Зомин ва Нурота тизма тоғларини Жиззах яқинидаги Илонўтди дараси ажратиб туради. Бу жойни туб аҳоли Амир Темур дарвозаси ёки ғори деб ҳам атайди.
Ғор пастидан оқувчи Сангзор дарёси икки тоғ тизмасининг табиий чегараси ҳисобланади. Илонўтди дарасидан кейин Нурота тоғ тизмалари Қўшработ туманига келиб иккига — Оқтов ва Қоратовга ажралади. Ўша тоғларнинг ҳар иккаласи тугайдиган (Нуротага қараб йўналган) жойидан яйловлар, Қизилқум саҳроси, Буюк Турон пасттекислиги бошланади.
Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий воҳалари харитасига қарасангиз, унда Нурота тоғ тизмаларининг бор бўй-бастини кўриш мумкин. Тўшига булутлар бош қўйган мағрур чўққилар, қояларни ёриб ўтган даралар, бир-бирига туташ қир-адирлар ястаниб ётибди.
Нурота тоғидаги Заргар чўққиси денгиз сатҳидан 2170 метр, Оқтовдаги Лангар чўққи эса 2005 метр баландликда жойлашган. Шу ерлик одамлар ишонадиган афсонага кўра, Ҳазрати Нуҳ аллайҳиссалом лангар ташлаган жой, айнан шу чўққи эмиш.
Қизилқум чўллари билан чегарадош Нурота тоғ тизмасининг ҳайвонот ва ўсимликлар олами жуда хилма-хил. Кўтарилиш қийин бўлган қояларда, тоғ ёнбағирларидаги чангалзорларда қоплонлар яшайди. Ана шу биологик хилма-хилликни табиий ҳолда сақлаб қолиш, илмий асосда ўрганиш ва тадқиқ этиш мақсадида 1975 йилда Фориш тумани сарҳадларида давлат томонидан Нурота қўриқхонаси ташкил этилган. Аммо унинг Самарқанд, Навоий вилоятларидаги қисми бугун қаровсиз ҳолда. Бу ерда минглаб доривор гиёҳ, дов-дарахт, парранда-ю, даррандаларнинг ноёб турлари учрайди.
Нурота заминидан етишиб чиққан Оқсоқолота, Нурота, Қарнабота, Оқтўнлиота, Қўчқорота, Арслонота, Кўктўнлиота ҳақида кўпчилик эшитган, албатта. Бу зотлар маънавий юксак, жисмонан бақувват, ақлан баркамол инсонлар бўлиб, тоғу тошлар, адирлар ва қирларда қўним топишган. Бу сўлим гўшаларда ноёб дарахтларни учратасиз. Ҳатто, дунёнинг кўпгина жойларида мутлақо учрамайдиган савр дарахти ҳам ана шу тоғларда ўсади. Авлиёсифат аждодларимизнинг мана шу ерда яшаб қолишига ана шу омиллар сабаб бўлгандир балки. Агар бу жойларни пиёда кезсангиз, таърифлаб бўлмас гўзал манзаралар, олам-олам завқ ва таассуротларни туюшингиз аниқ.
Оқтов ва Қоратов чўққилари ва кенгликларини, ҳар бир сўқмоғи-ю, дараси, сойларини ўрганиш учун бир инсоннинг умри камлик қилиши аниқ. Негаки, ҳар бир тош, ҳар бир ғор, ҳар бир ботиқ ва булоқ ҳақида батафсил маълумот тўплаш талаб этилади. Нурота тоғ тизмаларининг Оқтов ва Қоратовидаги герцин тоғ бурмаланиши бундан миллион йиллар муқаддам шаклланган бўлиб, текисликлари неоген даврида ҳозирги кўринишини ола бошлаган.
Бугун одам нафас олишга қийналадиган улкан ва тиғиз шаҳарлар олдида Оқтов ва Қоратовлар том маънода жаннатдай кўриниши, шубҳасиз. Зеро, шоир бир шеърида Оқтов ва Қоратовни мадҳ этганидек:
Оқ тоғларни изладим,
Қора тоғлар дуч келди.
Қора тоғлар қучоғини кездим, ёронлар,
Оқ тоғларга етгунча.
Улуғбек ЖУМАЕВ
Энг катта ўзгариш – иқтисодий тафаккурда
🕔16:04, 27.08.2026
✔103
Бир пайтлар юртимиз иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, асосан мавжуд бармоқ билан санарли йирик корхоналарни сақлаб қолиш, уларни реструктуризация ва модернизация қилиш, янги саноат лойиҳаларини жалб этиш зарурати ҳақида сўз юритиларди. Бугун эса манзара тубдан ўзгарди.
Батафсил
Кўчат энди тупроқда эмас, замонавий технологик тизимлар орқали етиштирилади
🕔11:37, 20.08.2026
✔132
Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Батафсил
Агротуризм мўъжизаларини кўрмоқчимисиз, оилангизни олиб йўлга чиқинг!
🕔14:37, 14.08.2026
✔144
Илгари туризм деганда кўз олдимизга беихтиёр Самарқанднинг нақшинкор гумбазлари, Бухоронинг салобатли миноралари ёки Хиванинг кўҳна деворлари келарди. Тўғри, бу тарихий обидалар миллий ғуруримиз, аждодларимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси саналади.
Батафсил