— Майиз қанча бўлди?
— Ҳеч қанча! Олдин татиб кўринг, ака... Пажалиска!
— Йўқ, раҳмат. Аллергиям бор. Нархини айтинг.
— Нархи арзон... Энди қўл қайтмасин, сухан синмасин... Мана шу биттагинасини... Шошманг, думчасини олиб... Ана энди «самка» бўлди! Қалай, ширинми? Ёқмаса, пулингиз ўзингизга сийлов...
— Яхши, яхши... Баҳосини айтмайсизми?
— Айтаман... Мабодо чўнтагингизга тўғри келмаса... Ками бор, конечно... Айтаман!
— Хўш-ш, неча пул?
— Ўзи бебаҳо, бироқ сизга почти бепул! Лекин майиз эмас, мураббо... мисоли мўмиё — минг дардга даво! Қани, халтани очинг... Ёки яна бир кафтгина ейсизми?
— Йўқ, олдин нархини эшитайлик-чи?!
— Нархи сувтекин... Обрўйингизга, мана бу савлатингизга мос келадиган майиз. Қани, тортайми?
— Сиз майизфурушми ё масхарабозми? Савлатнинг майизга нима алоқаси бор! Нархини...
— Нима десангиз, ака... биз рози! Харидор ҳамиша ҳақ. Шу майизгинани еб, эртага яна қўмсаб, қидириб келмасангиз мен беноват! Бўлди энди, очинг тўрвани... Бошланишига ўн киломи ёки ўн беш?
— Уф-ф! Олдин чўнтакка қараб фол очишим керакми, ахир? Килоси неча пул деяпман?
— Мен ҳам арзон деяпман-ку! Тупроқбаҳо, сувтекин... Ажойиб хосияти бор, бу меванинг... Лекин акахон, бунинг учун майизнинг ёнига ёнғоқ қўшиб, майиз билан мағиз иккаласини «бхай-бхай» қилиб қовуштириб, сўнг «сангам» қилиб есангиз...
— Ҳў-ў, биродар! Мен маъруза эшитгани эмас, майиз олгани келганман. Мана, келинингиз тузиб берган «рўйхат»да яна етти-саккиз хил масаллиқ турибди... Сотиш ният борми, ўзи? Нархи...
— Нархи... ничево! Туриш-тароватингиздан уч-тўрт сўлкавойнинг бетига қарамайдиган мардимайдонга ўхшайсиз-да. Яна нархни сўрайсиз. Ҳа, от билан туя бўлармиди... Гўсала бўлар, бўталоқ бўлар... Бўлди, қопни очинг... Тоға!
— Тоға?! Соқолингиз киндикка тушиб, олдин мени «ака» дедингиз, ҳай... Энди «тоға» бўлдикми?! Бу нархини...
— Ҳў-ў, ука... Тоға нима?! Агар молимнинг нархини тош босадиган қилиб берсангиз, «почча» десак ҳам тилимизга тирсак тошмайди! Билдингиз... Қани, сумкани...
— Йў-ўқ! Шохида юрсангиз, мен баргида... Нархини айтинг?!
— Нархи, арзон... Тўрвани...
— Йўқ, нархи...
Муҳаммад ОЧИЛ
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔956
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔894
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔981
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил