«Қариялар панд-насиҳатлари ва тажрибаси ёшларга фойда бераётганини ҳис этаётган юртдагина узоқ умр кўрадилар».
Абу Али Ибн Сино
Халқимиз азал-азалдан қарияларга, кексаларга ҳурмат-эътибор кўрсатиб келган. Буюк давлат арбоблари, тарихий шахсларнинг кексалар, нуронийлар билан маслаҳатлашиб, кенгашиб иш кўргани натижасида кўзланган мақсадларига эришгани, юртда фуқароларнинг фаровонлигини таъминлаб, меҳрини қозонгани тарихий ҳақиқатдир.
Бугун барча соҳалардаги ислоҳотлар негизида инсон манфаатларини олий қадрият даражасига кўтариш, шу жумладан, нуронийлар, кекса ёшдаги меҳнат фахрийларини қадрлаш тургани қувонарлидир.
— Меҳр ва мурувват оғушида 118 баҳорни қаршиладим, — дейди олтиариқлик Рўзибу ая ЖУМАЕВА. — Набираларим мендан ҳамиша узоқ умр кўришнинг сири нимада, деб сўрашади. Энг аввало, инсон ҳаётни севса, ҳар бир лаҳзага шукрона келтириб, ўтаётган умридан мамнун бўлса, Аллоҳ умрини зиёда этавераркан. Беғубор болалигимиз, орзу-умидларга лиммо-лим ёшлигимиз мудҳиш урушнинг даҳшатида ўтди. Бугунги осойишта кунлар, инсон қадр-қимматининг улуғланиши, тўкин-сочинлик, кексаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг барчаси умримга умр, ҳаётимга мазмун бағишламоқда.
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Эскиараб қишлоғи Ҳайрат маҳалласида истиқомат қилувчи онахон 1900 йилда таваллуд топган. Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳаётнинг минг бир азобу машаққатларига сабр ва шукрона билан мардонавор курашган Рўзибу ая етти нафар фарзандни дунёга келтирди. Дард келса, қўша-қўша келаркан. Турмуш ўртоғи Тожали Мамажонов ва тўрт норасида қизи бирин-кетин ҳаётдан кўз юмди. Бир томонда урушнинг асоратлари, очлик, иккинчи томонда жудолик азоби, уч ўғилни ёлғиз ўзи вояга етказиш, тарбиялаш масъулияти тиним билмай ишлашга мажбур этарди.
Узоқ йиллар жамоа хўжалигида, Катта Фарғона канали қазилишида фидойилик билан меҳнат қилган, пахта териш, ипак қурти парваришлашда жонбозлик кўрсатган онахоннинг қадоқ қўллари, юзларидаги ажинлар ҳам урушнинг ўша кунларидан сўзлайди.
— Бувим билан суҳбатлашсам, тарихий асарни мутолаа қилгандек бўламан, — дейди аянинг набираси Аббосали Мамажонов. — Улар шукрона айтишдан сира чарчамайдилар. Биз очлик азобини кўп ва хўб тотганмиз, уйда ун, буғдой, гуруч, ёғ ортиғи билан турсин, дея такрор-такрор уқтирадилар.
Маҳалла фаоллари ва қишлоқ оилавий поликлиникаси ходимлари аянинг соғлиғидан мунтазам равишда хабардор. Юз-кўзидан нур ёғилиб турадиган, тиллари дуо ва шукронадан толмайдиган Рўзибу ая Жумаева каби нуронийларимиз бор экан, юртимиз тинч, хонадонларимиз осойишта бўлаверади.
Озодабону ДЕҲҚОНОВА,
Фарғона вилояти
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔126
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔184
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔371
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил