Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Сув муаммоси ортидан келаётган дард

Пойтахтнинг шундоқ биқинида тоза ичимлик сувнинг ҳар бир литри фалон сўмдан сотилаётганидан кимнинг хабари бор?

Сув муаммоси ортидан келаётган дард

Тошкент тумани «Гултепа» маҳалласи фуқароларидан таҳририятимизга бир даста шикоят аризалари келди. Уларни бизга тақдим этган шу маҳалла фаоли Мирзоҳид Ғафуровнинг айтишича, фаоллар аризада қўрсатилган масалалар бўйича йиллар давомида бир неча ташкилотга мурожаат қилишган. Фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар маҳаллий раҳбарларнинг эътиборсизлиги оқибатида ҳануз ўз ечимини топмай келяпти.

— Маҳаллий раҳбарларнинг айримлари бизни эшитишни ҳам истамайди. Эшитганларидан эса ваъдадан бошқа нарса ололмадик. Қуруқ ваъда билан бирор натижага эришиб бўладими? Халққа аниқ ва манзилли амалий ёрдам кўрсатилиши керак. Президентимиздан умидимиз катта. У инсоннинг жойларда қилаётган хайрли ишларини кўриб, бизнинг ҳам дардимиз етиб борармикан, деган умидда таҳририятга мактуб йўллашга қарор қилдик. Лекин маҳаллий буюрократлар, мана, неча йилдирки, бунга йўл беришмаяпти.

Аслида давлатимизнинг бизга ажратилган таъминоти бор, лекин у бизгача етиб келмасдан ярим йўлда талон-торож қилиниб, йўқ бўлиб кетяпти, назаримизда. Туман, вилоят раҳбарларимиз эса бу масалага лоқайд. Бизни қийнаётган муаммо шундай: қишлоғимиз қарийб ўттиз йилдирки, тоза ичимлик сув билан таъминланмаган. Электр ва газ таъминотидаги муаммолар аҳолининг силласини қуритди. Йўлларимиз талабга жавоб бермаслиги оқибатида кў­нгилсиз ҳодисалар бўлиб турибди. Болаларимиз учун чўмилиш ҳавзаси эмас, оддийгина ўйин майдончасига ҳам эга бўлолмаяпмиз. Тоза ичимлик сув муаммоси туфайли ҳатто, оилалар пароканда бўлиб кетяпти, ўртада фарзандлар етим қоляпти. Ноқулай яшаш шароити боис қанчадан-қанча инсонлар хаста-беморга айланяпти. Мурожаат қилиб бормаган жойимиз, ёзмаган ташкилотимиз қолмади ҳисоб. Яқинда «Маҳалла» телеканали тасвирга олиб кетганди, лекин эфирга берилмади. Аҳвол шу зайлда кетаверса, халқнинг ишончи қоладими?..            

Тошкент туманининг Гултепа маҳалласида уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Туманнинг Истиқбол ва Чувалачи маҳаллалари билан қўшиб ҳисоблаганда ўн беш мингга яқин аҳоли тоза ичимлик сувга муҳтож ҳолда кун кечирмоқда.

— Бир пайтлар ичимлик сув қувурлари тоза ичимлик сувдан узиб ташлаб, қишлоғимиз тепасидаги сув ҳовузида тўпланиб, тозаланган сувга уланган эди, — дейди Мирзоҳид Ғафуров. — Бугунги кунда мазкур ҳовузларнинг сув сиғими мавжуд аҳоли эҳтиёжлари учун етарли эмас. Шунинг учун кунда-кунора бир-икки соатгина келади. Устига-устак, ҳовузлар бир неча йилдан бери тозаланмаган. Оқибатда сув баъзан лойқа келади, баъзан ичида майда зараркунандалар ҳам учрайди. Қайнатмасдан истеъмол қилганда саломатликка жиддий салбий таъсир қилишига ҳамма гувоҳ.

Сув учун узун навбат

Маҳалла аҳлининг билдиришича, босим жуда пастлиги сабабли сув юқорида ўрнатилган жўмракларгача чиқа олмайди. Айрим пастроқ кўчалар юзида аҳоли ерни чуқур кавлаб, қувурдан сув олинадиган жой қилишган. Бу жойлар сув жилдираб оқаётган соатларда турнақатор навбатни ташкил этади.

 — Соатлаб сувга навбатда турамиз, — дейди шу маҳалла фуқароси Умида ­ФАЙЗУЛЛАЕВА. — Сувга навбат кутиб ўтказган вақтимиз ҳисобига  уй ва даладаги ишларимиз қолиб кетади. 500-600 метрга ташиб кетамиз. Касалликлар мана шундан чиқади. Уйимизга олиб кириб берсин, биз ҳам тоза сув ичайлик. Кўчалар ўнқир-чўнқир. Газ бўлса, сув бўлмайди, сув бўлса чироқ бўлмайди.

Чилангар кўчаси 44-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Умиджон ҚУРБОНОВнинг билдиришича, сувнинг таркиби яхши бўлмагани учун чанқоқни босмайди. Бунинг устига, бўқоқ, жигар, буйрак соҳаларида тиқилмалар, тошлар пайдо бўлишига олиб келади. Шунинг учун аҳоли  ўн литр тоза ичимлик сувни 7-8 мингдан сотиб олишга мажбур.

Камола МИРОДИЛОВА:

— Биз тоза сувга муҳтожмиз. Соатлаб навбатда туриб оладиган сувимиз артезианнинг шўр сувидан фарқли эмас. Ичсак, ошқозонни оғритади. Хусусий сув тарқатиш машиналаридан пулга сотиб олинадиган сув ҳам ҳар доим келавермайди.

 

Ариқ сувини тиндириб...

Маҳалла аҳли учун ариқ суви ҳам жуда қадрли. Агар фермер ва деҳқонлардан ортиб ариққа сув келиб қолса, унга идишларни тўлатиб, тиндириб фойдаланиш, кези келганда ҳатто, истеъмол қилишга ҳам мажбур бўлмоқда. Қишда эса ёмғир ва қор сувларини идишларга тўплаб фойдаланишади.

«Уйимизда бассейнимиз бор. Невара-фарзандларимиз унда чўмилишни исташади. Лекин сув йўқлигидан уларга имконият қилиб бера олмаяпмиз...» дейди онахонлардан бири.   

Аҳолининг яшаш шароитидаги бундай масалалар катта ижтимоий-маиший муаммоларга йўл очаётганига гувоҳ бўлдик.    

Оила бузилмасин деб...

— Мен — Раъно Соипова — қарийб ўттиз беш йилдан бери Тошкент тумани Ҳасан Раҳматов кўчасидаги 1-уйда яшаб келяпман. Ҳозирда уч ўғил, икки келин, беш невара — жами ўн икки жон бир хонадонда турамиз. Келинларим яхши. Фақат яшаш шароитимиздаги баъзи бир жиҳатлар туфайли фарзандларимнинг хотиржамлиги йўқолаётгани бизни ташвишга сол­япти. Қишлоғимизда сув йўқлигидан келинларим сувни кўчадаги бир соат жилдираб оқадиган, асли ичишга яроқсиз бўлган қувурдан ташиб келишади. Ёзин-қишин шу аҳвол. Тағин қишда бунинг устига, чироқ танқислиги, газ йўқлиги ҳам қўшилади. Катта ўғлимга шаҳардан келин қилганман. Келиним яхши, югуриб-елиб хизматимизни қилади. Лекин хонадонимиздаги бундай шароит келинимнинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатди. Уни ҳозир полиартрит безовта қилади. Айниқса, қаҳратонда унга етарли шароит қилиб беролмаганимиздан ҳижолат бўламиз. Келинимга бирон жойдан шароити бор уй олиб бериш учун ҳовлимизнинг ярмини сотмоқчимиз. Келинимнинг саломатлиги ёмонлашиб, ўғлимнинг оиласи бирдамлигига путур етиб, невараларим сарсон бўлмаслиги учун шундай қилишга мажбурмиз. Ота-она учун фарзандларининг соғлиғи ҳамма нарсадан устун-да...

Ўн жон бир хонада

— Ёшим етмишга яқинлашиб қолди, — дейди Дилкаш кўчаси 33-уйда яшовчи Маърифат Ўлжабоева. — Чолим инсульт, ўзим инсультни бошдан кечирганман. Бунинг устига, қанд касалим ҳам бор. Ўн жон бир том остида турамиз. Бу ерларда сув, газ, чироқ муаммолари неча йиллардан бери ҳал бўлмаётгани учун маҳалламиздагиларнинг кўпчилиги уй-жойини сотиб, бошқа ёқларга кўчиб кетишяпти. Лекин биз ёши катталар бундай қилолмаймиз. Ахир, шу ерларни ўзимиз кетмон чопиб, боғ-роғ қилганмиз. Озмунча меҳнатимиз сингганми?..

Қишда биттагина хонани зўрға иситиб, ҳаммамиз шу ерга кириб оламиз. Овқат ҳам шу ерда пишади, ётар-тураримиз ҳам шу хонада бўлади. Баъзан келинларим бундан ҳижолат чекиб, онасиникига кетишади. Шароитим бўлмагандан кейин ўзим ҳам бир нарса деёлмайман-да. Лекин невараларга ўрганиб қолганмиз, чол-кампир уларсиз туролмаймиз. Уларни чақирайлик десак, шароитимиз ҳалигидай. Нима қилишни билмаймиз...

Мирқобил АЛИМОВ, Гултепа кўчаси, 11-уй:

— Турмуш ўртоғим билан етти йилдан бери бирга яшамаяпмиз. Бунинг бош негизи сув йўқлигига бориб тақаляпти. Агар мен оилам учун уйда барча зарур шароитларни қилиб берсам, рафиқам яна бирга яшашини айтди. Ўртада бир қизим бор. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман.

Қачон чек қўйилади?

— Ёшим саксонга яқинлашиб қолди, — дейди Мардлик кўчаси 11-уйда яшовчи фуқаро Йўлдош бобо Надибоев. — Маҳалламиз пойтахтнинг шундоққина биқинида бўлса-да, баъзи масалаларда аҳвол қониқарли деб айта олмаймиз. Аҳолимизнинг аксарият қисми истеъмол қилаётган артезиан суви ишлатишдан олдин зарарли тузлардан тозалашни талаб қилади. Бундай сув экинлар, ҳатто, кўп йиллик дарахтлар учун ҳам хавфли бўлиб, уларни илдизидан қуритиб ташлаяпти. Шундай бўлгач, инсонга қандай таъсир қилишини ўзингиз билиб олаверинг. Лекин назоратчи-мутахассислар бу сувни яроқли деб «фатво» берганмиш. Аҳоли орасида эндокрин, бепуштлик, буйрак, жигар касалликлари, болалар орасида ҳам саломатлик билан боғлиқ муаммолар кўп учраяпти. Қиш кунлари газ босимининг пастлигидан бизнинг ҳудудимизга газ етиб келмайди. Натижада одамлар мевали дарахтларни ҳам кесиб, ўтин қилишга мажбур бўляпти. Бу ҳақда бир неча бор юқори идораларга мурожаат қилиб, фақатгина ёлғон ваъдалар олдик, холос.  Бунга қачон чек қўйилади?   

...Бу ҳудудда аҳоли ичимлик сувни ҳар куни махсус машиналардан литрини фалон сўмдан сотиб олади. Сув нархи истеъмолчининг жойлашиш ўрнига қараб ҳар хил. Аҳоли бундай сувнинг нархидан норози эмас. Лекин бу сувлар қаердан келтирилаётгани ҳамда у ичиш учун қай даражада яроқли экани кўпчиликни қизиқтиради. Бу ҳақда эса аниқ маълумот тополмадик. Жисмоний шахслар ўзларига истеъмол учун етказиб берилаётган сувнинг таркибини текширтириш ҳуқуқига эга эмас экан. Шунинг учун илтимосимизга биноан «Гултепа» маҳалла фуқаролар йиғини Тошкент тумани ДСЭНМ бош шифокори З.Қодирова номига шу йилнинг 25 июнида махсус илтимоснома жўнатди. Лекин унга ҳали жавоб берилгани йўқ.

Дардимизни ким тинглайди?

Маҳалла аҳлининг кўпчилиги гапирган билан фойдаси йўқ, бирон бир амалий натижа чиқишидан умидни узганмиз, деб ҳисоблайди. Бунинг сабаби, маҳаллий раҳбарларнинг йиллар давомида аҳоли мурожаатларига бефарқ ва беэътибор бўлиб келаётганидадир.

— Мен 1950 йилда туғилганман, — дейди шу маҳалла фуқароси Комил Незамов. — Қирқ йил ишлаб, бундан саккиз йил олдин тўқсон тўрт ярим минг сўм билан пенсияга чиқдим. Пенсиямни қайта ҳисоблаб берилишини сўраб, 2016 йил 15 декабрда Президент виртуал қабулхонасига мурожаат йўлладим. Эртаси куни Зангиота тумани пенсия жамғармасидан бир йигит келиб, «бундай мурожаат йўллашга нима ҳаққингиз бор?» деб менга ўдағайлаб кетди. Билмадим, балки менинг мурожаатим ноўриндир, лекин унга берилган жавоб — ҳалиги ходимнинг муносабати-чи? Президентимиз айтаётган халққа хизмат қилиш деганда айрим маҳаллий амалдорларимиз зўравонлик билан халқнинг овозини ўчиришни тушунишяпти шекилли...   

Маҳаллий аҳоли тилга олган муаммолар ҳақиқатда йиллар давомида йиғилиб қолганига ўрганишларимиз давомида ўзимиз амин бўлдик. Уларни бартараф этиш ҳам бир кунда бўлмаслиги табиий. Аммо халқ муаммони бир кунда бартараф этишни эмас, маҳаллий амалдорларнинг йиллар давомида халқни алдаб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юрмаслигини хоҳлаяпти. Аниқ ва мақсадли амалий ишлар учун битта ғишт бўлса-да, қўйилишини орзу қиляпти. Инсон қадр-қиммати ва манфаати олий қадрият сифатида қаралишини, инсон манфаати турли кераксиз қоғозбозлик ва ваъдабозликлардан устун туришини ҳис қилиб яшашни истаяпти. Ҳар бир раҳбар ўз вазифасини хўжакўрсинга эмас, виждоний бурчи бўлгани учун сидқидилдан бажариши зарурлигини мушоҳада қиляпти аҳоли. Ҳар бир масала учун фақатгина давлат раҳбарига мурожаат қилаверишга истиҳола қилишяпти. Лекин сув ҳар бир инсон учун ҳаёт-мамот масаласидир.

 

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар