У давр устида эди. Ҳамма унга қуллуқ қилар, қаерга бормасин, унинг шарафига мақтовлар ёғиларди. Бу саъй-ҳаракатлар уни тобора юксакларга кўтарди.
Ёшлигида қишлоғини яхши кўрарди, бир умр шу ерда қоламан, дерди ўзича. Энди бўлса, мартабаларга эришди, казо-казо танишлари бор. Қишлоқдаги ҳаётини тасаввур ҳам қила олмайди.
Шу зайл ҳаволаниб юрган дамларининг бирида овулидан совуқ хабар келди: отаси қазо қилибди. Кўнгли тўлиб, эзилиб-эзилиб йиғлади. Йил бўйи отасининг ҳолидан хабар олмаганини эслади. Ёшлигида отаси: «сени албатта ўқитаман», дея, сурув-сурув қўйларни уззу-кун боқарди. Уни ўқитди ҳам. Кейин нима бўлди? Отаси бор-йўғи «шаҳарга кетма» деди, шу холос. Бир оғиз гап отаси билан гаплашмай қўйишига баҳона бўлди. «Менинг кўкаришимни хоҳламайсиз», дея ўшанда отасига ўшқирганди.
Эҳ… Дили тилимланди унинг. Ичидан зил кетди.
Онаси ўлганида ҳам худди шу зайл йиғлаганди.
* * *
Тугмача
— Ойи...
Бола «шиғ-шиғ» машина тикаётган ойисининг енгидан тортди.
— Бор, телевизор кўриб тур! — деди она.
— Бувижон!... — ялинчоқ овозда деди бола офтобрўяда бўз ёймани ёзиб, узун чивиқлар билан пахта савалаётган бувисининг ёнига бориб.
— Ширинлик егинг келяптими? Ма, ол-да, халақит берма, — деди буви ва чўнтагидан зарқоғозга ўралган конфет чиқариб берди. Бола конфетни оғзига солиб, яна телевизор қаршисига чўкди.
Орадан яна анча вақт ўтди. Бола телевизор кўриб зерикди чоғи, ўйинчоқларини ўйнай бошлади. «Пақ-пақ» дея ўйинчоқ тўппончасини онасига қаратган эди, онаси:
— Бор-э, юрагимни ёрдинг-ку, тузукроқ ўйин йўқми? — деди-да, яна тикув машинаси устига энгашди.
Бола ўйинчоғини ташлаб, онасининг ёнида турган қутидан ялтироқ тугмачани олди-да, оғзига солиб, айлантира кетди. Шу пайт болакай бир қалқиб тушди. «Хиқ» деган овоз чиқди-ю, нафаси қайтиб, юзлари, лаблари кўкара бошлади. Қайнона-келин баравар унга отилди. Иш ишда қолди.....
Сарвиноз МАМАНОВА,
Жиззах вилояти
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил