Оилани бунёд ёки барбод этадиган бир қадам
Эр-хотин қўш ҳўкиз, деб бежиз айтилмаган экан. Афсуски, бунинг сабабини жуда кеч англадим. Энди эса азобини тортяпман…
Тўнғич ўғлимга яхши ният билан келин олдим. Келин келгандан сўнг ҳамма ишлар жой-жойида бўларкан: овқат тайёр, ҳовли супурилган, хонадонда фақат илиқ муносабат ҳукм суради. Бу орада ўғлимнинг меҳнат таътили тугаб, Тошкентга кетадиган бўлди. Келиним ҳам олийгоҳ талабаси бўлгани учун бирга юбордим. Бироз муддат бирга яшашди. Келиним ўқишини тугатгач, ёнимга чақириб олдим. Ўғлим эса дам олиш кунлари келиб, биздан хабар олиб турарди. Келинимнинг эрига талпинаётганини ҳис қилиб турардим, аммо эътиборга олмасдим.
— Ўғлингиз шўрвани жуда яхши кўрадилар, — деди келиним овқат қилаётиб. Мен ҳам сир бой бермасдан, ҳечқиси йўқ, келса, ўзингиз қилиб берасиз, дедим хотиржамлик билан.
Бир неча ойдан сўнг набирали бўлдим. Набирамга ўзим қарайман, бироз менинг олдимда улғайсин, деган важ билан яна келинимни ёнимда олиб қолдим. Ўғлим ҳам бир оғиз сўз айтолмади. Онасига нима ҳам дерди. Аввалига ҳафтада бир келадиган фарзандим энди бир ойда зўрға икки марта келадиган бўлди. Ишлари жуда ҳам кўплигини, келишга вақт тополмаётганини айтди. Мен ҳам ўғлим Тошкентда ишлаяпти, дея индамадим. Келиним эса кундан-кунга сўлиб борарди.
Қайноналик характериданми, бунга бепарво эдим. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ янги келинни уйда олиб ўтириб нима қиласиз, юборинг эрининг олдига, ҳали ёш бўлса, рўзғорини эплаб олишар. Меҳр кўзда, бунинг устига, уйда иккинчи ўғлингиз бор-ку, дейишди. Аммо келиним кетса, ўғлим мендан буткул узоқлашиб кетади, деган хаёл билан бундай қилмадим.
Энди ўғлим нари-бери бир ойда келадиган бўлиб қолди. Келиним ҳам тақдирга тан бергандай, фарзанди учун яшаётгандек кўринарди кўзимга. Ўғлимнинг бу қадар ўзгариб қолганини кўриб ичим ғашланди. Суриштирдим. Узун-қулоқ гапларга қараганда, шаҳарда қандайдир аёлга илакишиб қолибди. Ош-овқати, кийим-кечаги — ҳамма-ҳаммасини ўша аёл қилиб бераётган экан. Бу гапни эшитиб ўтиролмадим…
— Келин, тайёрланинг, Тошкентга борамиз, — дедим йўл ҳозирлигини кўрганча.
У эса гапимдан довдираб, «Тинчликми, нега, ўғлингизга бирор нима бўлибдими?», деди хавотирланиб.
— Йўқ, шунчаки айланиб, келамиз, «Бекзодим дадасини кўриб келади», дедим ичимдагини ташимга чиқармай. — Кейин… кейин сизларни ҳам қолдириб келаман.
Унинг юзидаги қувончни англаш унчалик қийин эмас эди, аммо андиша сабаб билдирмасликка ҳаракат қилди.
...Уй йиғиштирилган, ҳаммаёқ озода. Бу ҳолатни кўриб шубҳам оловланди. Одатда, аёл киши бор уйда шундай бўлади.
— Ўғлим, мана, боланг билан келинимни олиб келдим. Энди бирга яшайсиз.
— Вой, сизлар қийналиб қоласизлар-ку, йўқ бўлмайди, олиб кетаверинг, соғинсам, ўзим бориб кўриб келавераман, — деди у ҳам нимадандир хавотирланиб.
— Гап тамом, булар энди шу ерда яшайди. Ўғлингга ўзинг қарайсан, соғинсак, бир қадам, келаверамиз.
Ўғлим болалигидан менинг айтганимдан чиқмасди. Бу гал ҳам ҳеч нима дея олмади. Кўнглим жойига тушгандек, уйга қайтдим. Қилган ишимдан, худбинлигимдан жуда афсусландим.
Келинимдан кунора ўғлим ҳақида сўраб турадиган бўлдим. У эса эри уйга кеч қайтишини, ишлари ҳам юришмаётганини, оиласидан кўнгли совиганини айтиб, дардимга дард қўшди. Бир қўнғироқ қилганда ўғлингиз ажрашаман деяпти, деб ҳўнграб йиғлаб юборди. Нима қилишимни билмай, каловланиб қолдим. Афсус, энди кеч бўлганди. Ўйламай босилган қадам бир кун келиб катта хатоларга олиб келишини билмаган эканман... Келинимдан қизғаниб, боламни қаердаги бир бегона аёлга қўшқўллаб топшириб қўйган эканман...
Муқаддас ҚЎЧҚОРОВА,
Чуст тумани
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔233
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил