Оилани ёки бунёд ёки барбод қилади
Бугунги кунда, айниқса, ёш оилаларда учраётган келишмовчиликлар, зиддиятларнинг сабаблари кўп, албатта. Аммо ёшларни оилавий турмушга тайёрлашда йўл қўйилаётган хатолар уларнинг энг каттаси эканини унутмайлик.
Ўғил болаларга «Сен келгусида оила бошлиғи, раҳбар бўласан, шунинг учун илм олгин, ҳунар ўргангин, ҳалол ризқ топиб, оилангни, бола-чақангни боқишга тайёрлангин», деб тарбия бера оляпмизми? «Сенинг бир оғиз сўзинг билан номаҳрам қиз сенга ҳалол бўлади. Лекин яна бир оғиз сўзинг туфайли жуфти ҳалолинг сенга бегона бўлиб қолади. Тилингга эҳтиёт бўл, ҳаёт синовларига сабрли бўл, етти ўлчаб бир кес, турмуш ўртоғингни бойлиги, насаби, ҳуснига эмас, диёнатига қараб танла», деб панд-насиҳат қиляпмизми?
Уйланадиган йигитлар — ўз фарзандимиз келин томондан келадиган мебель, идиш-товоқ, бош-оёқ сарполар учун хоналарини бўшатиб, қўл қовуштириб ўтиргани негадир бизни безовта қилмаяпти. Ҳатто ана шу молпарастлиги оқибатида сал нарсага жанжал кўтариб, ўдағайлаб, бировнинг боласини уриб, шартта жавобини бериб юборишига ҳам жим қараб турибмиз.
Қизларимизга «Сен келгусида уй бекаси бўласан, она бўласан, фарзанд тарбиялайсан, шунинг учун иффатли бўлгин, яхши ўқигин, рўзғор илмини ўргангин, хушмуомала, итоатли бўлгин, янги оилангга ўзингни бахшида этгин», деб тарбия бера оляпмизми? «Бир оғиз ширин сўзинг билан бузилай деб турган оила сақланиб қолади, бир оғиз ўйламай айтган гапинг билан қариндош-уруғнинг орасига совуқчилик тушади», деб огоҳлантиряпмизми?
Адолат билан ўзимизга савол бериб кўрайлик. Нима учун қизларимиз очиқ-сочиқ кийиняпти, бўлажак куёвнинг бойлиги, насл-насаби ёки лавозимини суриштириб, ахлоқи, дунёқараши, дину диёнатига лоқайд бўлишяпти, ота-онаси не заҳматда қилган сарпо-суруқни миннат қилиб, арзимаган сабаблар билан жанжал чиқариб, гап ташиб, ёш умрини хазон қилишяпти?
Демак, фарзанд тарбиясида, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида ҳали камчиликларимиз анчагина экан. Бу муаммоларни бартараф этишнинг энг самарали усули оила борасидаги илоҳий ҳикматларни ёшлигидан болаларимиз қулоғига қуйиб, қандай буюк зотларнинг авлоди эканини ўргатиш, уларга миллий ғурур, ҳаё, ибо, ғайрат-шижоат туйғуларини сингдиришдир.
Инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшган, буюк алломаларни дунёга келтирган ўзбек халқи бугунги кунда яна ўзлигини англаб, жаҳонга юз тутмоқда. Ота-боболаримизнинг асрий орзу-армони бўлмиш ҳуррият байроғи остида туғилган ёш авлодни Бухорий, Термизий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби буюк бобокалонларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир. Бу оғир вазифани шараф билан адо этиш учун оилаларимиз мустаҳкам, фарзандларимиз соғлом ва баркамол бўлиши лозим. Оилани мустаҳкамлаш учун эса юқорида айтиб ўтилган кўрсатмаларга оғишмай амал қилишимиз зарур.
Имон-эътиқодли, салоҳиятли фарзандлар етишиб чиқиши учун оиланинг низоми, пойдевори мустаҳкам бўлиши керак. Ота-онанинг ўзи тарбияли, сабр-матонатли бўлиши, турмушнинг баланд-пастини, ҳаётнинг аччиқ-чучугини биргаликда тотиши зарур. Ана шундагина жамиятимиздаги ҳар бир оила чинакам бахт саройига, роҳат-фароғат, ҳузур-ҳаловат масканига айланади.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔233
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔437
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил