Шолғом ўлкамизда жуда қадимдан такрорий экин сифатида экилади. Экишдан олдин дастлаб, уруғи танлаб олинади. Уруғ юқори унувчан, касаллик юқмаган, бутун, бошқа ўсимликлар уруғларидан тоза бўлиши зарур. Кейин ер майдонини тайёрлашга киришса ҳам бўлади.
Ер дастлаб, олдинги экин қолдиқларидан тозаланади. 1 сотих ерга 200 килограмм чириган гўнг солинади. Тупроқ 20-25 сантиметр чуқурликда чириган гўнг ва минерал ўғитлар билан аралаштирилиб юмшатилади, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.
— Юртимизда шолғомнинг асосан, «Наманган маҳаллийси», «Самарқанд маҳаллийси», «Муяссар» навлари экилади, — дейди қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Рафиқжон ҲАКИМОВ. — Улар қизил ва сариқ кўринишда бўлади. Шолғом, асосан, ёзда экилади. Уруғи марказий минтақа ҳудудларида 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июль — 10 август, жанубий минтақаларда 20 август — 20 сентябрда сепилади. Шолғом уруғини сочма ҳамда қатор қилиб экиш мумкин. Ҳар икки усулда ҳам эгат ораси 70 сантиметрдан қилиб олинади. Уруғ қўлда сепилиб, ҳар сотих ерга 25-30 грамм тўғри келади ва 1,5 сантиметр чуқурликка экилади.
Парвариши
Шолғом униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 сантиметр кенгликда қолдирилади. Ўсув даврида ҳар икки-уч суғоришдан сўнг қатор оралари юмшатилади.
Ўғитлаш
Шолғом майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотих ерга 2 килограмм сульфат аммоний, 1,5 килограмм аммофос, ярим килограмм калий хлор солинади.
Касаллик ва зараркунандалар
Зараркунандалардан узунбурун, шира, барг бургалари, касаллиги ун-шудринг ва оқ чиришни айтиб ўтиш мумкин.
Зараркунандаларга қарши 10 сотих майдонга 25-30 грамм 20 фоизли «Моспилан» препаратлари қўлланилади.
Касалликларга қарши 150 миллилитр 72,2 фоизли «Превикур», 200-250 грамм «Курзат Р», 200-250 грамм 68 фоизли «Ридомил Голд» ёки шунча миқдорда 1 фоизли «Бордо» суюқлигини 60-70 литр сувга аралаштириб пуркалади. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш тавсия этилади.
Ҳосил
Экин совуққа чидамли бўлса-да, илдизмевани тупроқ музлаб қолмасидан олдин йиғиб олиш керак. Ўртача катталикдаги шолғомнинг сифати юқори бўлади. Бироқ илдизмеваларнинг диаметри 7-10 сантиметр бўлганда ҳам йиғиб олса бўлади.
Нурпўлат НУРҚУЛОВ
тайёрлади.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔124
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил