«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсил«Фарзандим ашула айтишга қизиқади, ширали овози бор. Бироқ мусиқа ва санъат мактаби уйимиздан анча олисда. Шу боис уни ўша мактабга юбора олмадик. Туманимизда эса мусиқа ва санъатга ихтисослашган бошқа мактаб йўқ. Бу биргина мени эмас, кўпчилик ота-онани қийнамоқда. Биз ҳам фарзандимиз ўзи хоҳлаган машғулот билан шуғулланиб, келажакда улкан ютуқларга эришишини истаймиз...»
Дарҳақиқат, бугун фарзандидаги иқтидорни қўллаб-қувватлаш имконини топа олмаётган мана шундай ота-оналар эътирози ўринли. Улар ҳам фарзандининг қизиқишидан келиб чиқиб, уни турли ўқув масканига беришни истайди. Лекин кўриб турганингиздек, айрим ҳудудларда бола иқтидорини тўла-тўкис намоён этишига етарли шарт-шароит йўқ. Буни таҳририятимизга Тошкент вилояти Бекобод туманидан қўнғироқ қилган муштарий Гулноза Зиёмиддинованинг юқорида билдирган фикр-мулоҳазаларидан ҳам билиш қийин эмас.
Хўш, нега шундай? Шу масалани ўрганишга ҳаракат қилдик. Мазкур жараёнда бу борада қатор муаммолар борлиги ойдинлашди…
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг сайтида келтирилган маълумотларга қараганда, Тошкент вилоятида 32 та мусиқа ва санъат мактаби бор. Ушбу илм масканларининг туманлар кесимида жойлашувига эътибор қаратдик: Пискент, Паркент ва Бекобод туманларида атиги биттадан мусиқа ва санъат мактаби фаолият юритар экан. Уларнинг бир-иккитаси билан боғланиб, мавжуд аҳвол, шарт-шароити билан қизиқдик.
— Илм масканимиз 2011 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган, — дейди Бекобод тумани мусиқа ва санъат мактаби директори Яҳёбек Мадаминов. — Мактаб 150 ўринга мўлжалланган, бироқ айни пайтда таҳсил олаётган ўқувчилар сони 250 нафардан зиёд. Бунинг сабаби туманимизда бошқа мусиқа мактаби йўқ. Айтишим керакки, қишлоқ болалари орасида иқтидорли, мусиқага қизиқувчи ёшлар кўп. Фарзандидаги ана шу қобилият ва қизиқишни ривожлантиришни ният қилган ота-оналар ҳар йили боласини бу даргоҳга олиб келишни истайди. Лекин масофа узоқлиги туфайли ҳамманинг ҳам бунга имкони йўқ.
Айни пайтда ушбу мусиқа ва санъат мактабида санъатнинг саккиз йўналиши бўйича сабоқ берилади. Болалар эришаётган ютуқлар кишини қанчалик қувонтирса, мавжуд муаммолар шунчалик дилни хира қилади. Мактабнинг моддий-техник базаси тўлиқ эмас: айрим ускуналар етишмайди. Хусусан, овоз кучайтиргич, баъзи чолғу асбоблари йўқ. Ҳолбуки, уларга эҳтиёж катта. Энг муҳими, кадрлар масаласида танқислик сезиларли даражада. Болаларга сабоқ бераётган 45 ўқитувчи-мураббийнинг атиги 6 нафари олий маълумотга эга…
Паркент туманидаги ҳолат ҳам шунга яқин. Бу ердаги мусиқа ва санъат мактаби мутасаддилари берган маълумотга кўра, иш икки сменада ташкил қилинган. Ўқувчилар сони ниҳоятда кўп: 150 ўринга мўлжалланган мактабда 400га яқин бола санъат сирларини ўзлаштирмоқда. Дарслар 13 та йўналишда олиб борилади. Мактабга айрим мусиқа асбоблари етишмаслиги сабабли, ускуналарни мактаб маъмурияти ўз ҳисобидан харид қилишга мажбур бўлган.
Кадрлар масаласи эса бошқа туманларга нисбатан бироз яхши. Жами педагогларнинг 50 фоизи олий маълумотли.
Кўриб турганингиздек, юқоридаги иккала мусиқа ва санъат мактабида бир хил муаммо. Бунга мутасадди нима дейди?
— Республикамизда фаолият юритадиган 305 та мусиқа ва санъат мактаби мактаб ёшидаги болаларнинг 1,5 фоизини қамраб олган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг таълим муассасалари ва тармоқларини таъминлаш бошқармаси бош мутахассиси Собир Мадиев. — Ўтган вақт давомида кўп мактаб қурилди, реконструкция қилинди, шу билан бирга, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Бироқ улар орасида 11 та мактабнинг моддий-техник базаси чалалигича қолиб кетди. Бугун бу борада янги дастур ишлаб чиқилган. Шу асосда 2020 йилга қадар мусиқа ва санъат мактаблари сони яна 60 тага кўпаяди. Бу амалга ошса, республика бўйича 2 фоиз болани шу соҳага қамраб олишга эришилади.
Собир Мадиевнинг айтишича, малакали кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Чунки айни пайтда мусиқа ва санъатдан дарс берувчи устозларнинг 68 фоизи ўрта махсус, 32 фоизи олий маълумотли диплом соҳиби. Энди уларнинг олий маълумотли, янада билимли бўлиши учун олий ўқув юртлари қошида сиртқи бўлим ташкил этилгани муҳим қадам бўлди. Шунингдек, келгуси йилда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказини ташкил этиш кўзда тутилган.
Албатта, мусиқа ва санъат мактабига ўқиш учун келган болаларнинг барчаси ҳам санъат, мусиқада қобилиятга эга бўлмаслиги мумкин. Хўш, бундай мактабларга қабул қилиниш учун қандай талаблар қўйилган?
— Мактаб 5-7 йиллик бўлиб, қабул ҳар йили август ойида ўтади, — дейди Паркент туманидаги 29-сонли мусиқа ва санъат мактаби директори Иброҳим Махсудов. — Бунда беш кишидан иборат қабул комиссияси тузилади. Комиссия аъзолари болаларнинг иқтидори, жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб, санъатнинг қайси йўналишига мос келиши, қандай чолғу асбобини чала олишини аниқлайди. Шу аснода болалар гуруҳларга ажратилади.
Масалан, дутор, пианино каби мусиқа асбобларини чалиш учун боланинг бармоқлари узунроқ бўлгани маъқул. Бироқ скрипка чалишни истайдиганлар учун бу аҳамиятсиз. Бундан ташқари, пуфлаб чалинадиган асбоблар йўналишини танлаган болада ички касалликлар бўлмаслиги керак. У, энг аввало, ҳар томонлама соғлом бўлиши талаб этилади.
Президентимиз шу йил 3 августда ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувида санъат мактаблари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди: «…Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги вақтда маданият ва санъат муассасаларида меҳнат қилаётган кадрларнинг 50 фоиздан зиёди олий маълумотга эга эмас. Бунинг асосий сабаби, институтларни битириб, жойларга ишга бораётган кадрларга зарур шароит яратиб берилмаган… Шунинг учун ҳам аввало Маданият ва санъат йўналишларида олий ўқув юртлари, лицей ва коллежлар, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.
Мана, юртимизда қанча болалар мусиқа ва санъат мактаблари бор, айни вақтда миллий адабиётимиз ва санъатимизнинг атоқли намояндалари номида янги ижодий марказлар ташкил қиляпмиз. Хўш, уларда кимлар меҳнат қиляпти? Ёшларимизга ижод сирларини кимлар қай даражада ўргатяпти? Таниқли санъаткорларимиз, ёзувчи ва шоирларимизнинг бу мактаблар билан алоқаси қандай?»…
Ҳа, кўтарилган бу масалалар бугунги мусиқа ва санъат мактабларидаги аҳволни яққол кўрсатиб турибди. Шу боис давлатимиз раҳбари бунга атрофлича, чуқур кириб борди: учрашувда Президентимиз юртимиздаги ҳар бир мусиқа ва санъат мактабига, ижодий марказларга таниқли адабиёт, санъат ва маданият намояндаларини бадиий раҳбар ёки директор сифатида тайинлаш, улар учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш таклифини билдирди.
Президентимизнинг 2017 йил 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурда бир қанча асосий йўналишлар белгилаб олинган. Маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасаларининг малакали кадрлар ва мутахассисларга бўлган талаб-эҳтиёжларини ўрганиш, бу борада кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш, замонавий илғор тажрибалардан фойдаланиш, дунёнинг машҳур мусиқачилари, бастакорлари иштирокида ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этиш, бундай таълим муассасаларини ўқув дастурлари ва ноталар, ўқув қўлланма ва дарсликлар, илмий-методик адабиётлар билан таъминлаш каби бир қатор вазифалар кўзда тутилган.
Бу хайрли чора-тадбирлар, шак-шубҳасиз, бугунги мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Пировардида Ўзбекистон номини дунёга тараннум этувчи янги-янги иқтидорларни кашф қилади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил