«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЧортоқ аҳли Янгийўл тумани ҳокими ёки ўринбосарини ҳамон кутмоқда. Амалий таклифлари бор.
Тошкент вилояти Янгийўл туманида Чортоқ деган қишлоқ бор. У ерда яшовчилар аввалига Чортоқнинг бутун юртимиз бўйлаб давом этаётган «Обод қишлоқ» дастурига кирганидан жуда мамнун бўлишди. Аҳоли орасида дастур доирасида қишлоқнинг обод бўлиб қолиши, одамларнинг турмуши ўнгланиши, шароити яхшиланишини билиб, терисига сиғмай кетганлар кўп бўлди. Бироқ... чортоқликларнинг қувончи узоққа чўзилмаган кўринади: бугун улар умидлари саробга айлангани, оғири енгил бўлиш ўрнига, бир қатор муаммолар гирдобида қолиб кетаётганини кимга, қайси идорага айтишни билмай сарсон.
Гапни бошидан бошлайлик. «Обод қишлоқ» дастури доирасида Янгийўл туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган дастурга биноан, Чортоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 800 метр газ қувури ва бир дона газ тақсимлаш ускунаси жорий таъмирланиши, 115 та ёғоч электр таянч темир-бетонга алмаштирилиши, 5,7 километр ички ва хўжаликлараро йўллар таъмирланиши, 1,5 километр ичимлик сув қувурлари тузатилиши, маҳалла ҳудудига жами 72 та ёритгич ўрнатилиши керак эди.
— Дастлаб маҳалламиз «Обод қишлоқ» дастурига тушганида роса қувондик, — дейди Чортоқ маҳалласи Қирариқ кўчаси 36-уйда яшовчи фуқаро Ербол Колмирзаев. — Ахир, дастурга тушиб, қиёфаси тубдан ўзгарган қишлоқларни телевизор орқали кунда-кунора кўриб турибмиз. Наҳотки, бизнинг қишлоқ ҳам шундай обод масканлардан бири бўлади, деб хурсанд бўлиб кетдик-да. Афсус, эрта қувонганга ўхшаймиз.
Янгийўл тумани ҳокимининг ўринбосари бошчилигида ўтказилган мажлисда қилинадиган ишлар бирма-бир санаб ўтилган эди. Хусусан, ўша мажлисда марказий кўчалардаги эски уйлар маҳалла бюджетидан таъмирланиши, уларнинг томи профнастил бўлиши, йўлнинг икки томонида пиёдалар йўлакчаси бунёд этилиши хусусида келишилган эди. Таассуфки, берилган ваъдалар ҳавога учиб кетди. Белгиланган ишлар қўл учидагина бажариляпти, холос.
Мана, масалан, ҳовлим марказий кўчада жойлашгани боис даставвал уйимнинг аввалги қарори ва кадастр ҳужжатлари туман прокурори томонидан бекор қилинди. Сабабини суриштирсам, уйимни ўраб турган девор тагига пиёдалар йўлакчаси тушиши керак экан. Бунга рози бўлдим ва деворни бузиб ташладим. Лекин шу биргина девор туфайли бутун бошли қарор ва кадастр ҳужжатини бекор қилишнинг нима кераги бор? Туман прокурори қарорни бекор қилишдан олдин масалани жойига чиқиб, ўрганиб, кейин қарор қилиши керак эмасми? Ахир, менинг уйим дастур бўйича кетаётган қурилиш-ободонлаштириш ишларига ҳеч қандай халал бермайди-ку?! Энди биргина шу қарор туфайли уйимнинг ҳужжатларини янгидан расмийлаштириш учун эшикма-эшик сарғайиб юрибман.
Мутасаддилар бузилган деворимни қайта кўтариб беришни ўз зиммасига олишган эди. Лекин ҳозир ҳокимият вакиллари бузилган деворни қачон тиклаб қўйишимни сўраб, ҳол-жонимга қўймаяпти. Уларнинг айтишича, деворни ўз ҳисобимдан кўтаришим керак экан. Бундан ташқари, катта йўл ёқасидаги ҳар бир хонадон ўз ҳисобидан уйини таъмирлашга мажбур бўляпти. Мажлисда айтилган профнастил ўрнига ўттиз-қирқта шифер келтириб беришди, холос. Пиёдалар йўлкаси ҳам йўлнинг фақат бир томонининг озроқ қисмига қурилган, холос. Кўзбўямачиликларни кўриб, мутасаддиларга эътироз билдирсак, пинагини ҳам бузишмайди.
— Туман ҳокимлигидан вакиллар келиб, қайтадан қуриб бериш шарти билан эски уйимни бузиб ташлади, — дейди Чортоқ маҳалласи Қирариқ кўчаси 16-уйда яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Эрлан Умаров. — Орадан икки ой вақт ўтди ҳамки, уйим ўрнига бошқасини солиб беришмаяпти.
Ҳокимлик дастлаб маблағ йўқ, деган эди. Лекин орадан шунча вақт ўтди, маблағ тушгандир, энди қуриб беринглар, ахир, қачонгача ногирон ҳолимда бировларникида яшаб юраман, десам, қаерга борсанг, боравер, уй керак бўлса, ўзинг қуриб ол, қабилида иш кўряпти. Янгисини қуриб бермас экан, нега уйимни бузишади? Эски бўлса-да, ўз уйим, беминнат бошпанам эди-ку! Ўзим иккинчи гуруҳ ногирони бўлсам, нафақага кун кўрсам, уйни қандай қилиб қуришим мумкин? Ахир, ҳадемай салқин кунлар келади...
Маҳалладошларининг айтишича, Эрлан Умаров ҳозирда ака-укалариникида яшаб турибди. Уч ака-ука катта ҳовлини бўлиб, ҳар бири алоҳида уй солган. Туман ҳокимлиги топшириғи билан Э.Умаровнинг уйи марказий йўлнинг ёқасида қурилгани рўкач қилиниб, бузиб ташланган. Бузаётган вақтда унга янги уй қуриб беришни ваъда қилишган. Лекин берилган ваъда бажарилмаган.
Шундан сўнг унинг акаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилган. Келган жавоб хатида агар унинг хонадони бузилишга тушган иморатлар қаторида бўлса, етказилган зарар Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига мувофиқ, белгиланган тартибда компенсация тўлови амалга оширилиши ёки қуриб берилиши айтилган. Лекин бу гап ҳам қоғоздан амалга кўчмаган.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони ҳамда «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида қишлоқларни обод қилишга йўналтириладиган сарф-харажатлар қаердан, қандай тартибда шакллантирилиши алоҳида санаб ўтилган. Унга кўра, аҳоли хонадони бузилган тақдирда, у маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлик маблағи ёки ҳашар йўли билан бажарилиши белгиланган. Демак, моддий имконияти йўқ фуқаронинг уй-жойи туман бюджети ёки ҳомийлар маблағи эвазига мутасаддилар томонидан қуриб берилиши керак.
Модомики шундай экан, у хоҳ Янгийўл тумани бўлсин, хоҳ бошқа — барчаси мазкур дастур бўйича иш кўриш шарт. Президент фармон ва қарорини бажармасликка, бу борада кўзбўямачилик қилиш, яшаб турган уйини бузиб, янгисини қуриб бермасдан одамларни сарсон қилишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Маҳалла фаоли Иброҳим Авизовнинг таъкидлашича, аҳолининг Чортоқдаги бу ишлардан ҳафсаласи пир бўлмоқда. Икки ойдан бери бирорта иш тўла бажарилмаганидан хавотирда. Одамлар бирлашиб, муаммоларни ўзи ҳал этиш чорасини кўряпти. Ўз маблағи эвазига маҳаллага ичимлик сув, газ тортмоқчи. Тупроқ йўлларга шағал тўкмоқчи. Марказий йўл ёқасидаги ночор уйларни таъмирлашга кўмаклашмоқчи.
Назаримизда, туман мутасаддилари ҳам аҳоли билан келишган ҳолда, бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракат қилса, маҳалладаги барча муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш мумкин.
— Шу вақтгача қанча ишларни битириб ташласа бўларди, — дейди фуқаро Раҳматулла Умаров. — Лекин мутасаддилар хоҳласа келишади, хоҳламаса — йўқ. Ҳатто, туман ҳокимининг шахсан ўзи бирор марта бўлса-да, биз билан учрашиб, фикримиз билан қизиқмади. Очиғи, қишлоғимиз ободлиги учун биз — фуқаролар нима ёрдам керак бўлса, тайёрмиз. Шунга яраша, бизнинг ҳам талабларимизни инобатга олишса, бас. Марказий кўчага қурилаётган пиёдалар йўлакчаси тагидан маҳалламизни тоза ичимлик сув билан таъминлайдиган қувур ўтган эди. Афсуски, у эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Натижада ҳозир маҳаллага сув келмайди. Шуни ҳокимликка айтиб, маҳалладошлар билан келишиб, ўз ҳисобимиздан таъмирламоқчи эдик. Лекин ҳокимлик розилик бермади. 250 метр узоқликдан ўз маблағимиз эвазига газ тортиб келиш таклифи ҳам инобатга олинмади. Уларнинг айтишича, газ бормаган жойларга газ тортиш тақиқланган эмиш. Қизиқ, бурнимиз тагидан асосий газ қувури ўтган бўлса-да, ундан фойдалана олмасак? Ваҳоланки, биздан кейинги кўчаларда газ бор. Ахир, маҳалламиз олис тоғ ёқасидаги қишлоқлардан эмас-ку?! Тошкент шаҳридан бор-йўғи тўрт километр масофа. Рухсат беришса, газни ҳам, ичимлик сувни ҳам ўз маблағимизга тортиб келишга тайёрмиз.
Ҳа, аҳолининг куюнганича бор. Шундоқ пойтахт биқинидаги қишлоқда ичимлик сув, газ бўлмаса? Энг ачинарлиси, шу ҳудуд «Обод қишлоқ» дастурига тушган бўлса-да, вазият тубдан ўзгариш ўрнига, баттар бўлиб, ҳаммаёқ вайронага айланса. Бундай қишлоқ ёки маҳаллани обод деб бўлармикан?
Бу ердаги кўп ишлар шунчаки, хўжакўрсинга қилинаётганини бир қарашдаёқ сезасиз. Иш Чортоқ маҳалласининг фақатгина асосий кўчасида бажариляпти, холос. Дастурда 115 та бетон-таянч устун ўрнатилиши белгиланган бўлишига қарамай, ҳозиргача бор-йўғи 40 таси ўрнатилган. Ички кўчаларда эса, ҳалиям ўша-ўша қадим замондаги пастқам, кўримсиз ёғоч устунлар қаққайиб турибди.
Қирариқ 3-берк кўчаси тупроққа қоришиб ётибди. Айрим уйларнинг девори қулаб, вайронага айланган. Аҳоли ҳар куни шу чангни ютиб яшашга мажбур. Бу кўчадагилар тўғри келган жойга чиқинди ташлашга ўрганиб ҳам кетган. Сабаби, бу кўчада на чиқинди қутиси бор, на чиқинди ташлайдиган махсус транспорт келади. Ўйдим-чуқур йўллардан кундузи бир амаллаб юрса бўлар, аммо кечаси умуман иложи йўқ. Ичимлик сув ҳақида-ку гапириш ортиқча.
Чортоқликларни қийнаётган бу муаммолар, назаримизда, туман мутасаддиларини ҳеч ташвишлантирмаётган кўринади. Сабаби, мазкур ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, аҳолининг муаммолари, таклиф ва истаклари юзасидан туман ҳокимлигининг тутқич бермас мутасаддиларидан жавоб олиш учун қилган барча уринишларимиз, саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетди: на ҳокимни, на ўринбосарларини топишнинг, мулоҳазасини олишнинг иложи бўлди. Демак, аҳолининг улар билан учраша олиши қанчалик қийинлигини тасаввур қилаверинг...
Нима бўлган тақдирда ҳам ҳали мазкур ҳудуддаги ишлар ўз якунига етган эмас. Балки туман ҳокимлиги қолган ишларни аҳолининг таклиф ва истакларини инобатга олган ҳолда, улар билан ҳамжиҳатликда бажарар. Ахир, Президентимиз одамларга қийинчилик тўғрисида эмас, уларнинг оғирини енгил қилиш ҳақида, давлатдан рози этиш тўғрисида куюниб гапираётган бир пайтда чортоқликлар ҳам ўз ҳаётида бунинг натижасини кўришга ҳақли...
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил