Фориш марказига етиб олиш учун машина пойлаб турибман. Аксига олиб бирорта улов ўтмаса денг. Начора, сабр қилишга тўғри келади. Атроф бийдай дала. Турган жойимдан Айдаркўл аниқ-равшан кўриниб тураркан. Қуёш чиқадиган ёқдаги қоялар эса, қордан дўппи кийган. Ўша томонга узоқ тикилиб қолдим.
— Ҳа, меҳмонжон! Тоғларга узоқ тикилиб қолдингиз? — деди шу ерлик қария.
— Ўзим шунчаки. Бу ердан чиройли кўринаркан, — дедим.
— Бу келинчак тоғи бўлади, — дея тушунтира кетди мўйсафид. — Қаранг, кўриниши худди келинчакка ўхшайди-а? Шу сабаб шундай ном олган.
Халқ орасида Келинчак тоғи билан боғлиқ кўплаб ривоят, афсоналар юраркан. Сўзга чечан, очиқкўнгил отахондан ўша ривоятлардан бирортасини сўзлаб беришини сўрадим.
— Ривоят қилишларича, қадимда биз турган қишлоқда ақл-фаросатли, меҳнаткаш, ҳусну малоҳатда тенгсиз бир гўзал қиз яшаган экан, — дея ҳикоясини бошлади отахон. — У тиккан сўзана-ю, палаклар жуда чиройли бўлиб, тез сотилиб кетар экан. Қиз шикорга ишқибоз экан. У бир куни тоғу тошларда ов қилиб юрганида, қишлоғини ёғий босибди. Сон жиҳатидан анча кўп бўлган ёв бир зумда қишлоқ кулини кўкка совуриб, эркакларни ўлдирибди. Қиз-жувонларни оёқости қилибди. Худди шу пайт қиз овдан қайтиб қолибди. Қайтибди-ю кўзи ёвга тушибди ва дарҳол тоққа қочибди. Душман аскарлари ҳам қиз ортидан изма-из бораверибди. Қиз қоча туриб, ортидан келаётган душманининг анча-мунчасини камондан ўқ отиб қулатибди. Кейин қизнинг камон ўқлари тугабди. Душман эса, жуда яқинлашиб қолган. Шунда қиз Худога: ёлвориб: «Ёғий қўлида асир бўлгандан тошга айланиб қолганим яхши!» дея нола қилибди. Қизнинг оҳу ноласи ижобат бўлиб, тоққа айланибди...
Чиндан ҳам, юртимиз тоғларида жуда кўплаб сир-синоат, ғаройиботлар яширин. Уларнинг ҳар бири ҳақида афсона-ю ривоятлар эл орасида оғиздан-оғизга кўчиб юради. Отахоннинг ривояти ўзгача таассурот қолдираркан. Аммо сўзлаб бериш маҳоратига ҳам тан бермай илож йўқ...
Бу тоғ Нурота тумани, «Нурота» қоракўлчилик хўжалигида жойлашган.
Улуғбек АКТАМОВ
Энг катта ўзгариш – иқтисодий тафаккурда
🕔16:04, 27.08.2026
✔103
Бир пайтлар юртимиз иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, асосан мавжуд бармоқ билан санарли йирик корхоналарни сақлаб қолиш, уларни реструктуризация ва модернизация қилиш, янги саноат лойиҳаларини жалб этиш зарурати ҳақида сўз юритиларди. Бугун эса манзара тубдан ўзгарди.
Батафсил
Кўчат энди тупроқда эмас, замонавий технологик тизимлар орқали етиштирилади
🕔11:37, 20.08.2026
✔132
Мамлакатимизда сўнгги йилларда экологик хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, чўлланишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Батафсил
Агротуризм мўъжизаларини кўрмоқчимисиз, оилангизни олиб йўлга чиқинг!
🕔14:37, 14.08.2026
✔144
Илгари туризм деганда кўз олдимизга беихтиёр Самарқанднинг нақшинкор гумбазлари, Бухоронинг салобатли миноралари ёки Хиванинг кўҳна деворлари келарди. Тўғри, бу тарихий обидалар миллий ғуруримиз, аждодларимизнинг бизга қолдирган бебаҳо мероси саналади.
Батафсил