Матназар АБДУЛҲАКИМ
Бизда, аксар, хато бир тушунча юради. Шеъриятимиздаги фақирликка даъватни, бу қарашнинг сир-синоатидан бехабар одамлар, қашшоқликнинг тарғиби деб тушунади. Фақирликнинг асл моҳияти бу — руҳий камтарликдир
													
												.Бу нима дегани? Бу — бой бўла туриб қашшоқнинг, тўқ бўла туриб очнинг, кийимда бўла туриб яланғочнинг, эътиқодли-иймонли бўла туриб шу фазилатдан маҳрум одамнинг аҳволини дилдан ҳис қилиш ва уларни бу кулфатдан халос этиш учун фаол бўлиш заруратидир.
Қумурсқа бўл, фил каби гар зўр бўл сен,
Кимхобда азиз бўлу юпун, хўр бўл сен.
Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг
Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен.
Рубоийда муаллиф — Паҳлавон Маҳмуднинг жавонмардийлик маслаги хусусидаги фикрлари ана шу нуқтаи назарда гўзал воситалар билан ифода этилган. Фил каби зўр бўла туриб, чумолидек ожизнинг аҳволидан хабардор бўлиш, кимхобга бурканиб, ўзини юпун-хўрдек тутиш — буларнинг барчаси фикрларнинг шунчаки қайд қилиниши эмас, балки фаолиятга ундовчи даъватномалардир. Чунки кимхобда бўла туриб, ўзини юпун ҳис қилган одам ўз тимсолидаги ўзга юпунларнинг қашшоқлигини бартараф этиш учун эзгу ҳаракатга отланмоғи шубҳасиздир. Филдек зўр киши чумолининг аҳволини англаса, уни ўзига тенг кўради, топтаб ўтиб кетмайди.
«Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен», дейилишининг ҳам, ўзига хос ҳикмати бор. Бу ҳикмат, назаримизда, шундан иборатки, айбдорларнинг айбини тузатиш учун ҳам, уларни севиш, ўзинг билан тенг тутиб, ардоқлаган ҳолда оҳисталик билан уларнинг ўзларига қарши эмас, балки уларнинг айбларига қарши кураш олиб бормоқ керак. Бунда ҳам уларнинг айбларидан воқиф эканини иложи борича уларга таъна қилмай, гўё кўрдек бўлиб иш тутиш лозим.
Ҳар бир одам ўзининг тарбияланаётганини аччиқ бир тарзда пайқаб қолса, табиийки, тарбияланмай қўяди. Мазкур рубоийнинг бир қарашда мантиқсиздек туюлган фалсафасини фақатгина ана шундай тарзда англамоқ ва унга шундай қараш билан мос бир тарзда амал қилмоқ керак.
Мавриди келдики, тағин бир тахминимизни ўртага ташлайлик. Аждодларимиз азалдан «кўнгил кўзи»га эътибор қаратиб келган. Зеро, кўзи очиқ бўлгани билан одамда фаҳму фаросат, ақлу заковат бўлмаса, бундай одам чинакам сўқир деб ҳисоб этилган. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Кўзни юмғил, кўзга айлансун кўнгил»,  деган мисраларида ҳам ғафлатда бўлмасликка, тафаккур кўзини ҳамиша очиб туришга даъват бор.
Демак, «Кўзингни очиб, жаҳонда бор айбларнинг Барчасини кўриб туриб, кўр бўл сен», деган мисраларни «Жаҳонда бор айбларни кўнгил кўзи, ақл кўзи билан кўриб мушоҳада қил ва қаноат ҳамда сабрни дилингга жо қилиб, тафаккур билан бартараф эт», деган маънода англамоғимиз лозим.
«Иймон туҳфаси»дан
	
						
						
					 
					
					
					
								
								
									Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам  билимли авлодга боғлиқ
									
										🕔10:54, 11.09.2025
						                ✔95
									
									«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
									Батафсил
								 
							 
													
								
								
									«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
									
										🕔11:20, 29.05.2025
						                ✔251
									
									Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
									Батафсил
								 
							 
													
								
								
									Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ
									
										🕔12:13, 24.04.2025
						                ✔293
									
									Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
									Батафсил