Юртимиз деҳқонлари эртаги сабзавот, картошка ва ғалла ҳосили йиғиб олинган майдонларга такрорий экин экишда бой тажриба тўплаган. Бу ишни унча катта бўлмаган хусусий томорқада ҳам амалга ошириш мумкин. Натижада қўшимча ҳосил, даромад, чорва учун қишга етарли озуқа олинади.
Бунда ишни майдонни экинлардан қолган қолдиқларни тозалашдан бошлаш зарур. Кейин суғорилади. Қуйида томорқада такрорий экиш мумкин бўлган баъзи экинларни келтириб ўтамиз.
Маккажўхори
Такрорий экин сифатида экиш шимолий ва марказий иқлим минтақаларида 20 июндан 20 июлгача, жанубий минтақаларда 1 июлдан 30 июлгача амалга оширилади. Маккажўхори униб чиққандан кейин қатор ораларига ишлов берилиб, ягана ва чопиқ қилинади. 5-6 та ва 10-12 та барг чиқарганда азотли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади. Агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилганда гектаридан 35-40 центнер дон ёки 350-400 центнер кўк масса олиш мумкин.
Хашаки нўхат
Ердан унумли фойдаланиш ва чорва молларини тўйимли озуқа билан таъминлаш учун бошоқли дондан бўшаган майдонларга 15 июлдан 10 августгача бўлган муддатда дон ва дуккакли экинлардан хашаки нўхат уруғи — 10 сотих майдонга 7 килограмм миқдорида экиш тавсия этилади. Шохлаш фазасига кирганда ўғитланади ва суғорилади. Ҳаво ҳарорати ва экин ҳолатини ҳисобга олган ҳолда яна бир марта озиқлантирилса ва икки-уч марта суғорилса, октябрь ойига бориб 15-20 тонна кўк масса ҳосили олиш мумкин.
Тариқ
Такрорий экин сифатида тариқ экиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Уни буғдой ёки баҳорда эрта экинлардан бўшаган майдонга (июнь-июль) экиш мумкин. Тариқнинг дони паррандалар учун қимматбаҳо озуқа ҳисобланади. Чорва моллари тариқ дони қолдиқлари ва сомонини яхши ейди. Тариқ серҳосил ўсимлик бўлиб, 10 сотих ердан 5-6 центнер дон ёки 12-14 центнер кўк масса олиш мумкин. Ушбу экин тури қурғоқчиликка чидамли, ёруғсевар, қисқа муддатли ўсимлик ҳисобланади. Аммо яхши ишланган ерни талаб қилади. Пишган дони тез тўкилиши сабабли 70-75 фоиз етилганда ўриб олиш зарур.
Хашаки лавлаги
Озуқабоп экинлар орасида илдизмевалардан асосан, хашаки лавлаги экилади. Бунда хашаки лавлагининг «Ўзбекистон ним қанд», «Эккендорф сариғи», «Ўзбекистон-83» навини экиш тавсия этилади. Ушбу экин чорва молларининг сут беришини оширади. Хашаки лавлагини жанубий (Сурхондарё, Қашқадарё) вилоятларда ғалладан кейин ҳам экиб олиш мумкин. Июль-август ойларида экса бўлади. Ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши ҳисобига баҳорда экилган майдонларда хашаки лавлагининг сувга бўлган талаби анча катта бўлади. Шу боис уни имкон қадар ҳар 7-10 кунда суғориш керак.
Хашаки лавлаги икки йиллик ўсимлик. Биринчи йили уруғдан экилганда илдизмева беради, иккинчи йили илдизмевадан экилганда уруғ беради. Агротехник тадбирлар тўғри амалга оширилса, октябрь ойига бориб, 10 сотихдан 1,5-2 тонна кўк масса ҳосили олиш мумкин.
Интернет материалларидан фойдаланилди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔124
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил