Қурғоқчил шароитда ҳам яхши ўсиб-ривожланадиган мевали дарахтлар жуда қимматли ҳисобланади. Ана шундай дарахтлардан бири — хандон писта. У республикамизнинг деярли барча тоғ ва тоғолди ерларида ўсади. Айни пайтда юртимизда янги пистазорлар барпо этиш борасида қандай ишлар амалга ошириляпти?
— Писта — қимматли маҳсулот, — дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Ҳожимурод ТОЛИПОВ. — Денгиз сатҳидан 500 метрдан 2000 метргача баландликда ўсади. Мағзида 60 фоизгача ёғ, 15-20 фоиз оқсил, 3-8 фоиз қанд моддалари ва бошқа кўплаб фойдали микроунсурлар мавжуд. Ўсимлик, айниқса, 800 метрдан 1300 метргача бўлган баландликда яхши ҳосил беради. Саломатликка фойдали жиҳатидан ташқари, ундан самолётсозликда ишлатиладиган спиртли ва мойли лаклар тайёрланадиган елим (терпентин) ҳам олинади.
Мутахассиснинг айтишича, Ўртаер денгизи ҳавзасидаги Эрон, Туркия, Сурия ва бошқа мамлакатларда, катта даромад келтириши сабабли пистани «Яшил олтин» ёки «Олтин дарахт» деб ҳам аташар экан.
— Хандон писта экишнинг ҳам ўзига хос нозик томонлари борми?
— Хандон писта икки уйли дарахт ҳисобланади. «Она» дарахтлар алоҳида, «эркак» дарахтлар алоҳида. Уларни гуллагандагина ажратиш мумкин. «Эркак» дарахт фақат чанглатади, лекин ҳосил бермайди. Маданий ҳолда пистазорлар ташкил этишда, 7-10 туп «она» дарахтга бир туп «эркак» дарахт экиш тавсия этилади. Ана шунда мўл ҳосил олиш мумкин.
— Ўзимизнинг қайси ҳудудларда хандон писта етиштирилади?
— Юртимизда Чотқол, Ҳисор, Боботоғ, Нурота, Зарафшон тизмаларининг тоғолди лалми ерларда денгиз сатҳидан 800-1300 метр баландликда писта боғдорчилиги самарали ҳисобланади. Денгиз сатҳидан 800 метрдан паст баландликда писта намлик етишмаслигидан зарарланади ва қўшимча суғоришсиз маданий тарзда етиштириш қийин бўлади. Денгиз сатҳидан 1300 метрдан ортиқ баландликда ҳам писта яхши ўсади, лекин керакли ҳарорат бўлмагани боис ҳосилдорлиги паст бўлади.
— Экилиши қандай?
— Уруғи ва ниҳолидан экилади. Улар 6х8 ёки 8х8 метр схемада экилади. Бир гектар ерда 250-300 тупдан ортиқ экмаслик лозим. Экиладиган ер майдони тошлоқ бўлса, уларни 3х4 ёки 3х3 метр схемада экиб, эрозияга қарши ўрмонлар барпо этиш йўллари ҳам бор. Уруғидан экилганда турли кемирувчи ва қушлар сабаб кўкариши қийин бўлади. Уруғларни нишлатиб, целлофан халтачаларга экиб, кейин далага ўтқизиб, кўнгилдагидек кўкартириб олиш мумкин. Ниҳолнинг биринчи экилган йили қурғоқчил келса, имкон даражасида каттароқ идишларга сув йиғиб, 2 марта суғориш керак бўлади. Шунда улар меъёрида кўкаради ва келаси йили суғоришга ҳожат қолмайди. Пистанинг илдизи етти метр чуқурликка кетади, минг йил умр кўради. Дарахтлар еттинчи йилдан нишона кўрсатади, 12-15 ёшида тўлиқ ҳосил бера бошлайди.
— Хандон пистанинг қайси навларини экиш тавсия этилади?
— Барқарор ва мўл ҳосил олиш учун плантацияларга турли писта навларини экиш мумкин. Табиийки, уларнинг гуллаши ва мева бериши турли муддатларда бўлади. Баъзи писта навлари, масалан, «Альбина» нави, кетма-кет 2-3 йил ҳосил бериб, 1 йил дам олади. «Октябрь» нави, 1-2 йил мева бериб, кейин 1-2 йил дам олиши мумкин ва ҳоказо. «Альбина» нави ўрта бўйли, кенг тарвақайлаган шохли бўлиб, 10-12 ёшдан ҳосилга киради. Ҳар шингилида 25 тадан 70 тагача мева бўлади, ҳосилдорлиги гектарига 8 центнергача етади.
— Ўзимизда пистазорлар ташкил этиш борасида яна қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Ҳозирда Ўрмон хўжаликларида ҳам пистазор плантациялари барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2018 йилда Навоий вилояти ўрмон хўжалигида 3 минг гектар, Сурхондарё вилояти Боботоғ ўрмон хўжалигида 2 минг 500 гектар, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод ўрмон хўжалигида 1 минг 500 гектар ва бошқа қатор ўрмон хўжаликларида писта плантациялари ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Хуллас, йил якунига қадар юртимизда 8-10 минг гектар майдонда писта плантациялари ташкил этиш мўлжалланмоқда. Келгусида ҳам пистазорлар майдони янада кенгайтирилади.
— Боботоғ ҳудудида бодом ва ёнғоқлар қандай ўсади?
— Боботоғ ўрмон хўжалиги ҳудуди асосан, писта дарахти экиб кўпайтиришга мос келади. Ушбу ҳудуднинг айрим шимолий қияликларида бодом экиш мумкин, лекин қурғоқчил йилларда унинг нобуд бўлиш эҳтимоли юқори. Лекин томчилатиб суғориш йўли билан бодом плантациялари барпо этса бўлади. Грек ёнғоғи намликсевар дарахт, Боботоғ шароитида ўсмайди. Уни ёғингарчилик миқдори яхши бўлган тоғли ва тоғолди ҳудудларда ўстириш мумкин. Шунингдек, текисликларда, шўрланмаган, суғориш имкони бўлган ерларда яхши ўсади. Ерости суви яқин, шўрланган ва шўрланишга мойил тупроқларда ўсмайди.
Чиндан ҳам, Сурхондарё вилоятида ҳаётга татбиқ этилаётган бу каби лойиҳалар ғоят аҳамиятли. Вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида фойдаланилмайдиган ер майдонлари кўп. Биргина Узун туманидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги балансидаги ерларда 30 минг гектарда писта плантацияларини ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳага кўра, жорий йилда 2,5 минг гектар пистазор ташкил этилади. 2018-2020-йилларда пистазорлар 8 минг гектарга етказилиб, 2 мингта янги иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, пистазорлар ҳосилга киргунча қатор ораларига биринчи марта доривор каврак ўсимлигини экиш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган.
Жиззах давлат ўрмон хўжалигининг «Ғаллаорол» участкасида, Самарқанд вилоятидаги Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалигида пистанинг 20 дан ортиқ оналик коллекциялари яратилган. Шунингдек, Сурхондарё вилояти Боботоғ давлат ўрмон хўжалигида хандон пистанинг уруғлик участкалари ва мусбат уруғлик дарахтлари ажратилган. Уларда ёввойи писталарни маданийлаштириш ва пайвандлаш орқали янги серҳосил дарахтлар яратиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Жаҳон бозорида хандон писта меваси ёнғоқ ва бодомдан 3-4 баробар қиммат баҳоланади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти (ФАО) маълумотига кўра, Италияда хандон пистанинг 1 тоннаси — 13 371, Францияда 1 тоннаси — 10 263 ва Туркияда 1 тоннаси 10 156 АҚШ долларига баҳоланади. Эътиборлиси, ушбу давлатларда етиштирилган хандон писталар бошқа мамлакатларникига қараганда 2-3 баравар қимматроқ сотилади.
«Оила даврасида» мухбири
Нурпўлат НУРҚУЛОВ
ёзиб олди.
Даромад келтираётган чиқинди
🕔11:43, 29.08.2024
✔511
Маиший ва саноат чиқиндиларини безарар утилизация қилиш бугунги кундаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб қолмоқда. Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага муаммо сифатида эмас, ишлаб чиқариш учун иккиламчи хомашё манбаи деб қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Батафсил