўйиш учун рухсатнома бераётганда масаланинг шу томонига ҳам эътибор қаратса, балки фонограмма дегани оз бўлса-да, камаярмиди?..
Жорий йил 15 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Фармонга мувофиқ, янги ташкил этилган Маданият вазирлиги ҳузурида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. «Истиқлол» ва «Туркистон» санъат саройи Маданият вазирлиги тасарруфига ўтказилди.
Бундан кўзланган асосий мақсад — маданият соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳада халқимизнинг бой ва ўзига хос маданияти, санъати ва ижодиётини янада ривожлантиришдан иборат. Энди миллий ва замонавий эстрада санъатига жиддий эътибор қаратилади. Санъат саройларида ташкил этилаётган концертлар назорат остига олинади. Концерт қўйиш истагидаги ҳар бир хонандага яккахон концертини фақат жонли ижрода қўйиши кераклигини асословчи бирон бир ҳужжат қабул қилишнинг вақти келгандир балки. Зотан, ҳар ким ўз меҳнатига яраша қадр топмоғи даркор. Таланти борми, жонли ижрода куйлаш қўлидан келадими, концерт қўйсин! Агар қўлидан келмаса, бундай йўл билан пул топишни ташласин-да, қўлидан келадиганларга йўл берсин!
Халқимиз азалдан санъат ва санъат аҳлини бошига кўтарган. Уларга бўлган меҳр ва оқибат бошқача. Одамларимизнинг тўй-тантана, байрам ва тадбирлари уларсиз ўтмайди. Шу боис қўшиқчиларнинг кўп бўлгани яхши.
Тўғри, фонограмма орқали концерт қўйиш қонунан тақиқланмаган. Аммо бу — хонанда фақат шу йўсиндан фойдаланиши керак дегани эмас-ку! Юқорида мутасадди жонли ижрога кўп маблағ кетишини айтди. Лекин назаримизда, бу асосий сабаб бўла олмайди.
Қолаверса, фонограмма ёрдамида қўйиладиган бир неча кунлик концерт ортидан келадиган фойда унча-мунча ўқитувчининг бир йиллик даромадидан кўп. Жонли ижрога катта маблағ сарфланади, деб санъаткор бутун умр осон йўл билан пул топиши — адолат мезонига тўғри келармикан? Жонли ижрода концерт бера олмаса, концерт қўйишдан нима наф?
Умуман олганда, концерт беришдан кўзланган асосий мақсад, фақат моддий манфаатми ёки халқнинг кўнглини олиш? Жонни койитиб, чин дилдан меҳнат қилиб қўйилган концерт ҳалол ва ҳаққоний эмасми? Аслида томошабинга нима керак? Юрагига пардасиз кириб борадиган куй, оҳанг, сўз. Бинобарин, мухлис куйланаётган қўшиқдан маънавий озиқа олсагина санъаткорнинг меҳнати қадр топади.
P.S. Мақоламиз тайёрланганда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»га қарори эълон қилинди. Қарорда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси тасарруфига алоҳида бинони ўтказиш ва ушбу бинода жаҳон андозаларига тўлиқ мос келадиган, академик жамоаларнинг бадиий дастурлари намойиш этиладиган, жонли ижрога мўлжалланган замонавий концерт залини барпо этиш белгиланган. Демак, биз тилга олган соҳада ҳам яхши ўзгаришлар кутилмоқда.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил