Михаил ЗОШЧЕНКО
Шахсан мен, оғайнилар, шифокорлар олдига камдан-кам бораман.
Фақат оғир дақиқалардагина тиббий ёрдамга мурожаат қиламан. Масалан, терлама билан оғриб қолсам ёки зинадан думалаб кетсам. Умуман, дўхтирма-дўхтир юриб, даволанишга шинаванда эмасман. Менимча, табиатнинг ўзи аъзоларни тўғрилаб туради. Ҳа, азизларим, мен тиббиётдан кўра табиатга кўпроқ ишонаман.
Албатта, тиббиётга қарши борадиган жойим йўқ. Бу касб ҳақида шундай деган бўлардим: «Тиббиёт давлат қурилишининг умумий механизмида жуда зарур». Лекин тиббиётга жиддий боғланиб қолиш ҳам, сизга айтсам, ярамайди.
Аксига олиб, ҳозирги кунда тиббиётнинг шинавандалари шу қадар кўп.
Мана, дўстим Сашка Егоров. Ўзи яхши одам, лекин учига чиққан даволанувчи. Ичишга муккасидан кетган аҳмоқлардан эмас, илғор, ярим-зиёли. Беш йилдирки, тинмай даволанади.
Аввал бошда жиддий бирор касаллиги йўқ, шунчаки, бир озғин нусха эди, холос. Ўзингиздан қолар гап йўқ — уруш вақтида одамлар у қадар яхши овқатланмаган. Шунинг учун бу кишим ҳам анча озиб-тўзиб кетган. Чўнтагига пул тушгач, тилла топган тентакдай, дўхтирга чопиб қолди.
Даволанишни бошлади. Ҳатто ўзига келиб ҳам қолди.
Ўзига келаверди, ўзига келаверди... Орадан икки йил ўтиб эса фарзандлари унинг ортиқча семириб кетиши ва нигоҳлари ўзгаришидан хавотирга туша бошлади. Нигоҳлар эса оддийгина — андак ваҳимали ва сал қўрқинчли, холос. Рўпара келсангиз, бир чўчишингиз тайин. Даволанишни тўхтатмоқчи ҳам бўлди, қараса — энди кеч. Нима қилиш керак? Семиришга қарши даволаниш керак. Дарҳол ишга киришди.
— Семириш — ҳаракатсиз ҳаётингизнинг бош сабабчиси. Ёки аксинча, кўпроқ серҳаракатлигингиз оқибатидир, — дейди шифокор. — Шунинг учун сал олдинга, сўнг орқага ҳаракатланинг, юраверинг. Балки шунда озиб кетарсиз.
Дўстим юришни бошлади. Саёқ итдек санғийверди-санғийверди. Кунда, тунда — қачон қараманг, шугина йўрғалаб юрган бўлади... Иштаҳа отнинг калласидек очилиб кетган — қани уни тўхтатиб кўринг-чи! Уйқу ҳам жуда аъло — буниси яна бир офат. Ҳаракатларининг бари акс натижа берди. Бир сўз билан, дўстимиз қисқа фурсат ичида, яна бир қоп семирди, денг. Энди у тўққиз пуд тош босяпти.
Шифокор:
— Йўқ, юриш сиз учун зарар экан. Тўхтанг. Менимча, қаергадир боришингиз керак. Масала-ан... курортга.
Дўстим энди курортга боришга тайёргарлик кўрмоқда. Ессентукигами, Боржомгами, қайсидир жойга-да, хуллас. Ким билади дейсиз, шўрлик шундан фойда чиқишига умид қилмоқда. Нима бўлсаям, энди курорт ҳам унга зарар бўлиб қолмасин.
Мен ҳам, ўз навбатида, курорт унга наф келтиришига умид қиляпман. Темирйўл чиптаси учун икки кеча навбатда турса, ҳар турли маълумотнома-ю, пул олиш учун у ёқдан бу ёққа зир югурса — камида икки пудни йўқотиши, аниқ. Агар ундан кўпроқ бўлмаса, албатта.
Ҳа, ҳаммаси тушунарли. Менинг фикрим яна тасдиқланди. Бу ерда, айтиш мумкинки, инсон организмига табиатнинг бевосита таъсиридан бошқа ҳеч нарса бўлаётгани йўқ. Ҳа, шунақа.
1927 йил.
Рус тилидан
Дилроз АБРАЕВА
таржимаси.
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔895
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔831
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔920
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил