Долзарб мавзу      Бош саҳифа

БОЙЎҒЛИ МАКОН ТУТГАН ХАРОБАЛАР

Кеча уларда юртдошларимиз яшаётган эди

Менда табиатан саёҳат қилишга мойиллик кучли. Шу сабабдан кўп вақтим йўл ва сафарларда ўтади. Яқинда олис Томди туманига йўлим тушди.

БОЙЎҒЛИ МАКОН ТУТГАН ХАРОБАЛАР

Томди туманининг Жабай Балиманов, Янгичорва, Керизбулоқ, Кергетов, Бирлик, Аякқудуқ сингари ҳудудларида аксарият овуллардаги ҳовлилар қаровсиз, ташландиқ бир аҳволда ётганига гувоҳ бўлдим. Четдан қараганда бу ерларда худди бирор қирғинбарот бўлгану қишлоқ харобага айланган, деган таассурот пайдо бўлади. Бунинг қатор сабаблари бор. Негаки, мазкур гўшаларда қадимдан яшаб келган аҳолининг кўп қисми  қўшни Қозоғистонга кўчиб кетган. Оқибатда овуллардаги айрим ҳовлилар том маънодаги чордеворларга айланган. Айримлари томи, уйини бузиб, ёғочу харилари, эшик ва деразаларини олиб кетган бўлса, бошқалари уй-жойини шундоққина ташлаб кўчиб кетаверган. Бу олибсотарлару фирибгарларга жуда қўл келганиям бор гап.

Қурилиш материаллари ер билан битта бўлиб сочилиб ётган бу бефайз гўшадан ўтган кишининг юраги ачийди. Ушбу ташландиқ харобазорни ғажир, бойўғли, сассиқпопишак, каламуш, сичқон ва юмронқозиқлар ўзига макон этган. Бу зараркунандаларнинг одамларга яқин ҳудудда яшаши хавфли аслида. Улар турли касалликларни келтириб чиқариши ва тарқатиши мумкин. Хуллас, на одам ва на итларнинг овози эшитиладиган макон. Яна бу ерларда итлар кемирган суяклар қалашиб ётибди. Демак, дайди итлар, ёввойи мушуклар ўлжасини судраб келиб, шу ерда ғажиган. Қолган-қутгани калхату ғажирларга насиб этган. Атрофда бир туп ҳам дарахт кўринмайди.

— Илгари қоракўлчиликка ихтисослашган бу ширкат хўжалигида майда шохли моллар сони йилдан-йилга кўпайиб борарди, — дейди узоқ йил бош чорвашунос бўлиб ишлаган Работ оға. — Аҳоли ҳам сидқидилдан ишларди. Кейин бирдан Қозоғистонга кўча-кўч бошланди. Ёшлар у ёқларда ишлаш тадоригига тушиб қолди. Тўғри, бугун ҳар ким эркин яшашга ҳақли. Бойўғли ошён этган чордевор ҳовлилар ёнидан ҳар куни ўтаман, кайфиятим тушади. Қани эди имкон бўлса, қарийб харобага айланган уйларни бузиб, қурилиш ашёларини саранжомлаб, тартибга солиб қўйсам, дейман. Шунда атроф-муҳит мувозанатига путур етмасмиди.

Тўғри, ўша ҳудудда ҳам маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритади. Лекин на маҳалла ва на ҳокимликнинг бу масала билан қизиққанини ҳеч ким эслолмайди. Ахир, илгари ҳовли бўлган ерларни тозалаб, овулга қўшиш шунчалар мушкулми? Бунинг учун, албатта, махсус техника зарур. Аммо бундай техника у ёқда анқонинг уруғи.

Доғистонлик таниқли адиб Расул Ҳамзатовнинг «Ўчоғида олови сўнган уйни қарғалар ҳам билади, хонадонга яқин қояга қўниб қағиллай бошлайди», деган машҳур сўзлари бор. Чиндан ҳам, ташландиқ жойни қушлар ҳам сезаркан. Қағиллаши эса «Эй, одамзод, ўзинг яшаган жойни, қадрдон гўшангни харобага айлантирма», дегандек эшитиларкан гўё.

Юқоридаги ачинарли ҳолатни қаламга олишдан мақсад, заминни тоза, озода сақламас эканмиз, табиатга, ён-веримизга етказаётган зиён-заҳматимиз ошгандан-ошиб бораверишини яна бир эслатиш эди. Буни келажак авлод кечирармикан?

Улуғбек ЖУМАЕВ,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Бизни маҳв этаётган  иллат

Бизни маҳв этаётган иллат

🕔13:22, 20.07.2026 ✔65

Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатимиз ҳаёти, миллатимиз келажаги билан боғлиқ оғриқли бир маълумотни эълон қилди: Ўзбекис­тонда катта ёшли аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эга.

Батафсил
Озиқ-овқат  исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

Озиқ-овқат исрофи ортидаги инсонийлик инқирози

🕔11:23, 30.06.2026 ✔301

Кундалик харидлар учун супремаркетга кириб тураман. У ердаги бир ҳолат, сифати ёмонлашган мевалар, сабзавотларнинг ходимлар томонидан чиқиндига ташланаётганига кўп марта гувоҳ бўлганман.

Батафсил
Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

🕔16:45, 04.06.2026 ✔581

Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар