Қўй сутининг даромади ва шифобахшлиги хусусида
Касбим тақозоси билан Оролбўйи ҳудудидаги барча овулларни, Устюрт саҳросини кезганман, Мўйноқ балиқчилари, Тахтакўпир чорвадорлари, Тўрткўл ва Беруний пахтакорлари, Чимбой шоликорлари тўғрисида репортажлар, лавҳа ва очерклар тайёрлаганман. Яқинда Қизилқум яйловларида бўлиб қайтдим. Таассуротлар эса бир олам. Поёнсиз саҳро бағрида қўйлар сурув-сурув бўлиб, ризқини териб ейди.
«...Қўй-қўзи яйловда семирар»
…Кун иссиқ. Қуёш беаёв қиздирмоқда. Ўтовдан сал наридаги қудуқдан насос ёрдамида чиқарилган сув новларга қуйиляпти. Қўй-қўзилар маъраганча, бир-бирини туртиб-суртиб чанқоғини қондирмоқда. Ундан сал нарида туялар саксовул баргларини чайнамоқда. Тошчўққи, Бойдавлат, Дўнгалак деб номланган ҳудудда элликқалъалик чўпон Жумамурод Усеновнинг отари жойлашган. Чўпон бу яйловда то кечки кузга қадар қолади, қўй боқишдан ташқари, оиласи билан тадбиркорлик ҳам қилади.
Чўпоннинг қўрасида 815 бош қўй-қўзиси, яна 15 бош туя, 15 йилқиси бор. Қўйларни кўпинча чўпоннинг ўзи, гоҳида чўлиғи, баъзида ўғиллари боқади. Жумамурод оға тонг ёришмай уйғонади, сўнг қуёш чор-атрофни қиздира бошлагунга қадар қўйларни яйловга ёйиб келади. Тонгги салқинда ўтлатишнинг қўй учун хосияти кўп. Негаки, жониворлар иссиқда ўтламай, бир жойга тўпланиб, тумшуғини ерга тираб қолади.
— «Бедов бойловда семирар, қўй-қўзи яйловда», деганларидек, бу жониворлар ўз оёғи билан юриб ризқ териб еса, роса роҳатланади-да, — дея гурунг беради чўпон оға. — Шу боис қўйларни доим очиқ ҳавода — яйловда ўтлатишга ҳаракат қиламиз. Бундан қўй семириб, маҳсулдорлиги ошади.
Манави қўй сутидан тайёрланган қатиқдан ичиб кўринг-чи? — дейди чўпон. Қўй қатиғидан ҳўплайман. Сифати, мазасига гап йўқ. Қизиқишим устун келиб, Жумамурод оғадан қўй сути, қатиғи ҳақида сўрадим.
— Болалигимдан дастурхонимиздан қўй сути аримайди, — дейди у. — Ҳозир ихтиёримда саккиз юз бошдан зиёд қўй-қўзи бор ва уларнинг аксарияти совлиқлар. Одатда, бир бош совлиқдан икки маҳал 800 граммдан 1 литргача сут соғиб олиш мумкин. Демак, бир мавсумда, яъни 70-80 кун давомида, ўртача 70 литргача сут олса бўлади. Ҳозир бозорда Доривор ва шифобахш ҳисобланган қўй сутининг литри 5 минг сўмдан сотилади. Бу биттагина қўй сутининг ўзидан йилига қўшимча 350-400 минг сўм соф даромад дегани.
Қулинг ўргилсин сариёғ
Маълумотларга кўра, шифобахш қўй сутининг ёғлилик даражаси сигирникидан 7-8 фоиз кўп. 12 литр қўй сутидан 1 килограмм сариёғ олиш мумкин экан. Шунингдек, сутнинг қайта ишланган қисмидан бринза ҳам тайёрласа бўлади. Бу маҳсулотларнинг асосий харидорлари — Аёзқалъа, Қирққизқалъа, Девқалъа, Тупроққалъани томоша қилгани келган хорижий сайёҳлар.
Чўпон оилавий тадбиркорликни ростманасига йўлга қўйиш ниятида. Қўй сути, қатиғи, сариёғи, бринзасини кенг миқёсда ишлаб чиқармоқчи. Туя сутидан қимрон (шибат), от сутидан қимиз, эчки сути, қатиғи ва қурутини тайёрлашни ҳам йўлга қўйиш ниятида.
Дармонсизликда энг яхши даво
— Ўтган ёз ўтовимизга бир ёши каттароқ йигит келди, — дейди чўпон. — Сал олдин сил касаллиги билан оғриган экан. Шифокорлар саъй-ҳаракати билан саломатлиги яхшиланибди. «Касалхонадан чиқаётганимда бир шифокор: «Агар тез-тез қўй сути ичиб турсангиз, дарддан бутунлай фориғ бўласиз», деб қолди. Дўхтирнинг шу гапи сабаб олдингизга келдим», деди. Меҳмонга битта ўтов ажратдим. У ҳар куни икки-уч маҳалдан қўй сути ичиб, тез орада отдек бўлиб кетди. Ҳозир ўша йигит билан оға-инидай бўлиб кетганмиз.
Қадим-қадимдан ота-боболаримиз дармонсизликка ва сил касаллигига чалинган беморларни тўл мавсуми бошланганда отар бошига келтириб, янги соғилган қўй сути билан парваришлашар экан. Натижада бемор тез тузалиб кетаркан.
Шаҳардан жуда олисда, поёни йўқ кенгликлар бағрида қўй боқаётган Жумамурод чўпоннинг билимдонлиги мени ҳайратга солди. Ўз қўли билан ясаган куви қизиқишимни баттар оширди. Уни синчиклаб томоша қилдим. Бир қарашда бошқа кувилардан фарқ қилмайди. Лекин айрим афзалликлари бор бўлиб, сариёғни тезда ажратаркан. Маҳсулотнинг сифати яхши, таъми мазали, кўриниши чиройли чиқаркан. Қўй сути, қатиғи, сариёғи, бринзасига талабнинг юқорилигига шу сабабдир эҳтимол.
Улуғбек АКТАМОВ
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔124
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил