Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ИККИ ЙИЛДА ИККИ КАСБ ЭГАСИ

ёхуд мактаб битирувчиси меҳнат фаолиятига ҳақли...ми?

Жорий ўқув йилидан бошлаб 300 мингдан ортиқ 9-синф битирувчилари 10-синфда узлуксиз таълим олишни давом эттирмоқда. Таълим соҳасидаги бу ўзгариш сабаб ота-оналарни қийнаётган кўплаб саволларга Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Улуғбек ИНОЯТОВ жавоб берди.

ИККИ ЙИЛДА ИККИ КАСБ ЭГАСИ

— Аввало, ўзимиз ва жаҳондаги энг илғор тажрибалар таҳлил қилинди, — дейди У.Иноятов. — Қўшни давлатларнинг тизимда эришган ютуқлари чуқур ўрганилиб, янги ўқув режалари тасдиқланди. Унга кўра, 12 та асосий фан билан бир қаторда, ҳафтада бир кун ўқув-ишлаб чиқариш, яъни касб-ҳунар ўрганиш соатлари ташкил этилди. Бундан буён 10-11-синф ўқувчилари ҳар йилда биттадан, икки йилда иккита касб эгаси бўлиши мумкин. Мураккаб касб бўлса, икки йилда битта ҳунарни пухта эгаллайди. Ўқув режасида битта касбни эгаллаш учун камида 204 соат вақт белгиланган. Ўтган ҳафтадан бошлаб жадвал бўйича ўқув ишлаб чиқариш амалиёти бошланди.

Ўқувчилар ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидан келиб чиқиб, эҳтиёж мавжуд бўлган соҳаларга йўналтирилади. Умуман, касбга йўналтириш ишлари тубдан ўзгаради. Бунга эса, синфларни ихтисослаштириш орқали эришамиз. Янги ўқув йилида мингдан ортиқ мактабларда ихтисослашган синфлар очилди. Бу усул ўқувчиларнинг бирор касб эгаллашда аниқ йўналиш танлаб олишига ёрдам беради. 10-синфга ўтганда эса, ўзининг қатъий мақсадига эга бўлади. Шу орқали улар касб-ҳунарга сифатли тайёрлаб борилади.

Ўқув-ишлаб чиқариш амалиёти қандай шаклда ва шароитда ташкил этилади?

— Касбга ўргатиш ўқув-ишлаб чиқариш базалари мавжуд ўрта махсус касб-ҳунар таълими тизимидаги устахоналарда давом этмоқда. Чекка ҳудудлардаги 600 га яқин мактабда эса, ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси шу ернинг ўзида ташкил этилмоқда. Олдимиздаги муҳим масала бу — мажмуаларни жиҳозлаш ва ўқувчилар танлаган касбини амалиётда ҳам пухта ўрганишига эришиш. Ушбу йўналишдаги ишларни жонлантириш учун қирқдан ортиқ касблар бўйича дастурлар тасдиқланди. Улар асосида ўн саккизта йўналишда устахоналарни жиҳозлаш дастури ишлаб чиқилди. Бу ишлар 2018 — 2020 йилларда тўлиқ якун топиши режалаштирилган.

Таълим сифатини таъминлаш энг муҳим вазифа, албатта. Бунинг учун эса, ўқитувчиларнинг билими ва тажрибаси ҳам юқори бўлиши талаб этилмайдими?

— Ҳа, тўғри. Биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг ўз устида узлуксиз ишлаб, малакасини ошириши, ахборот-коммуникация технологияларини ўзлаштириши учун ҳар ҳафта метод кунлари мунтазам давом этадиган малака ошириш курслари ташкил этилди. Бундан ташқари, республикамиздаги барча малака ошириш институтларининг моддий-техник базаси янгиланди. Уларда ўқитувчиларнинг 140 дан ортиқ тоифалар асосида ҳар беш йилда бир марта малака ошириши жорий этилди. Малака ошириш институтларининг юздан ортиқ ўқитувчилари ривожланган давлатларнинг олий ўқув юртларида ўқиб келишди.       

— Юқори синфларнинг турли фан ўқитувчилари билан етарлича таъминланганлик даражаси қандай? Муаммоларга қай тарзда ечим топиш кўзда тутилган?

— Бу борада ҳисоб-китоб ишлари олиб борилган. Ялпи ҳолатда ўқитувчилар билан таъминланганлик ҳолати юқори. Чунки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги ўқитувчиларнинг босқичма-босқич мактабга ўтиш интеграцияси бошланди. Лекин айрим туманлар ва ҳудудларда ходимлар етишмаслиги бор, буни инкор этмаймиз. Муаммони мақсадли қабуллар орқали бартараф этиш кўзда тутилган. Шу йил Тошкент вилоятидаги жуда катта етишмовчиликни бартараф этиш учун Чирчиқ давлат педагогика институти ташкил этилди. Сурхондарёда ҳам бу борада жуда катта камчилик мавжуд. У ерда университет базасидан иккита институтнинг филиали чиқиб кетиши муносабати билан бўшаган ўринларга педагогика йўналишида талабаларни қабул қилиш квотаси оширилди. Махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилиб, ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Навоийнинг Томди, Конимех, Учқудуқ, Фарғонанинг Сўх тумани ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Тахтакўпир туманларини педагоглар билан таъминлашга алоҳида ­эътибор қаратилмоқда. Келажакда олий маълумотли ўқитувчининг кадрлар етишмайдиган ҳудудда ишлаши ва уларни ижтимоий таъминлаш чоралари кўрилади.

— 11-синф битирувчисига олий таълимда ўқишни давом эттириши ёки ўз касби бўйича фаолият юритиши учун қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

— Ўқувчи мактабни битираётганда 11-синфни тугатганлик тўғрисидаги шаҳодатнома билан бирга, эгаллаган касби тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатни олади. Ўқувчиларнинг бирор касб эгаси эканини тасдиқловчи давлат намунасидаги ҳужжат ҳамкор ташкилотлар билан келишилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади. Бу ҳужжат уларнинг меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини беради. 

— Ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиши масаласи қандай ечим топмоқда?

— 10-синфга тайёргарлик кўриш жараёни жуда қисқа вақт ичида амалга оширилди. Дарсликлар билан таъминлаш учун жуда қаттиқ меҳнат қилинди. Олдимизда 12 та фандан 18 номдаги дарслик яратиш вазифаси турарди. Улар аввалги муаллифлар билан ҳамкорликда, янги талабларни инобатга олиб, давлат таълим стандартларига жавоб берадиган дастурлар асосидан янгидан ишлаб чиқилди. Биринчи навбатда, етти тилдаги тил ва адабиёт дарсликлари тўлиқ чоп этилди. 10-синфнинг 50 фоиздан ортиқ дарсликлари жойларга етказиб берилди. Қолган 50 фоизини октябрь ойининг биринчи ярмида етказиб беришни мақсад қилиб қўйганмиз. Ҳозирги кунда рус, қорақалпоқ, тожик, қирғиз, туркман, қозоқ, умуман барча тилдаги таржималар тугатилди. Дарсликлар электрон тарзда жойларга етказиб берилмоқда. Ҳатто, вазирликнинг сайтига ҳам жойлаштирилган.

— Айрим мактабларда 10-синф ўқувчилари туфайли хона етишмаяпти экан. Бу муаммога қачон ечим топилади?

— Аҳоли зич жойлашган ҳудудларда мактабда навбат билан ўқиш ҳолатлари мавжуд. Бу муаммога ҳам аста-секинлик билан ечим топилади. Келгуси ўқув йилидан бошлаб бўшаб қолган коллеж биноларидан фойдаланишни йўлга қўямиз. Зарурат бўлганда, янги бинолар қуриш назарда тутилган.

— Таълим соҳасидаги бу янгилик бошқарув тизимида қандай ўзгаришларга сабаб бўлди?

— Биринчи навбатда вазирликда ўқувчи-ёшлар билан ишлаш ва ўқув-ишлаб чиқариш бошқармалари ташкил этилди. Молиялаштириш тизимига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Аввал мактаб директорлари алоҳида ўз бухгалтериясини юритган бўлса, энди туманларда марказлашган  бухгалтерия ташкил этилди. Ҳудудий бўлимлар туман халқ таълими бўлими деб юритиладиган бўлди. Бу ишларнинг барчаси узлуксиз таълимнинг сифат самарадорлигини ошириш мақсадида қилиняпти.

«Оила даврасида» мухбири

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар