Бир пайтлар юртимиз иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, асосан мавжуд бармоқ билан санарли йирик корхоналарни сақлаб қолиш, уларни реструктуризация ва модернизация қилиш, янги саноат лойиҳаларини жалб этиш зарурати ҳақида сўз юритиларди. Бугун эса манзара тубдан ўзгарди.
Сўнгги тўққиз йилда мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидан бири – Хоразм вилоятига юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсадида 7,5 миллиард доллар инвестиция киритилди ва 9,7 мингта янги қувват ишга туширилди. Кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари учун 33 триллион сўмдан ортиқ кредит ажратилди. Натижада, аҳолининг реал даромадлари икки баробар ошди. Саноат ва қурилишда банд бўлганлар улуши 18 фоизга, хизматлар соҳасида бандлик 55 фоизга етди. Камбағаллик даражаси 4,4 фоизга тушиб, ишсизлик икки баробар қисқарди ва 4,5 фоизни ташкил этмоқда. Бу рақамларнинг ўзиёқ иқтисодиётимиздаги ўзгаришлар кўламини кўрсатиб турибди.
Айни пайтда вилоятда 25 мингдан ортиқ саноат корхонаси очилган, ишлаб чиқариш ҳажми сўнгги саккиз йилда 2,2 баробар ошган. Бугун воҳа саноати таркибида тўқимачилик, автомобилсозлик, электр техникаси, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари каби бир қатор йўналишлар шаклланган. Бир вақтлар юртимизда саноатни ривожлантириш вазифаси қўйилган бўлса, бугун шаклланган саноат салоҳиятини янги технологик босқичга олиб чиқиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш ҳақида сўз юритилмоқда. Бу икки ҳолат ўртасида катта фарқ бор.
Мамлакатимизда яратилган қулай иқтисодий муҳит самараси сифатида кичик тадбиркорлик ҳам сифат жиҳатидан ўсиб бормоқда. Масалан, 2026 йил 1 апрель ҳолатига Хоразмда 24 669 та кичик бизнес субъекти фаолият юритмоқда.
Кичик тадбиркорликнинг 2025 йилдаги ЯҲМдаги улуши 71,6 фоизни ташкил этган. Хизматлар соҳасида эса кичик тадбиркорликнинг роли янада юқори. Демак, юртимизда тадбиркорлик энди фақат аҳоли бандлигини таъминлайдиган соҳа эмас. У хизматлар, савдо, ишлаб чиқариш, экспорт ва инновацияларнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.
Амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар, ҳар бир мақсад ва режа, ҳар бир ислоҳот одамлар ҳаётини яхшилашга, вилоятни дунёдаги энг гўзал ва обод, илм-фан ва инновациялар, маданият ва санъат янада ривожланган заминга айлантиришга қаратилган.
Туризмни иқтисодиётнинг ҳақиқий драйверига айлантириш натижасида оддий ўсиш эмас, балки бутун бошли туристик экотизим шаклланмоқда. Сўнгги тўққиз йилда вилоятда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилди, меҳмонхона фонди тўрт баробар ошди, 11 та янги туризм маскани ишга туширилди. Сўнгги беш йилда хорижий сайёҳлар сони ўн баробар кўпайди.
Бугун «Арда Хива» каби янги туристик марказлар, шу жумладан Хоразмнинг шонли ўтмишидан ҳикоя қиладиган «Кўҳна Урганч» музейи, Хива атрофида режалаштирилаётган «Саҳро юлдузи» мажмуаси каби лойиҳалар Хоразмнинг туристик харитасини кенгайтирмоқда. Шу маънода, Хоразмда туризм энди фақат тарихий обидаларни намойиш этиш соҳаси эмас. У меҳмонхона, транспорт, умумий овқатланиш, ҳунармандчилик, савдо, маданият, кўнгилочар хизматлар, таълим ва янги иш ўринларини бирлаштирган катта иқтисодий занжирга айланмоқда.
Бу ҳудудда иқтисодий тараққиёт маънавий мерос билан уйғунлашмоқда. Урганч шаҳри марказида Жалолиддин Мангуберди мажмуасининг барпо этилиши, Ал-Хоразмий номи билан боғлиқ замонавий шаҳарча ва таълим муассасаларининг ташкил этилиши, «Арда Хива» каби замонавий туристик мажмуаларнинг ишга туширилиши, Жалолиддин Мангуберди номи билан аталадиган замонавий тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилгани тарихни бугунги тараққиёт билан боғлади.
Айниқса, Хоразмий номи билан боғлиқ таълим ва технологик инфратузилма бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, Хоразмий номи нафақат тарихий хотира, балки илм-фан, математика, алгоритм ва рақамли цивилизация рамзи ҳамдир. Шу боис Хоразмий номидаги замонавий университет, IT таълими ва технологик инфратузилмани шакллантириш тарихий меросни келажак иқтисодиётига айлантиришнинг энг яхши намунасидир.
Эндиликда Хивага туташ ҳудудда 120 миллион долларлик «Саҳро юлдузи» замонавий туристик мажмуаси, Урганч туманида 26 миллион долларлик мис саноати кластери, 60 миллион долларлик оптик толали кабель ишлаб чиқариш корхонаси, Ал-Хоразмий шаҳарчасида 5 минг талабага мўлжалланган замонавий университет барпо этилиши режалаштирилмоқда.
Инфратузилма ҳам иқтисодий тараққиётнинг бир қисми. Янги иқтисодий имкониятларни инфратузилмасиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Урганч халқаро аэропортидан Хивагача электрлаштирилган темир йўлнинг ишга туширилиши, Урганч – Хива пулли автомобиль йўлининг барпо этилиши, Урганч ҳалқаро аэропортини ривожлантириш бўйича келишувлар ҳам стратегик аҳамиятга эга. Янги йўл орқали Урганчдан Хивага бориш вақти 45 дақиқадан 20 дақиқага қисқариши кутилмоқда. Бу оддий транспорт қулайлиги эмас. Бу – туристлар оқими, меҳмонхона бизнеси, хизматлар, савдо ва инвестициялар учун янги имконият дегани. Шунинг учун ҳам туризм, саноат ва инфратузилмани бир-биридан алоҳида қараш мумкин эмас. Улар бир-бирини тўлдириб, ягона иқтисодий тизимни ҳосил қилмоқда.
Энг катта ўзгариш – иқтисодий тафаккурда. Бир пайтлар асосий вазифа мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини сақлаш, ишсизликни камайтириш, инвестиция жалб қилиш ва туризмни ривожлантиришдан иборат бўлган бўлса, бугун вазифа анча мураккаб ва юқори поғонага кўтарилди. Янги инвестицияларни юқори технологияли ишлаб чиқаришга йўналтириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, яшил иқтисодиётни шакллантириш, туризмни замонавий хизматлар индустриясига айлантириш, илм-фан ва таълимни иқтисодиётнинг эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш яқин келажакдаги фаолият ҳисобланяпти.
Бугун юртимизда айнан шу жараён бошланган деб бемалол айта оламиз. Давлат раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан юртимиз бугун тарихий хотирани иқтисодий имкониятга, географик жойлашувни инвестиция афзаллигига, сайёҳлик салоҳиятини хизматлар индустриясига, буюк алломалар меросини эса, илм-фан ва технологияларга айлантириш йўлидан бормоқда. Умид қиламизки, Янги Ўзбекситоннинг қисқа вақтдаги иқтисодий тараққиёти бундан кейин ҳам янада юксалиб бораверади.
Ойбек ОТАМУРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
депутати, ЎЭП фракцияси аъзоси