Юртимизда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одатлари, маросимлари бор. Дунё цивилизациясига ҳисса қўшган Хоразмнинг ҳам ўзига хос, такрорланмас удумлари мавжуд.
Оқ олиш
Бу — совчилик, дегани. Йигит уйидан келган совчилар меҳмонлик ҳурматини олиб келган нон ва ширинликлар билан изҳор этади. Агар қизнинг отасига совчи жўнатган куёв ва унинг оиласи маъқул келса, совчиларга розилик белгиси сифатида оқ рўмол беради.
«Янга сайлаш»
Келиннинг онаси тўй бошидан то охиригача қадимий урф-одатларни бажаришга масъул қилиб, икки нафар янга тайинлайди. Улар қариндошлиги йўқ хонадондан келин тушган бўлиши шарт.
Келин узатиш
Келин ёр-ёр айтилиб, «кўшагана» (чимилдиқ) ичида йўлга чиқади. Янга қўлида ёқилган лампа-чироқ билан олдинда йўл бошлайди. Бир вақтнинг ўзида лампа-чироқнинг ўчиб қолмаслиги назорат қилиб борилади. Бу удум негизида янги оиланинг ҳаётида равшанлик ва бирдамлик уйғунлашуви нияти мужассам.
Оловдан ҳатлаш
«Келин куёв уйига яқинлашди», деган хабар келиши билан ҳовли олдида «хонадондан бало-қазо нари бўлсин», деган ниятда мўъжазгина олов ёқилади. Келин ўтирган улов шу олов устидан ўтади.
Келин салом
Келин «кўшагана» ичида остонадан ҳатламай «келин саломи» одатини бажаради. Бунда келин қўллари тиззасигача узатилиб, эгилган ҳолда янгалар билан биргаликда таъзим қилади.
«Таҳга ташлаш»
Куёв келин учун безатилган хонага жўралари билан кириб келади. Куёв юрган пояндозни жўралар «куёвлик насиб қилсин», деган ниятда олиб қўйишади. Келин янгалари улар ўтириши учун қалин кўрпача солиб қўяди. Куёв инжиқлик қилиб ўтирмайди. Келинянгалар «Собир куёв, сузил куёв» айтимини айтишади. Айтим то куёв жўралари билан ўтирмагунча давом этади. Куёв ўтиргач, гўшт ва патир билан меҳмон қилинади. Сўнг куёв бурчакда дугонлари орасида ўтирган келинни кўтариб, чимилдиқ ортидаги «таҳ»га (қалин қилиб солинган ўрин)га ташлайди. Янгалар куёвни у ердан тортиб чиқариб, даврага олишади. Куёв белидаги кўп сонли тугунлар тугилган қийиқни ечишади. Қийиқ қўл билан ечилиши шарт. Агар белбоғни ечолмаса, куёвжўралар айтганича таъзим қилишга мажбур.
Кўзгуга қараш
«Имтиҳон»дан ўтган куёв чимилдиқ орқасидаги келин ёнига киради. Янгалар келин-куёвнинг юзига доим бир-бирининг олдида юзи ёруғ бўлсин деб, кўзгу тутади. Улар кўзгуга бир вақтнинг ўзида қараши лозим.
Яхши ният
Сўнг келин-куёвнинг кўрпаси оёқ учидан ўғил бола чақалоқ киргизилиб, бош томонидан чиқарилади. Бувилар фарзандлари кўп бўлсин, деб дуо қилади.
Гўзал СОЛИЕВА
тайёрлади.
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔118
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔260
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔546
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил