«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЁзда ҳамма соя-салқин масканларда дам олишни истайди. Айниқса, болалар бундай пайтда сузишга боришни хоҳлайди. Бунинг учун кимдир сунъий сув ҳавзаларини танласа, яна биров анҳору дарёларни маъқул кўради. Аммо иккинчи танлов доим ҳам хавфсиз эмас.
— Жазирама иссиқда ёшларимизнинг сузишга қизиқиши устун келиб, чўмилиш тақиқланган жойлар — дарё ва анҳорларга боради, — дейди Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати бош мутахассиси Муаттар НИЯЗМЕТОВА. — Бу эса, биринчи навбатда, уларнинг саломатлигига хавф туғдиради. Энг ёмони, чўмилиш завқининг охири баъзан аянчли воқеаларга олиб келади. Афсуски, бундай ҳолатлар ёз мавсумида тез-тез учраб турибди.
Масалан, ўтган йили фуқароларнинг тақиқланган ҳудудларда чўмилиши оқибатида 37 нафар чўкиш ҳолати кузатилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 12 тадан ортиқ чўкиш билан боғлиқ хавфли вазият юз берган. Шу боис сузиш вақтида ҳар бир инсондан хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, турли баландликдан сувга сакрамаслик, тез оқувчи дарё ва анҳорда, кир ёки лойқа сувда, ҳаддан ташқари совуқ сувда чўмилмаслик талаб этилади. Бу билан у ҳам ўзини, ҳам яқинларини турли кўнгилсиз вазиятлардан асраган бўлади.
Сузишга рухсат этилмаган жойлар хавфли экан, хўш, чўмилишга мўлжалланган сув ҳавзалари-чи? Албатта, бундай ҳавзалар ҳар томонлама қулай. Аммо бир жиҳатни унутмаслик зарур: махсус ҳавзаларга қатнаган тақдирда, борди-ю ундаги сув тез-тез алмаштирилмаса ёки умуман алмаштирилмайдиган бўлса, бирор бир касалликни орттириб олиш аниқ. Боз устига, ҳозирги жазирама кунларда бундай масканларда одам гавжум. Улардаги сув санитария ва гигиеник талабларга нечоғли тўғри келиши билан эса, афсуски, кўпчиликнинг иши йўқ.
Аслида сунъий ҳавзалар қандай талабларга жавоб бериши керак? Ундаги сув қанча муддатда алмаштириб турилиши лозим?
— Мамлакатимиздаги барча сув ҳавзаларининг тозалиги доимий эътиборимизда, — дейди Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг коммунал гигиена бўлинмаси санитария шифокори Раъно ЖУМАБОЕВА. — Ҳар ой улардаги сувнинг таркиби ўрганилади. Бассейнлар санитария қоида ва меъёрларига тўлақонли жавоб бериши шарт. Ушбу вазифаларга қатъий риоя этилганда, сув орқали юқиш хавфи бор бактерияли, замбуруғли, вирусли касалликларнинг олди олинади. Ўз навбатида, сунъий сув ҳавзаларидаги назоратчилар сузишга келганларни тиббий маълумотнома асосида қабул қилиши лозим. Тиббий маълумотнома уч кунгача яроқли ҳисобланади.
Шу ўринда ёпиқ чўмилиш ҳавзаларига қўйиладиган талаб ва меъёрлар хусусида тўхталиб ўтиш жоиз. Қоидага кўра, лойиҳа асосида қурилган бассейнлар сув алмаштиришни таъминлайдиган тизим билан жиҳозланган бўлиши лозим. Бу тизим қуйидаги турларга бўлинади:
— рециркуляцион;
— оқар турдаги;
— сувни вақти-вақти билан тўлиқ алмаштириш.
Санитария талабларига асосан, ёпиқ ва очиқ турдаги сув ҳавзаларидаги сув бир ой муддатда тўлиқ алмаштирилиши керак. Улардаги сув тўлиқ чиқариб юборилиб, девор ва туби зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида ювилиши талаб этилади. Сўнг қайтадан тоза сув билан тўлдирилиб, чўмилишга топширилади.
Мутахассиснинг айтишича, агар сув ҳавзаларидан бактериологик текширувлар учун олинган намуналарда касаллик чақирувчи бактериялар аниқланса, санитария-эпидемиология тадбирлар тўлиқ амалга оширилгунча, унинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бунда бассейндаги сув чиқариб ташланиб, туби ва деворлари зарарсизлантирувчи воситалар ёрдамида ювилади. Ҳовузга янги сув тўлдирилгандан кейин қайтадан бактериологик ва кимёвий таҳлил ўтказилади. Таҳлил натижалари қониқарли бўлса, ҳовузларда сузишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, сувнинг ҳароратига ҳам алоҳида эътибор бериш керак. Катталар учун мўлжалланган бассейн сувининг ҳарорати ёзда 25-27 даража, болалар чўмиладиган бассейнлардаги сувнинг ҳарорати ёзда 28-30 даражагача бўлиши лозим.
Мутасаддидан ушбу жавобларни олгач, пойтахтимиздаги айрим сузиш ҳавзаларидаги шароитлар билан яқиндан танишишга қарор қилдик. Дастлабки манзилимиз — ҳамманинг эътибор марказидаги, қолаверса, энг кўп мижозга эга Юнусобод туманидаги «Саховат спорт сервис» МЧЖ спорт мажмуаси.
Мажмуанинг юқорида айтилган талаблар асосида фаолият юритиши яратилган шарт-шароитдан кўриниб турибди. Ташриф буюрадиган ҳар бир мижоз бассейнга киришдан олдин шифокор назоратидан ўтади. Спорт мажмуасининг спорт бўлими бошлиғи Мурод МИРЗАБОЕВ бу ҳақда шундай дейди:
— Бизда талаб ниҳоятда қаттиқ. Сабаби, ҳар куни эрталаб мутахассислар келиб, сувнинг ҳолатини ўрганиб кетади. Фильтрлар кун давомида ишлаб, сувни тоза сақлаб туради. Шу боис сув ҳамиша тиниқ ва 28-30 даражада сақланади. Ҳар бир мижозга алоҳида чўмилиш кийимлари ва кийим сақлагичлар ажратилган. Бассейнга тушишдан олдин ва кейин, албатта, ҳар бир киши душ қабул қилади. Бунга шароит бор.
Шу боис бошқа чўмилиш масканларига қараганда, бу ернинг нархи бироз юқори. Кунлик ёки ойлик тўлов асосида хизмат кўрсатилади. Кунлик тўлов 45 дақиқаси 8-10 минг сўм, ойлик тўлов фуқаронинг ёшига қараб, 120 мингдан 250 минггача этиб белгиланган. Ойлик тўловни амалга оширадиган мижозлар кун оралаб келишади.
Ҳа, яратилган шароитлар масъул ходим айтганича бор. Шундан бўлса керак, мижозлар тўлаётган пулидан рози. Айрим ота-оналардан фарзандини нега айнан шу ерга олиб келишини сўраганимизда, улар бу ердаги нарх-наво хизматига яраша, энг асосийси, санитария-гигиена қоидаларга тўла-тўкис жавоб беради, дейишди.
Бассейнни бир соатча кузатиб турдик. Бу вақт оралиғида бассейн атрофидаги йўлакни фаррош ходимлар тинимсиз артиб тураётганининг гувоҳи бўлдик. Сабаби, йўлакдан юраётганлар сирпаниб йиқилмаслиги ва озодаликни таъминлаш учун шундай қилинади.
Навбатдаги манзилимиз — Миробод, Яшнобод, Сергели, Олмазор туманларидаги сув ҳавзалари. Сергели туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида жойлашган сув ҳавзасига очиғи, ҳавасимиз келди. Ҳамма ер озода. Бассейндаги сувнинг тиниқлигидан унинг туби шундай кўриниб турибди. Спорт мактаби директорининг айтишича, ўтган йилда сузиш ҳавзаси тўлиқ қайта таъмирланган. Шу боис бу ердаги шароит рисоладагидек.
Афсуски, бошқа туманлардаги бассейнларнинг аксарияти у қадар талаб даражасида эмас. Масалан, Миробод туманидаги очиқ сув ҳавзасининг аҳволи ниҳоятда аянчли, нархи эса жуда баланд (Сув ҳавзаси хусусий бўлгани учун мижоз сифатида бордик). Сузиш учун ҳеч қандай чўмилиш кийими ҳам, тиббий маълумотнома ҳам талаб этилмас экан. Айтилган тўловни амалга оширсангиз кифоя. Сув охирги марта қачон янгилангани ҳақидаги саволимизга масъул ходимнинг ўзи ҳам жавоб бера олмади.
Бу ерда чўмилаётган кишиларни суҳбатга тортдик. Улар шу маҳаллада яшашини, бу атрофда санитария ва гигиена талабларига жавоб берадиган бошқа бассейн йўқлигини «йўқдан кўра ҳарна» дегандек, шу ерга келишга мажбурлигини айтди.
Яшнобод туманидаги сув ҳавзасидаги ҳолат ҳам ҳаминқадар. Мижоз сифатида масъул ходимдан бассейндаги сув неча кунда алмаштирилишини сўрасак, у сувни ҳар ойда янгилашга шароити йўқлигини, бу қимматга тушишини тан олиб айтди. Лекин сув тозаловчи фильтрлар доимий равишда ишлаб туришини иддао қилди. Тиббий маълумотномасиз киритилмаслигини ҳам таъкидлади.
Шу гап нечоғли ҳақиқатлигини билиш учун фарзандини олиб келган бир нечта оналарни гапга солдик.
— Бу ерга анчадан бери қатнаймиз, — дейди Холисхон Иномова. — Лекин шу пайтгача биздан бирор марта ҳам тиббий маълумотнома сўрашмаган. Балки бизни яхши танигани учун шундай қилишар...
Ўзини Назокат Каримова деб таништирган яна бир аёлнинг айтишича, у шу яқин атрофда яшайди. Биринчи марта келганида бир марта тиббий маълумотнома сўрашган, тамом. Ҳар уч кунда тиббий маълумотномани янгилаш эса унга оғирлик қилади. Шунинг учун уларни айбламас экан. Агар улар ҳам бассейннинг ўзида тиббий текширувни амалга оширишни йўлга қўйса, мақсадга мувофиқ бўларди, дейди.
Шу ўринда савол туғилади. Борди-ю, бу икки аёлнинг фарзанди қандайдир касаллик билан оғриган бўлса ёки аксинча, улар бирор бир хасталикка чалинса, нима бўлади? Бошқа болаларга юқтирмаслигига ёки улардан ўзига юқмаслигига ким кафолат беради? Бундай вазиятда шу йўлни тутиш адолатданми? Хуллас, савол кўп.
Навбатдаги манзилимиз Олмазор туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг сузиш ҳавзаси. Тўғриси, улар давлатга қарашли бўлгани учун аҳвол бошқаларига нисбатан яхшироқ, деган фикрда эдик. Лекин...
Бассейнга киришимиз ҳамон дим ҳаво димоғимизга урилди. Сув ҳавзасидаги сувнинг ҳолатидан санитария-гигиена шароитининг қандай аҳволда эканини билиб олиш қийин эмасди. Тахминимизча, бассейнлардаги сув яқин ўртада алмаштирилмаган. Душдаги ҳолат ҳам талаб даражасида эмас. Баъзи жўмраклардан сув тинимсиз оқиб, исроф бўлиб ётибди.
Ҳатто, болалар уст-бошини алмаштириб, ота-онасига бериб қўйишар экан. Сабаби, уларда кийим сақлайдиган шкаф йўқ. Дим хонада фарзандининг чўмилиб чиқишини кутиб ўтирган аёлларнинг айримлари билан суҳбатлашдик.
— Бу ерга ойда бир марта олтмиш беш минг сўм бераман, — дейди ўзини таништиришни истамаган аёл. — Шароити белгиланган қоидаларга тўла жавоб бермаса-да, боламни шу ерга олиб келишга мажбурман. Чунки бу яқин атрофда бошқа арзон сузиш ҳавзаси йўқ. Қолаверса, фарзандим энди биринчи синфни тамомлади. Ҳали сузишни билмайди. Шароити у қадар зўр бўлмаса-да, сузишни ўргатадиган мураббийлар бор. Шунисига ҳам шукр қиламиз.
Қаранг, давлат қарамоғидаги спорт мактабларидаги сузиш ҳавзаси шу аҳволда экан, бошқаларидан нимани ҳам кутиш мумкин? Ахир, бундай жойлар мамлакатимизнинг келажаги бўлмиш болалар — бўлғуси спортчилар чиқадиган маскан-ку! Наҳотки, мутасадди раҳбарлар бу ердаги аҳволдан бехабар бўлса? Фарзандларимиз саломатлиги ҳақида қайғурамиз. Бироқ бу каби сузиш ҳавзаларида болалар қай даражада соғлом ва баркамол бўлиб вояга етади?
Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, ёпиқ ва очиқ турдаги ҳамма сув ҳавзалари ҳам аҳолининг талаб-истакларига жавоб берадиган даражада эмас. Бу ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан. Бунинг устига, аксариятида аҳвол аянчли. Қолаверса, аксарият бассейнларда аҳолининг турли қатлами бирга чўмилиши гигиеник томондан нотўғри. Чунки бундай шароитда бирор бир хасталикка йўлиқиш табиий. Шунинг учун ҳам, бундай бассейнларда чўмилиб, бирор бир касалликка йўлиқишни истамаганлар тақиқланган жойларда — анҳор, дарё ёки кўл, фаввораларда чўмилишни афзал кўряпти.
Шу боис мақоламиз аввалида келтирилган чўкиш билан боғлиқ аянчли ҳолатларнинг олдини олиш учун, аввало, очиқ ва ёпиқ турдаги сув ҳавзаларининг моддий-техник базасини тубдан мустаҳкамлаш, янгилаш зарурати борлиги ойдинлашмоқда. Санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ жавоб берадиган сув ҳавзалари бутун республика бўйлаб, ҳар бир спорт иншоотларида ташкил этилса, бундай хавф-хатарларнинг олди олинади.
Қолаверса, улар хизматидан фойдаланишда аҳоли, хусусан, ёш авлод учун мақбул нархларни жорий этиш лозим. Чунки бассейнларда сузишдан асосий мақсад — ҳар бир авлодни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш баробарида, келажакда улардан шу спорт тури бўйича етук спортчини тарбиялашдир. Бу хусусда жиддий мулоҳаза юритиш фурсати етди. Айниқса, янги ташкил этилган Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси айни шу масалага алоҳида эътибор қаратиб, уни ҳал этса, ўйлаймизки, ҳам болалар, ҳам, ота-оналар бундан фақат мамнун бўлади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил