Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бироқ кейинги йилларда ерларнинг шўрланиши ва сизот сувларининг сатҳи кўтарилиши экологик ҳамда ижтимоий жиҳатдан жиддий муаммога айланмоқда.
Бугунги кунда туманимиздаги суғориладиган ерларнинг қарийб 60 фоизи турли даражада шўрланган. Бу ҳолат нафақат ер унумдорлиги ва ҳосилдорликнинг пасайишига, балки сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигининг камайишига олиб келмоқда. Энг ташвишлиси, сизот сувларининг юқори кўтарилиши натижасида турар жойлар ва ижтимоий объектлар пойдеворининг намланиши уларнинг мустаҳкамлигига жиддий путур етказмоқда.
Экологик нуқтаи назардан, бу муаммо табиат ва инсон ўртасидаги мувозанатни издан чиқармоқда. Шўрланган тупроқда ўсимликлар яхши ривожланмайди, биологик хилма-хиллик қисқаради. Шунингдек, чанг ва туз заррачаларининг ҳавога кўтарилиши аҳоли саломатлигига ҳам хавф солади.
Мазкур муаммони ҳал этишда мавжуд коллектор дренаж тармоқларини мунтазам тозалаш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, илмий асосланган суғориш технологияларини кенг жорий этиш ҳамда мелиоратив тадбирларни изчил амалга ошириш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу билан бирга, шўрланишга чидамли экин турларини танлаш, яшил ҳимоя ҳудудларини кенгайтириш ва тупроқ ҳолатини доимий мониторинг қилиш бугунги куннинг устувор вазифаларидир.
Ўзбекистон Экологик партияси табиатни муҳофаза қилишни, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни ўз фаолиятининг асоси деб билади. Биз экологик муаммоларни бартараф этишда давлат ташкилотлари, олимлар, фермерлар ва кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада кучайтириш тарафдоримиз. Чунки ер энг катта бойлигимиз, уни асраш эса келажак авлод олдидаги бурчимиздир.
Қизириқ тумани аҳолисини, фермер ва деҳқонларимизни, ёшларимизни юксак экологик маданият билан табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга ва шўрланишга қарши курашишда фаол иштирок этишга чақираман.
Табиатни асраш келажакни асраш демакдир. Еримизни асрайлик, сувимизни қадрлайлик ва яшил муҳитни кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшайлик. Ана шундагина фарзандларимизга унумдор ер ва мусаффо табиатни мерос қилиб қолдирамиз.
Қурбонгул ИГАМБЕРДИЕВА,
ЎЭП Қизириқ туман партия ташкилоти раиси, туман Кенгаши депутати
Шўрланиш – Сурхондарё тупроғининг жиддий муаммоси
🕔10:52, 30.07.2026
✔59
Сурхондарё вилоятининг Қизириқ тумани қишлоқ хўжалиги ривожланган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бироқ кейинги йилларда ерларнинг шўрланиши ва сизот сувларининг сатҳи кўтарилиши экологик ҳамда ижтимоий жиҳатдан жиддий муаммога айланмоқда.
Батафсил
Жазирамада Ишчиларни ким ҳимоя қилади?
🕔15:08, 23.07.2026
✔76
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб ҳукм сураётган жазирама вақтида кўпчилик имкон қадар кўчага чиқмасликка ҳаракат қилмоқда. Соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар масъул ходимлари ҳам бу ҳақда аҳолини огоҳлантирмоқда.
Батафсил
Аномал иссиқда кўчатларни қачон суғориш керак?
🕔15:06, 23.07.2026
✔66
Аномал иссиқда дарахт ва бута кўчатларини, шунингдек, бошқа ўсимликларни тўғри вақтда суғориш уларни иссиқ стрессидан ҳимоя қилади, намликни сақлайди ва соғлом ўсишини таъминлайди.
Батафсил