«Янги хонадон, ўзга инсонлар билан чиқишиб, келинлик шартини эплай олармиканман? Яна ҳам аниқроғи, қайнонамнинг кўнглини топа оламанми?..» Бу каби саволлар келинлик арафасида турган қизларни бироз чўчитиши табиий.
Янги ҳаёт остонасида турган қизлар ҳамманинг оила ҳақидаги фикрини билгиси, катталардан маслаҳат сўрагиси келади. Шундай вазиятда унга тўғри йўл кўрсатиш, бошқаларнинг йўл-йўриғи унинг ҳаётида катта ўзгариш ясаши мумкин.
Дугонам оила қурганига бу йил уч йил бўлди. Аввалига ҳаёти яхши, камчиликларсиз эди. Бир йил ўтар-ўтмас, қайнонаси ҳақида гап очиб қолди. У шундай гапирар эдики, қайнона қиёфаси хаёлимда энг зулмкор, жоҳил инсон сифатида гавдаланарди. Тинмай иш буюришию ўғлини қизғаниши, қизларига эътибор бериб, келинини назар-писанд қилмаслиги — ҳамма-ҳаммасини гапириб берди. Ўша йили менинг ҳам тўйимга яқин қолганди. Ўзи оилам қандай бўлар экан, деган қўрқувдан қутула олмай турганимда, дугонамнинг қайнонаси ҳақидаги гаплари менга ҳеч тинчлик бермай қўйди.
Кўп ўтмай, оилали бўлдим. Қайнонам қанча яхши бўлишига қарамай, дугонамнинг айтган гаплари сира ёдимдан чиқмасди. Салгина танбеҳ берса ҳам худди мени уришаётгандек, зулмкор инсондек туюлаверарди. Охир-оқибат қайнонамни унча хушламай қўйдим. Уйимдагиларга бу ҳақда айтганимда онамнинг жаҳли чиқиб, роса койиди. Инсон кимдандир меҳр кутса, аввало, унга ўзи меҳр кўрсатиши зарур, деб насиҳат қилди ва ҳамма айб ўзимда эканини тушунтирган бўлди...
Яқинда ўша дугонамни ота уйи атрофида учратиб қолдим. Салом-аликдан сўнг оиласини суриштирдим. Йиғи аралаш оиласи бузилиб кетганини, қайнонаси билан чиқиша олмай қийналганини, икки қуда ўртасида катта жанжал бўлганини айтиб қолди. Хаёлимда бундай воқеалар менинг ҳаётимда бўлаётгандек туюларди. Бу мен учун балки ибратдир, дея хаёлимни бир ерга жамлашга ҳаракат қилдим. Унинг аҳволини қўлидаги жажжи қизалоқни кўриб, бир пайтлар онамнинг менга берган маслаҳати тўғрилигига гувоҳ бўлдим. Худди узоқ уйқудан уйғонгандек эдим. Арзимаган нарсалар сабаб оиламни жар ёқасига олиб келишимга озгина қолганди. Балки бу йўлда онам берган маслаҳатлар бўлмаганда менинг ҳам аҳволим дугонамникидан қолишмасди. Тирик етимнинг уволига қолардим балки... Дугонамнинг ҳозирги ҳаёти учун ундан эмас, унинг шу кўйга тушишига сабабчи бўлган онасидан кўпроқ ранжидим.
Негадир ўша куни елкамдан тоғ ағдарилгандек эди. Қайнонамни борган сари тушуниб борар, у яхши кўрган таомларни пишириб берардим. Шундан сўнг турмуш ўртоғимнинг ҳам менга бўлган муносабати ўзгарди. Қандайдир самимий, орамизда илиқ туйғу — ҳурмат пайдо бўла бошлади. Бугунги ҳаётимдан, келинлик мактабидан ҳайдалиб кетмаганимдан, онамнинг насиҳатларидан жуда миннатдор бўлдим.
Ўйлаб қарасам, ҳаётда ҳамма ўз бахтини ўзи қураркан. Кимнингдир қайнонаси ёмон бўлса, бу ҳамма қайноналар ёмон, оиласида бахт бўлмаса, бу бошқалар ҳам бахтсиз, дегани эмас экан.
Бўлажак бекалар янги ҳаёт остонасида кўпроқ онасидан маслаҳат олиб, унинг айтганларини бажарса, бахт қасрига қўйилган биринчи қадам шу бўлса керак.
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔233
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔437
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил