«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсил«Йўлдан адашган болани дарров душманга чиқармасдан, уни ўзимизнинг фарзандимиз, деб билишимиз керак. Унга бутун қалбимиз, юрагимиз билан ачинаётганимизни шу бола билсин. Зора, шунда уларнинг ҳам қалб кўзи очилса, тўғри йўлга қадам қўйса…
Бир боланинг йўлдан адашиши — бу нафақат бир оила, балки бутун жамият бошига тушган кулфат. Бундан аввало шу боланинг ота-онаси, ака-укалари, яқинлари жабр кўради. Бундай пайтда уларга ёрдам бериш керак. Биз эса, афсуски, улардан ўзимизни олиб қочамиз. Тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз, у фалончининг акаси ёки ўғли, деб уларнинг нафратини баттар авж олдирамиз, айбсиз одамларни ашаддий душман қиламиз.
Натижада нима бўлади? Кулфат камайиш ўрнига кўпаяди. Бошқа оилалар ҳаётига ҳам кириб боради...»
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги видеоселектор йиғилишидаги нутқидан
Зокир ака қирққа яқинлашса-да, бирор касбнинг бошини тутмади. Эртаю-кеч ўзига ўхшаган бекорчилар билан ҳали хўроз, ҳали ит уриштириб, вақтини беҳуда ўтказиб юрди. Шундай кезларда ота-онаси дакки берса, уларни жеркиб ташлади. Бечора ота-онанинг ўғлига инсоф тилашдан ўзга чораси қолмади.
Орадан кунлар ўтиб, нима бўлди-ю, Зокир аканинг тўсатдан ақли кирди. Энди у ҳамма қусурлардан воз кечиб, тонгдан тунгга қадар кунини масжидда ўтказадиган одат чиқарди. Ҳатто, ўзи яхши кўрган хўроз ва итларнинг ҳам баҳридан ўтди. Бундан ота-онаси беҳад қувонди. Хурсандчилиги ичига сиғмасди. Аммо...
Кўп ўтмай, Зокир ака онаси ва аёлини ҳижоб ўрашга мажбур қилди. Бора-бора, аҳвол шу даражага бориб етдики, уйда телевизор ҳам кўрилмайдиган бўлди. Маҳалла-кўй бу хонадондаги кескин ва шубҳали ўзгаришларга жим қараб тура олмади. Тегишли органлар хабар топиб, Зокир аканинг юриш-туришини обдан кузатди ва ўрганди. Уй-жойи тинтув қилинганда эса хонадонидан давлатимиз сиёсати, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган бир қанча китоблар топилди. Оқибатда, бу инсон муайян йилга озодликдан маҳрум этилди. Шўрлик ота-она ғафлатда қолиб, дўст-душман олдида юзи шувут бўлди, маҳалладаги обрўсига путур етди. Ҳамма бу оиладан ўзини олиб қоча бошлади.
Бу орада мактабни тамомлаётган ўғли Зоирнинг ҳам ҳаёти тубдан ўзгариб кетди. Ўсмирлик ёшида эмасми, қони қайнаб, арзимаган гапга ҳам ёқалашадиган, чекадиган одат чиқарди. Худди отаси сингари бекорчилик, такасалтанглик ботқоғига ботаётган эди. Бир сўз билан айтганда, отасининг ортидан фарзандининг ҳам ҳаёти издан чиқаётган эди. Мана шундай пайтда қўшни уста Рустам ака жонига оро кирди. У киши агар бола шу ҳолда кетса, оқибати аянчли бўлишини англаб, бебош Зоирни ўз ёнига шогирдликка олди. Орадан йиллар ўтиб, ўша безори бола қўли гул устага айланди. Бугун у бутун маҳалланинг корига яраяпти…
Афсуски, орамизда кўпчилик Рустам аканинг йўлини тутмайди. Яқин жигарининг қилган гуноҳи учун ўша киши ёки оила билан алоқани узади, борди-келди қилмайди. Бу бепарволик эса, навбатдаги кўнгилсизликни келтириб чиқариши турган гап. Чунки олманинг тагига олма тушади, деганидек, отаси ким бўлса, фарзанди ҳам шу, деган бирёқлама қараш билан бегуноҳ фарзандларни ҳам ёмонотлиққа чиқаради.
Демак, сизу биз Рустам уста каби фикрлаб, айбдор кимсаларнинг яқинлари, қариндош-уруғи билан яхши муносабатда бўлсак, улар бу даражада яккаланиб қолмайди. Ахир, бепарволик энг катта хавф, деб бежиз айтилмаган.
— Маҳалламиздаги бир оиланинг бошига ҳам шундай мусибат тушди, — дейди Зулхумор ФОЗИЛОВА. — Деҳқончилик қилиб юрадиган Собир ака бузғунчи бир оқимга қўшилди-ю, тубдан ўзгарди. Аёли ва қизларини маҳаллага қўшмай қўйди. Қизларини мактабга ҳижобда боришга мажбур қилди. Охир-оқибат динда илми етишмай, аниқроғи, муқаддас динимизни нотўғри талқин қилгани учун темир панжара ортига маҳкум этилди.
Зулхумор опанинг айтишича, унинг аёли ва қизлари жуда фаҳм-фаросатли экан. Катта қизининг бўйи етиб қолган. Лекин у минг тарбияли бўлишига қарамай, нобакор отасининг касрига қолиб кетди: ҳеч ким унга совчи қўймади. Яхшиямки, отаси ўз айбини тушуниб, гуноҳларига тавба қилди. Яқинда бу инсон оқланди. Ўтмишдаги барча хатоларини давлатимиз кечирди. Собир ака буни эшитиб, ўзида йўқ хурсанд бўлди, кўзига ёш келди. Энди унинг қизларига ҳам совчилар келади…
— Шу йилнинг 15 июнида Тошкент шаҳрида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалага алоҳида тўхталиб ўтди, — дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори ТУРСУНОВ. — Тан олиш керак, илгари ўтмишдаги хатоси учун қора рўйхатга тушган бу тоифадаги фуқароларимиз маҳалладан, жамиятдан ажралиб қолган эди. Уларни биров яқинига йўлатмасди. Бугун вазият ўзгарди. Шахсан давлатимиз раҳбари бу хайрли ишда бизга бош-қош бўлди. Турли диний оқимларга қўшилиб кетаётган, адашган одамларни тўғри йўлга қайтариш борасида биз имом-хатибларни уларга тўғри йўл кўрсатишга, ҳаётга қайтаришга ундади.
Ана шундай хайрли ташаббус йўлида имом-хатиблар маҳалла оқсоқоллари, маслаҳатчилари, участка нозирлари, отинойилар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги диний экстремистик оқимга аъзо сифатида ҳисобда турувчи шахслар билан профилактик суҳбатлар олиб борилди. Суҳбатларда уларга ёт оқимларнинг сохта даъволари ислом дини таълимотларига зид экани асослаб берилди. Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмуни тушунтирилди.
Бундай инсонпарварлик, олижаноблик натижасида Тошкент шаҳри бўйича 2 минг 273 та, республика миқёсида 16 мингдан зиёд шахсни қора рўйхатдан чиқариш мумкин экани тўғрисида хулоса берилди. Бугун улар ҳақиқий маънода озод, ўтмишдаги гуноҳлари кечирилди.
— Мен бу кунларни йиллаб кутдим, — дейди ана шундай адашган кимсалардан бири. — Ўтмишда йўл қўйган нотўғри қадамим нақадар катта надоматларни олиб келди. Қўни-қўшни, маҳалла-кўй олдида қилмишимдан бош кўтара олмай қолган эдим. Яқинларим, зиёлилар қилаётган ишим, фикрларим тамомила динимизга, жамиятимизга кулфат эканини теран тушунтиришди. Шундан кейингина хатоларимни англаб етдим.
Тўғрисини айтсам, маърифатни, исломнинг ҳақиқий моҳиятини ота-онамнинг ўгитларидан, китоблардан, юртимизда нашр этилаётган диний-маърифий адабиётлардан топдим. Бузғунчи оқимлар даъват этаётган пуч ғоялар эса мутлақо исломга зид, мамлакатимиз ҳаётини издан чиқармоқчи бўлган ёвуз кучлар таълимоти экан. Шукрки, давлатимиз мен каби адашганларни афв этди. Яна одамлар орасига қўшди. Буни эшитиб, кўзимга ёш келди.
Энди жамиятнинг фаол аъзосига айланиб, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун ўз ҳиссамни қўша оламан. Президентимиз бунинг учун бизга имкон берди ва катта ишонч билдирмоқда. Ана шу ишончни, эътиборни юксак масъулият деб билиб, уни оқлашга ваъда бераман.
Ислом дини азал-азалдан барчамизни эзгуликка, тотув ҳаёт кечиришга, ҳатто, бирон жонзотга ҳам озор бермасликка чорлаган. Эътиқоди бузуқ баъзи тоифадаги кишилар эса динимизнинг инсонийликка йўғрилган қарашларига рахна солиб, кўпларнинг имонига зиён етказяпти. Диний атамаларни атайлаб нотўғри талқин қилиш ва одамларни куфрда айблаш орқали уларнинг молу жонига тажовуз уюштириб, обод юртларни харобага айлантирмоқда.
— Ислом ўзаро муҳаббат, биродарлик каби юксак фазилатларга чорловчи пок йўл, — дейди Анвар қори Турсунов. — Кундалик ҳаётда, оилавий муносабатларда ҳам бўлинишга йўл қўймайди. Турли оқимларга кўр-кўрона қўшилиб қолаётган ёшларда эса, биринчи навбатда, диний билим етишмаяпи. Уларга муқаддас китобимиз — Қуръони карим нотўғри талқин қилинган. Ҳолбуки, ислом дини покликни, тинчликни тарғиб ва мадҳ этади. Шу боис Президентимиз Тошкентдаги Ҳазрати Имом (Хастимом) мажмуасида Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ғоясини илгари сурди.
Марказда академия, кутубхона, архив ва қўлёзмалар фонди ташкил этилиб, уларни бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирлар ва уламолар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир мамлакатда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори-атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий-тадқиқот ишлари, видео ва фото ҳужжатлар билан бойитиш, 300 ўринли конференция зали барпо этиш кўзда тутилган.
Ҳа, умр инсонга бир марта берилади. Уни тўғри ва ҳалол ишларга сафарбар этиб, эл-юрт равнақи йўлида хизмат қилишга бағишлаш лозим. Зеро, инсон шундагина ҳақиқий камолга эришиб, яхшини ёмондан, ҳалолни ҳаромдан, оқни қорадан, динни динсизликдан ажрата олади.
...Соат кечки саккизлар атрофида уйимизга кимдир чақириб келди. Эринибгина чиқсам, Зоиржон экан.
— Кел, Зоиржон, тинчликми? — дедим.
— Ҳа, тинчлик, ака. Дадам куни-кеча кечирилиб озодликка чиқди, шунга кичкина йиғин қиляпмиз. Чиқинглар…
Демак, бу оиланинг ҳам ҳаёти аввалгидек изга тушмоқда.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил