Қизалоғининг йиғисидан Салима чўчиб уйғонди. Дарҳол чақалоққа кўкрак тутди. Лекин бола йиғидан тўхтамади. Унинг хархашасидан хавотирга тушган она дарров бешикнинг қўлбоғини бўшатди. Шунда кичкинтой тинчиди. Керишиб, қўлларини ўйната бошлади.
Чақалоқнинг ширин қилиқларидан меҳри товланиб кетган Салима оҳиста уни бешикдан бўшатди. Терлаб кетган кийимчасини авайлаб алмаштирди. Қараса, оқ матодан тикилган тўшама, ёстиқ ва қалин кўрпача ҳам нам бўлибди. Салима боласининг инжиқлигини шунга йўйди. Нам кўрпачани дераза дорга илди.
Бешик анжомлари қуёш нурида янада товланиб, силкиниб турарди...
— Мана буни сен илганмидинг? — деди эри уйга келибоқ қўлидагини тутқазар экан. Ўтнинг устида ётган экан. Кўзимга иссиқ кўрингани учун кўтариб чиқдим.
Салима бир-иккита сариқ рангли кир қисқичга қаради-да, «ҳа» деди.
— Лекин бутун эди-ку, — дея меҳмонхонага кириб деразани очди.
Қараса, кўрпача тушиб кетибди. Пастга эгилиб қаради, лекин ҳеч нарса йўқ. «Мен ҳозир» деди-да, ташқарига чиқиб кетди.
Атрофни синчиклаб қаради, аммо кўрпачани тополмади. Пастки қаватдаги қўшнилардан, ўйнаб юрган болалардан ҳам сўради. Улар эса кимдир кўзи тушганию, бироқ эътибор бермай ўтиб кетганини, яна бошқаси умуман кўрмаганини айтди.
Салима хомуш бўлиб уйига кўтарилди. Зинадан чиқар экан, кўрпача ҳали янги эканини ўйлаб, бир эмас, бир нечта қисқич билан илмаганига афсусланди. Иккинчи қаватдаги қўшниси Дилнозанинг эшиги очиқ турибди. У ҳомиладор, ой куни яқин. Салима эшикдан уни кўриб, бўлган воқеани сўзлаб берди.
— Вой опажон, афсусланманг, кўчадан ўтган-кетганларнинг биронтаси олиб кетгандир. Қизингиз катта бўлиб қолди-ку! Энди диванчасида ётса ҳам бўлаверади. Насиб этса, бувижониси кейинги набирасига янгисини тикиб беради, — дея унга тасалли берди...
Орадан бир неча ой ўтди. Бу воқеа Салиманинг ёдидан анча кўтарилган эди. Лекин…
Бир куни ярим тунда эшик қўнғироғи тўхтовсиз жиринглади. Тирқишдан қараса, ҳалиги қўшниси Дилноза. Дарҳол эшикни очди.
— Салима опа, илтимос, боламнинг иситмаси тушмаяпти, эрим уйда йўқ. Шунга ёрдам сўраб чиқдим, — деди титраган овозда.
«Ён қўшни, жон қўшни» эмасми, Салима зудлик билан ёрдамга ошиқди. Боланинг аҳволини кўриб, дарров «Тез ёрдам»га хабар беришди. Сўнг, бешикда ётган болакайни ечишга киришди.
Шу маҳал Салиманинг қўллари жойида қотди: не кўз билан кўрсинки, бир неча ой илгари йўқотган кўрпачаси боланинг тагига тўшалган. Тилларанг ялтироқ кўрпачанинг бош томонига тикиб қўйилган кўзмунчоқли тумор ҳам, қизалоғига дори ичираман деб, тўкиб юборганда ҳосил бўлган доғ ҳам ўша ҳолича турарди. Аёл бир зум эсанкираб қолди.
«Тез ёрдам» чақирдингларми?» дея эшикдан кириб келган шифокор овозидан Салима ўзига келди ва оҳистагина ташқарига қадамлади. Ортидан эса қўшни аёлнинг «Салима опа, шифокор келди» деган овози эшитилди…
Дилфуза МАҲКАМОВА
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил