Иссиқ кунларда чиқинди полигонларида нега аланга чиқмоқда?
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВда айрим ҳудудлардаги, хусусан, Оҳангарондаги чиқинди полигонида содир бўлган ёнғин кенг муҳокама қилинмоқда. Жамоатчилик ўртасида «полигонлардаги чиқиндилар ҳажмини камайтириш учун уларни атайлаб ёқиб юборишади», деган фикрлар ҳам учраб турибди. Чиқиндиларни бошқариш агентлиги ушбу вазиятга аниқлик киритади ва жазирама иссиқда полигонларда ёнғин чиқишининг сабабларини очиқлайди.
Полигонни ёқишдан кимгадир фойда борми? Аслида, полигон давлатники бўладими ёки хусусий тадбиркор бошқарувидами, уни ёқишдан ҳеч ким манфаатдор эмас. Айни пайтда Оҳангарондаги полигон ҳам хусусий тадбиркор тасарруфида. Ёнғинни ўчириш учун юзлаб тонна сув, махсус техникалар, катта миқдорда ёнилғи, кўп тупроқ ва инсон ресурси талаб этилади. Бу эса тадбиркорга ҳам, давлатга ҳам фақат катта иқтисодий зарар олиб келади.
Полигонлар ёнишининг эса 4 та асосий сабаби мавжуд. Полигонлардаги ёнғинлар инсон омилисиз, об-ҳавонинг жазирама келиши натижасида бутунлай табиий ва кимёвий жараёнлар оқибатида юзага келади. Масалан, полигонлардаги жами чиқиндининг 44 фоизини органик чиқиндилар ташкил этади. Улар иссиқда бактериялар таъсирида парчаланиб, кимёвий оксидланиш юзага келади ва ис гази ҳамда ўта тез ёнувчан метан гази ажралиб чиқади.
Иккинчи сабаби шуки, умумий чиқиндининг 0,9 фоизини алюминий идишли газли чиқиндилар (дезодорант, зажигалкалар) ташкил этади. Кучли жазирамада бу идишлар ичидаги газ зичлашади, таранглашади ва оқибатда портлаб, атрофдаги қуруқ чиқиндиларни аланга олдиради.
Бундан ташқари, чиқинди таркибидаги шиша идишлар ва уларнинг бўлаклари қуёш тик тушганда лупа вазифасини бажаради. Қуёш нурини бир нуқтага йўналтириши натижасида атрофдаги пластик ва полиэтилен маҳсулотлар чақнайди ва табиий ёнғин ҳосил бўлади.
Энг сўнгги сабаб — хўжалик ва ресторанлардан чиқадиган куллардир. Кабобхона, овқатланиш шохобчалари ва хонадонлар баъзан ўчоқ ёки тандирдан чиққан кулни маиший чиқинди қутиларига ташлайди. Кул ташқи томондан ўчгандек туюлса ҳам, унинг ўзагидаги чўғ ва иссиқлик 1-2 кунгача сақланиб қолади. Чиқинди ташувчи техникалар бу кулни полигонга олиб бориб тўккач, иссиқ ҳаво таъсирида чиқиндининг ички қатламидан аланга олиб кетади.
Чиқинди полигони хусусий бўлиши мумкин эмас. Бу стратегик ва экологик хавфсизлик объекти бўлиб, у тўлиқ давлат назоратида туради. Шу боис давлат раҳбарининг 2024 йил 4 январдаги Фармони билан мамлакатдаги барча қаттиқ маиший чиқинди полигонлари Экология вазирлиги ҳузуридаги «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси бошқарувига ўтказилиши, яъни давлатга қайтарилиши белгилаб қўйилган.
Бироқ бугунги кунда айрим ҳудудлардаги полигонларни давлат тасарруфига қайтариш жараёнлари ҳали тўлиқ якунига етказилмаган. Ушбу объектларни бошқарган субъектлар томонидан чиқиндиларни ўз вақтида қатлам-қатлам жойлаштириш, зичлаш ва ҳар куни устини тупроқ билан қоплаш талаблари етарлича бажарилмаган. Оқибатда чиқинди ичида ҳаво бўшлиқлари қолиб, кислород ва метан газининг ўзаро реакцияси жазирамада мана шундай ёнғинларни келтириб чиқармоқда.
Республикамиз бўйича 2026 йил бошидан буён полигонларда 19 марта ёнғин қайд этилди. Тезкор чоралар ва назорат кучайтирилгани сабабли бу кўрсаткич анча камайган, таққослаш учун, 2025 йил давомида 44 марта ёнғин бўлган эди.
Полигонларда махсус сув насослари, узун шланглар ва ички сув ташувчилар доимий шай ҳолатда туради. Ёнғин чиққанда биринчи навбатда полигон ходимлари, сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жалб этилади. Олов сув билан сўндирилгач, қайта аланга олмаслиги ва ҳаво кирмаслиги учун усти зудлик билан тупроқ билан кўмилиб, зичланади.
Чиқиндиларни бошқариш агентлиги фуқаролардан, айниқса, умумий овқатланиш шохобчалари раҳбарларидан таркибида аланга олиши мумкин бўлган кул ва бошқа чиқиндиларни бошқа маиший чиқиндиларга аралаштирмасликни сўраб қолади.
Энг катта ўзгариш – иқтисодий тафаккурда
🕔16:04, 27.08.2026
✔103
Бир пайтлар юртимиз иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, асосан мавжуд бармоқ билан санарли йирик корхоналарни сақлаб қолиш, уларни реструктуризация ва модернизация қилиш, янги саноат лойиҳаларини жалб этиш зарурати ҳақида сўз юритиларди. Бугун эса манзара тубдан ўзгарди.
Батафсил
Кўчат энди тупроқда эмас, замонавий технологик тизимлар орқали етиштирилади
🕔11:37, 20.08.2026
✔132
Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Батафсил
Агротуризм мўъжизаларини кўрмоқчимисиз, оилангизни олиб йўлга чиқинг!
🕔14:37, 14.08.2026
✔144
Илгари туризм деганда кўз олдимизга беихтиёр Самарқанднинг нақшинкор гумбазлари, Бухоронинг салобатли миноралари ёки Хиванинг кўҳна деворлари келарди. Тўғри, бу тарихий обидалар миллий ғуруримиз, аждодларимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси саналади.
Батафсил