Айтишларича, опа-сингиллар суҳбат қурганда вақт ҳам секин ўтар экан. Буни ҳар гал синаб кўраман. Йилда икки ёки уч марта опамлар билан йиғилганимизда тонгни бедор оттирамиз. Шунда ҳам гўё вақт бизни кўролмасдан ўз милларига қамчи ургандек, вақтнинг «сахийлиги» ҳақидаги гап ўз исботини топмагандек туюлаверади.
Бунча гап қаердан келади, айниқса, телефон деган узоқни яқин қилувчи, соғинган кўнгилларни бирлаштирувчи замонавий алоқа воситаси орқали ҳар куни суҳбатлашиш имкони бўлган бир замонда-я, дея ҳайрон қолаётгандирсиз. Инкор этмайман, кунда бўлмаса-да, кунора телефонда гаплашиб турамиз, лекин кўзлар кўзлардан меҳр олиб, дийдорлашиб суҳбат қуришга етмайди-да. Бу лаҳзаларни ҳеч бир лаззатли оннинг сурурига қиёс қилиб бўлмайди.
Эҳтимол, ҳали ота-она бағрида яшаётган опа-сингиллар бу гаштни туймаган бўлиши мумкин. Чунки, инсон зотининг каттаси-ю кичигига теккан бедаво «касаллик»ми бу, у ҳеч қачон олдидан оққан сувнинг қадрига етмайди. Ўша бир вақтлар сизу бизга қадри билинмаган ёнимиздаги инсонларни бир кун келиб истаган вақтимиз тополмай қоламиз, ана шундай кезларда кишига алам қилади, дардлашгани дўст тополмай қоласан.
— Опа-сингиллар бир-бирларингдан гина қилманглар. Кўнгилларингни доимо кенг қилинглар, чунки бу ҳаёт йўллари турфа хил. Ўзингча, улуғ йўлга қадам қўйдим, деб бехосдан тойиб кетганингда, ушлашга хас ҳам тополмай қолар экансан, — дея саксонни қоралаётган аммам ҳаётидаги армони ҳақида бот-бот кўзига ёш олиб гапиради. — Синглим мендан кечирим сўради. Унинг менга айтадиган гаплари кўп эди. Мен буни унинг кўзларидан билиб турсам ҳам ғурурим уни эшитишга йўл бермади.
Аммамнинг синглиси билан арзимаган бир гап устида тортишиб, гаплашмай юрган кезлари, тўсатдан кичик аммам вафот этиб қолгани ва у билан охирги маротаба суҳбатлашолмагани унинг юрагини ҳалигача куйдиради.
Қиз бола учун опасининг ўрнини ҳеч бир қиймат билан қиёслаб бўлмайди. У болаликда етакловчи, юксакликда эса суянгувчи тоғ. Дардини ҳам, бахтини ҳам опаси билан бўлишади. Унинг учун опасидан яхшироқ сирдош дўст йўқ. Аксарият қизлар онасидан баъзи бир масалаларда маслаҳат сўрашга хижолат бўлишади, ана шунда энг яхши маслаҳатгўй опа бўлади.
Орамиздаги масофа бугун анча узоқ, шунинг учун ҳам опаларимнинг дийдорини соғинаман. Уйга борганда эса бири келганда, бирининг оиласида у ёки бу сабаб бўлиб, келолмай опа-сингилларнинг аввалгидек йиғилишимиз жуда қийин. Шунда уларнинг болалигимда менга танбеҳ беришлари, бирга ўтказган бахтиёр онларимиз кўз олдимдан ўтади, қадрдонларим билан ўтказган ўша бахтиёр дамларга қайтгим келади.
Дўстлар ёки таниш-билишлар даврасида баъзан қизларнинг опа-сингилларидан шикоят қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламан. Бири қарашларининг турфа хиллигини сабаб қилиб кўрсатса, яна бошқаси унинг характеридаги хушламайдиган жиҳатларини айтади. Мен эса уларнинг гапини тинглаб туриб, болаликда опам билан бир уйда арзимаган нарсага талашиб-тортишишларимиз эсимга тушади, ўшанда мен ҳам улардан шикоят қилардим-да. Демак, бу қизларни ҳам бугун мен туяётган туйғулар кутиб тургани аниқ.
Жавҳар ТУРСУНОВА
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔233
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔437
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил