Дам олиш куни эди. Телевизор кўриб ўтиргандим. Тўсатдан ҳаяжону бетоқатлик билан бувим кириб қолди ва бир хабарни етказди. 
													
												Бувимнинг айтишича, Фарида исмли китобсевар кекса қўшниси кўзи хасталаниб қолгани, китобларини ўқишга мадори етмаётгани, қолаверса, дори-дармонга озроқ пул кераклигини айтиб, китобнинг қадрини биладиган одам чиқса, уларни мақбул нархда сотишини билдирибди. Бу гапдан кейин китобга қизиқишимни биладиган бувим дарҳол ёнимга югургилаб келибди.
Бундай умр беҳуда
Шу лаҳзада тинчим бузилди, учишга шайланган полапондек типирчилаб қолдим. Орзуимдаги китоблар бирин-кетин кўз олдимдан ўта бошлади. Мен излаётган ноёб китоблар шу аёлнинг уйида бўлса-я!... Юрак тушмагур худди қинидан чиқадигандек ҳапқирарди, лабларим зилол сув таъмини сезгандек, «тезроқ-тезроқ», дея пичирларди. Хуллас, бувим билан ўша аёлнинг уйига отландим, мутолаага иштиёқи баланд синглим ҳам бизга эргашди. 
Чексиз ҳавасу ҳаяжон қуршовида Фарида опанинг уйига қандай етиб келганимизни ҳам билмай қолдим. Салом-аликдан сўнг, опа бизни «Сим-сим ғори» сари етаклади. Қойил-э, бувим таърифлаганича бор экан: дунёнинг бор китоби шу ерда йиғилган.
Ана, Лев Толстойнинг ям-яшил муқовали, ўн икки жилдли танланган асарлари. Очиб варақлайман, ҳайратим ошди. «Иван Ильичнинг ўлими»-ку! Вой-бў! Ҳамма классиклар шу ерда экан: Шекспир, Сервантес, Пушкин, Лермонтов, Достоевский, Манн, Скотт, Флобер, Дюма, Моруа...  Шошиб қолдим, «хазиналар ороли»га тушиб қолган сайёҳдек фақат атрофимга, қат-қат терилиб турган китобларга анграярдим. «Бемалол, танлаб олаверинг» — деди Фарида опа ҳолатимни сезиб. 
Олтмишга яқин китобни саралаб ажратдик, ҳаммаси дунёнинг манаман деган қиссаю романлари, драмалари. Китобларни уйга келтириб, жавонимга тахлар эканман, ич-ичимдан бахтиёрлигимни ҳис қилардим. Ҳа, устоз Озод Шарафиддинов ҳақ: «Китобсиз яшаб бўлмас...»
Шундайликка шундайку-я, лекин китобсиз яшаб юрганлар ҳам қанча? Эҳтимол, китобсиз ҳам бинойидек ҳаёт кечириб, дунёнинг ҳамма неъматларига тўйиб, ғам чекмай, шўх-шодон яшаб ўтиш мумкиндир. Бироқ ишонингки, бундай умр беҳуда кетади. Бирор марта китоб билан сирлашмаган, саҳифалар қаърига чўкмаган, қайсидир қаҳрамоннинг дардига дардманд бўлиб, кечалари мижжа қоқмаган, китобни кўрганда баҳри-дили очилиб, қувончдан порламаган нигоҳларга ҳавас қилиб бўладими? Йўқ, асло йўқ…
Ташна руҳ озиқаси
Ҳар ким турли эҳтиёж билан китоб ўқийди. Кимдир шунчаки вақт ўтказиш учун, биров ўзганинг қистови билан ва яна кимдир уйқуси келмаса, қўлига китоб олади. Чин дилдан истаб мутолаа қиладиганлар ҳам бор. Аммо китоб ўқиш учун энг яхши зарурат бу — руҳ ташналигини қондиришдир.
Ҳа, инсоннинг худди жисми каби руҳи ҳам чанқайди, очқайди. Ана шунда бадиий адабиёт, китоб мутолааси ёрдамга келади. Китобхон бирор асарни ўқий бошларкан, ботинида алланечук покланиш, вужудидаги ортиқча нарсалардан фориғланиш ҳиссини туяди. Қалби қувватланади, шуури тиниқлашади, фикрати юксалади, энг муҳими, ҳаётига мазмун, гўзаллик киради.
Китобхон одам дунёни турфа рангларда кўради, сизу биз билмаган, англамаган ҳақиқатларни кашф этади, ҳаётда учрайдиган турли муаммоларга ўз билиму тажрибасидан келиб чиқиб, жавоб топади. Бундай инсоннинг феъл-атвори, гап-сўзи бошқалардан ажралиб туради, мутолаа уни чертиб-чертиб, мушоҳада билан сўзлашга ўргатади.
Агар китобни фақат билим манбаи дея таърифласак, унинг инсон ҳаётида тутган ўрнини тор доирада баҳолаган бўламиз. Ахир, китоб билим беришдан ташқари, инсонни том маънода комиллик сари етаклайдики, ундан баҳраманд киши ҳар лаҳза юксалиб, қалбан бойиб бораётганини ҳис қилади. Китоб — фикрни тарбиялайди, бу унинг бизга берадиган энг катта фойдаси. Зеро, дунёни фикр бошқаради, одам фикрламай қўйса, бундан ёмони йўқ.
Вақт мазмуни
Китоб — инсониятни бирлаштиради, миллатни миллат қилади, халқни ўзини танишига, миллий ғурурини уйғотишга хизмат қилади. Шунданми, азал-азалдан бирор мамлакат истило қилинса, аввало, унинг маданий бойликлари, хусусан, китоблари ўтга ташланган. Ҳар қандай ёвқур баҳодир лак-лак қўшиндан кўра, нодир китоблардан чўчигани айни ҳақиқат. Бунга мисол сифатида македониялик Искандарнинг форс ҳукмдори Доро хазинасида сақланаётган «Авесто»га ўт қўйганини келтириб ўтиш мумкин.
Китоб — маданият бешиги. Биргина улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини мутолаа қилган ўқувчи ўзбекнинг турмуш тарзи билан боғлиқ барча саволларига жавоб топади. Оиладаги тарбия ва муҳит қандай бўлиши лозимлигини тушуниб етади.
Китоб — беасов вақтни жиловлайди, умрнинг ҳар лаҳзасини мазмунли қилади. Француз файласуфи Шарль Монтеске таъбири билан айтганда, «Мутолаа — инсон ҳаётида учрайдиган зерикарли вақтни чексиз ҳузур-ҳаловат лаҳзаларига алмаштиради…» Айтинг-чи, бундан ортиқ бахт борми?
Ва ниҳоят, китоб — фаровон турмуш гарови ҳамдир. Ишонинг, нафақат маънавий, балки моддий бойлик орттиришнинг сири ҳам китобларда мужассам.
«Нега китоб ўқиймиз?»  деган саволга яна кўп жавоб айтиш мумкин. Бироқ мазмун-моҳият, хулоса шуки, китоб ўқишни бугундан бошлаш шарт. Чунки мутолаа бизни кўзлаган манзилларга, албатта, етказади. 
Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ,
санъатшунос