Жиззахнинг Бахмал қишлоғи кунчиқар томонида Шайбек деган бир маскан бор.
Қишлоқ аҳолиси асосан, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Тоғдан келадиган жилға суви қишлоқ ўртасидаги сойдан оқиб ўтгани боис унинг ўзанини буриб, экинларни суғориш ғоят мушкул иш. Бунга ернинг чағиртошли ва тик қиялиги сабаб.
Шу қишлоқда истиқомат қилувчи ўқитувчи, боғбон Ҳамдам СУЛАЙМОНОВ қияликда боғ барпо этган. Боғни кўриб, инсон қўли неларга қодирлигига амин бўласиз.
— Ўн йил илгари отамнинг маслаҳати билан мана шу тошлоқ, заранг ва тиканзор қия ерда боғ барпо этдим. Қийин бўлса-да, тоғдан ариқ қазиб сув олиб келганмиз, — дейди Ҳамдам ака. — Бу атрофларда сув анча танқис, шу боис уни тежаб ишлатиш мақсадида боғнинг ҳар бир қаторига алоҳида кичикроқ ариқ қазиганмиз. Бу боғ ичига трактор кириб ер ҳайдай олмайди. Ҳамма ишни қўлда, кетмон, белкурак ва чўкич ёрдамида бажарганмиз, тошини терганмиз. Хуллас, ерни оби-тобига келтирганмиз.
Агар тўғри парваришланса, исталган жойда боғ яратиб, яхши ҳосил олиш мумкин. Боғдаги олмаларнинг ранги, кўриб турганингиздек, жуда тиниқ, қип-қизил, мазаси жуда ширин. Бу об-ҳаво ва сувнинг тозалигидан ҳам. Масалан, манави «Кримсон» навли олмани беш йил муқаддам эккандим. Кўриб турганингиздек, ғарқ ҳосилга кирган. Боғдаги ҳар бир дарахт тагини юмшатиб, маҳаллий ўғитлардан қўй гўнги соламиз. Шохларини кесиб турамиз, йўқса, дарахт ғовлаб кетиб, меваси майдалашиб кетади. Олмалар орасидан шамол ўтиб, қуёш нури тегиб туришида гап кўп. Шохлар мева кўплигидан эгилиб кетган. Аммо унга бирор тиргак қўймаймиз, синиб кетиши мумкин. Ҳосил йиғиб олингач, шох яна ўзининг аввалги ҳолатига қайтади. Боғдаги олмаларни зараркунандаларга қарши йилига тўрт марта дорилайман ва шунинг ўзи етади.
Зукко муаллим, изланувчан боғбон Ҳамдам Сулаймонов бундан ўн йил бурун эккан олма кўчатларини Самарқанддаги боғдорчилик илмий текшириш институтидан олиб келган эди. Бора-бора тажрибаси ошиб, ўзи ҳам кўчат етиштирадиган бўлди. Уларнинг айримлари нишона ҳам кўрсатган.
— Дарахтнинг соғломлигини нафақат мевасидан, балки танасининг бақувват, текис ва силлиқлигидан ҳам билса бўлади. Касалланган бўлса, пўстлоғи ёрилиб, яхши ривожланмайди. Кўриб турганингиздек, бу олманинг калтагина шохида бир ғуж олма етилган. Гарчи тиғиз кўринса-да, улар орасига ҳаво киради, қуёш нури тегади. (Меваларни санайди). Шу калта шохда ўн олтита мева бор экан. Қишлоғимизда жуда кўп киши ана шундай ялтиллаган, қирмизи олма етиштиришга қизиқиб қолган. Боғдаги дарахтларга ноябрь ойида шакл берамиз. Ёнидаги ортиқча ва дарахт танасидан чиққан шохларни олиб ташлаймиз, тепа қисми новдаларини ҳам калталатиб турамиз.
Ҳамдам аканинг отаси Мухтор бобо бир пайтлар ўғлига: «Мойгузар тоғидаги шаршаранинг сувини қоятошлар орасидан ариқ қазиб бу ёққа олиб келсанг, қия бўлса-да, каттагина ерга эга бўласан. Ана шу ерда боғ қил, шунда барака топасан», деган эди. Шундан сўнг Ҳамдам ака оға-инилари билан ишга киришиб, қоятошларни чўкич билан ўйиб, бир ариқ сув олиб келди. Бир сўз билан айтганда, ота насиҳати, ака-укалар шижоати ва сувнинг қудрати сабаб ана шундай гўзал боғ барпо бўлди!
«Менинг боғим»
кўрсатуви асосида
Нурпўлат НУРҚУЛОВ тайёрлади.
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔251
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил
Шўрланган тупроқнинг тузи ариди
🕔12:23, 29.08.2024
✔437
Навоий вилоятида турли миллат вакиллари бирдам ва иноқликда яшаб келишади. Улар жамиятнинг турли соҳаларида эл-юрт учун муносиб хизмат қилишаётгани, албатта эътирофга муносиб.
Батафсил
Даромад келтираётган чиқинди
🕔11:43, 29.08.2024
✔511
Маиший ва саноат чиқиндиларини безарар утилизация қилиш бугунги кундаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб қолмоқда. Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага муаммо сифатида эмас, ишлаб чиқариш учун иккиламчи хомашё манбаи деб қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Батафсил