Уч кундан буён юрагимда симиллаган оғриқ бор. Ўзим ваҳимачи одамман. Дўстларимга айтсам, ваҳима қилаверма, ўтиб кетади, дейишди. Йўқ, мен сўзимда туриб олдим, уч оғайни шифокорга бордик. Қабулда одам етарли. Бир семиз аёлнинг навбати экан. Унга: «Хола, онамга ўхшаркансиз, юрагим ёмон оғрияпти, мени олдинроқ ўтказворинг», десам, «Ука, онангизнинг ҳам юраги қаттиқ оғрияпти», деб хафа бўлиб, бошини буриб олди.
Буни эшитган дўстим Ибод: «Опажон, хафа бўлманг, бунинг ўзи шунақа, учрашувга чиққанда ҳам қизларга шундай деб қовун туширганлардан», деб, «онам»нинг кўнглини юмшатган бўлди. Ниҳоят, навбатим келди. Ичкари кирсам, доктор бир «дугон»и билан «чақ-чақ»ни уряпти. Суҳбатга халақит бермай деб, юрагимни кўрсатгандим, шифокор «ЭКГ» қоғозини сўради. Йўқ, дегандим, «Тушиб келинг», деб буюрди. Пастки қаватда «ЭКГ» деб ёзилган хонага навбатда туриб кириб, киссани бироз шамоллатиб чиқсам, яна навбат, ортимдан бир хотин ҳай-ҳайлаб қолишига қарамай, «Э, бор-э!», деб ўзимни ичкари урдим. Бироқ кирганимга пушаймон бўлдим. Энди шифокор телефонда мириқаётган эди. Бир қўлида телефон, бир қўлида менинг «ЭКГ»им. Э, доктордан ҳам кўнглим қолди. Бу пайтда мени текширдими ё телефонда гаплашиб турдими, билиб бўлмайди. Кейин, менга раҳми келди, шекилли, биттагина дамлама ёзиб берди. Киссасига озгина пул солгандим, «олмайман» (кам) деб тихирлик қилди. Аммо мен ҳам анойилардан эмасман, олдирмасдан қўймадим.
Эшикдан чиқиб, шифокордан кўнглим совиб, бўлган воқеани жўраларимга гапириб берсам, бири ақлли фикр айтиб қолди.
— Э, жўра, сен нима деяпсан, ҳозирги дўхтирлар сувни тескари оқизади. Сенинг касалинг унга чўт эмас. Кўравериб кўзи қотган. Қара, биттагина шарбат билан ишингни ҳал қилиб берибди, — деб қолди.
Унинг бу гапидан кейин кўнглим сал таскин топиб, дорихонага бордим. Лекин бу доривор шарбатнинг нархини эшитиб, тепа сочим тикка бўлди. Нақ уч юз минг сўм-а! Дорихоначи бу ўзи кимга керак экан, деб сўраб ҳам ўтирмади. Ахир, унга нима, сотса бўлди-да. Ўртоқларим бор экан, ёлғизлатиб қўйишмади, топганингда қайтарарсан деб, икки юз мингини тўлаб юборишди.
Уйга бориб бир қошиққинасини ичиб, енгил бўлиб ухладим. Эрталаб турсам, ҳамма ёғим қичишяпти, юзларимга бир нималар тошиб кетибди. Буни кўриб яна ваҳимага тушиб қолдим. Ҳалиги доридан яна бир қошиққина «уриб», ишга боролмаслигимни айтиб, ўраниб ётдим. Пешин ичимдаги оғриққа чидай олмадим. Хотин «ака»миз «искори» чақирди. Келган доктор у-бу қилди-ю, машинасига босиб олиб кетди. Жонлантириш бўлимида мени саволларга кўмиб ташлашди: «Нима егандингиз, нима ичгандингиз?..» Дорининг номи эсимга келмади. Хайрият, хотинбой ақллилик қилиб, юракларининг мазаси бўлмай қолса, ичирамиз, деб олиб келган экан. Ўшани кўрсатди. Доктор унинг номини ўқиб, ҳайрон бўлди. Ким буюрганини сўради, сўнг ҳамшираларга қараб кулиб юборди-да, шарбатни ҳаммага кўрсатиб чиқди.
Энди ҳамма менинг олдимга келса, куладиган бўлиб қолди. Сабабини ҳеч тушунмадим. Кечқурун шифокор бир ҳомиладорга эрталаб жавоб бўлишини айтди. Қизиқ, эртасигаёқ менга ҳам жавоб беришди. Кетишимда ҳамма менга қараб: «Эсон-омон қутулиб олинг», дейди. Бунинг сабабини ҳеч тушунмадим. Фақат уйга қайта-туриб хотиним айтиб берди. Ҳалиги шифокор менга ёзиб берган дамлама ҳомиладорлар учун бўлиб, мен ичганимда аллергиям қўзғаган экан. Шунинг учун докторлар менга шундай ҳазил қилишаётган экан. Тўғриси, жаҳлим чиқди. Қуртдай санаб берган уч юз мингим кўзимга кўриниб кетди. Чатоғи шуки, бу гаплардан жўраларим ҳам хабар топишибди, ҳаммаси сўрига чиқиб олган, қорнини ушлаб: «Полапон қалай?» деб думалаб ётишибди...
Телефонда гаплашмай ҳар бало бўлгур дўхтирни кўрсам борми... Нима қилсам экан-а, роса дўппосласамми, йўқ, бўлмайди. Суд «рецепт» ёзиб бериши мумкин... Мен ҳам унга бирон бир «дамлама» ичиришим керак!..
Улуғбек КАРИМОВ,
Қизилтепа тумани
«ЭСОН-ОМОН ҚУТУЛИБ ОЛИНГ»