Институт ҳовлисидаги кимёвий моддалар сақланадиган омборда юз берган ёнғин сабабини аниқлаш учун директор хонасида шошилинч йиғилиш бўлди.
— Ёмон, жуда ёмон, — деди директор ўтирганларга бир-бир зуғум билан қараб. — Кўп нарса куйиб кул бўлди. Эсиз, давлатнинг қанча маблағи совурилди. Фалокатнинг сабабини аниқлаб, айбдорни жазолашимиз керак! Аммо бу гаплар шу ерда қолсин!
Ҳамма директорнинг дарғазаб нигоҳидан кўзини олиб қочди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Ниҳоят, директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари базўр ўрнидан туриб тилга кирди.
— Ёнғин якшанбага ўтар кечаси бўлган. Кундузи дам олиш куни эди, омбор ҳар доимгидек қулф бўлиши керак. Ўт электрдан чиққанмикан?..
— Кимёвий моддалар сақланадиган омборда электр нима қилсин? — Бош энергетик дарров хатони тузатди. Ўринбосар хижолат чекиб, индамай жойига ўтирди.
Узоқ жимликдан сўнг техника хавфсизлигининг серҳадик бошлиғи луқма ташлади:
— Бирортаси очиб кирганмикан...
— Ёнғиндан ярим соат илгари ҳаммаёқни текшириб чиққандим, қулфлар ҳам ўз жойида эди, — мудраб ўтирган қоровул ҳушёр тортиб, бу тусмолни ҳам инкор қилди.
Яна кўп гаплар айтилди, бисёр гумонлар ўртага ташланди. Бироқ ёнғиндан қолган култепани титкилаб ҳеч нарсани аниқлаб бўлмаганидек, бу гумонлар ҳам гумонлигича қолиб кетди.
Шундай пайтда лаборатория мудирларидан бири тилга кириб қолди.
— Тунов куни мендаги бир ходим омборда мушук кўрдим, дегандек бўлувди.
Ўтирганларнинг юзига дув этиб қизиллик югурди. Зумда жонланиб кетишди. Хонада ғала-ғовур, шивир-шивир бошланди. Тезда бир фикрга келинди. «Зудлик билан мушукни кўрган ходим топиб келинсин!»
— Ҳа, кўргандим, — деб тасдиқлади оёғи ерга теккизмай келтирилган, негадир ранги оқариб кетган йигит. — Юрар эди. Кўзлари кўм-кўк, катта, қўрқинчли қора мушук.
— Қора мушук бехосият бўлади, — деди директор столга бир муштлаб.
— Нега бу ҳақида дарҳол институт маъмуриятига хабар бермадингиз? — ўринбосар ҳам чидаб туролмади.
— Нега?!
— Нега?!
Ҳамма мушукни кўрган ходимга ёпиша кетди.
— Лаборатория мудирига айтувдим, шекилли... Мен бунчалик бўлишини билмабман...
— «Шекилли», «билмабман...» Бунақа масалаларда ланжлик кетмайди. Сиз эса...
Лаборатория мудирининг таъна-дашномидан кейин бошқалар ҳам йигитни бепарволикда, беҳафсалаликда, беэътиборликда айблай кетишади. Узоқ тортишувдан сўнг бу мураккаб ва чалкаш масала ҳал бўлди. Котиба қиз ҳар галгидек директорнинг ишорасига кўра, «кўпчиликнинг фикри» билан қабул қилинган қарорни ўқиди.
«Омборда ёввойи мушук юрганини кўрган ва бунга бепарво қараб, бу ҳақида маъмуриятга вақтида хабар бермагани, парвосизлик қилгани учун Асрор Баҳромов кичик илмий ходимлик лавозимидан лаборантликка туширилсин!»
Қарор бир овоздан маъқулланди... Собиқ кичик ходимдан бошқа ҳамма директор хонасидан енгил тортиб чиқди...
Адҳам ДАМИН
МУШУКНИНГ АЙБИ