Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Дафтар ким учун, нархи қанча?

Ўқув қуроллари бозорида на ўз ўрнимизга, на ўз номимизга эгамиз.

Дафтар ким учун, нархи қанча?

Газетамизнинг ўтган сонида оилада бир нафар болани мактабга юбориш учун энг зарур буюмларни харид қилиш қанчага тушишини мактаб бозорларидаги бугунги нарх-наво мисолида ҳисоблаб чиққан эдик. Мактаб бозори бир ўқувчига 167 минг сўмдан — 530 минг сўмгача тушар экан. Бу фақат ўқув қуроллари учун. Агар оилада мактаб ёшидаги бир неча фарзанд бўлса-чи? Бунга яна мактаб формаси қўшилади. Барча ота-оналарнинг ҳам бунга қурби етармикан? Ўқув қуролларининг нархини арзонлаштириш ва сифатини яхшилаш учун нималар  қилиш зарур? Шу каби саволлар билан ота-оналар, тадбиркорлар ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик.

Ўзимиз ишлаб чиқарсак...

Мактаб бозорларидаги ўқув қуроллари хилма-хил. Хориждан келтирилган маҳсулотлар қаторида ўзимизда ишлаб чиқарилганлари ҳам кўзга ташланади. Танлаш имконияти кенг. Биз дастлаб маҳаллий маҳсулотлар ва уларнинг сифатига эътибор қаратдик.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги маълумотига кўра, республика миқёсида 50 га яқин дафтар ишлаб чиқарувчи кичик ва йирик матбаа корхонаcи фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимиздаги жами умумтаълим мактабларида 5,5 миллион атрофида ўқувчи таҳсил олади. Ҳар бир ўқувчи ўқув йили учун ўртача 40-45 дона 12 варақли дафтардан фойдаланади. Йиллик талаб тахминан 200-250 миллион донани ташкил этади. Умумий дафтардан фойдаланиш 5-синфдан бошлангани учун ҳар бир ўқув йили учун тахминан 100 миллион дона атрофида умумий дафтар талаб қилинади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан бир йилда тахминан 300 миллион дона турли хилдаги дафтар маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Рақамлардан кўришимиз мумкинки, дафтар маҳсулотлари бўйича аҳоли эҳтиёжини ўзимиз тўлиқ қоплай олишга имкониятимиз бор. Нархга таъсир қилувчи битта омил қолади — бу ҳам бўлса, Россиядан келтирилувчи қоғоз.

Бу борада Зангиота туманидаги «Илм шуъласи канцелярия моллари савдо комплекси» ва пойтахт бозорларидаги мактаб ярмаркаларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар фикрини ҳам ўргандик: 

«Дафтарларнинг барча тури: кундалик, расм дафтари ва бошқа қоғоз маҳсулотлари ўзимизда тўлиқ ишлаб чиқарилади. Сифати ўтган йилларга нисбатан анча яхши ва арзон. Қолган 20 турдан зиёд ўқув қуроллари, асосан, ­Хитой, Туркия ва Россиядан импорт қилинади...»

«Ручкаларни Хитой ва Ҳиндистондан олиб келамиз. Ўзимида ишлаб чиқарилган «Альфа», «Radar» номли ручкалар жуда арзон — 270 сўм. Аммо сифатсиз. Болалар ручкани босиброқ ёзади. Шунда  стержен учи тезда синиб кетади. Яхши ёзмайди. Одамлар солиштириб, Хитой ручкаларини афзал билади. Орасидаги фарқ 100 сўм. Ҳиндистондан келтирилган ручкалар ҳам жуда сифатли...»

«Клей маҳсулотларидан республикамизда «ПВА» клейи ишлаб чиқарилади. Қуруқ суртилувчи, замонавий клейлар Хитой ва Дубайдан келтирилади. Худди шундай рангли қаламлар ҳам...»

«Четдан келтириладиган ўқув қуролларининг ҳаммаси ҳам сифатли, деб бўлмайди. Айтайлик, мана бу Хитойдан келтирилган олти рангли қаламлар тўплами. Бор-йўғи уч минг сўм. Аммо уни олган барака топмайди. Мўрт — синиб кетади. Бўялмайди. Афсуски, айрим имконияти йўқ ота-оналар шуни ҳам олишга мажбур. Сифатли рангли қаламларнинг ўртача нархи ўн минг сўмдан баланд...»

Мактаб анжомларининг яна бир муҳим буюми мактаб сумкаси (рюкзак, портфель) савдоси дўконида ҳам шу каби ҳолатга гувоҳ бўлдик. 50 га яқин турли-туман сумка сотилаётган раста ичида атиги 3 хил кўринишдагиси ўзимизда ишлаб чиқарилган экан.

— Сумкаларнинг нархи 70 мингдан 200 минг сўмгача. Харидорлар сумканинг дизайни, ўлчами, қулайлиги ва  материалига катта эътибор қаратади. Сифатли сумкаларнинг материали пишиқ, оғирликни икки елкага тенг ташлайди, асосийси, ичидаги буюмлар елкага ботмайди, иссиқда белни терлатмайдиган бўртмаларга эга. Ўзимизнинг сумкалар нархи ҳамёнбоп 70 минг сўм бўлса-да, юқоридаги талабларга тўлиқ жавоб бермайди, — дейди «Илм шуъласи канцелярия моллари савдо комплекси» ходими ­Гулнора Раҳмонбердиева.

Ўрнимиз йўқ

Гувоҳи бўлганингиздек, ўқув қуроллари бозорида на ўз ўрнимизга, на ўз номимизга эгамиз. Ота-она фарзандига доимо сифатли буюм олиб беришга интилади. Борини сифатини кўтариб, йўғини ишлаб чиқаришни бошламасак, вазият ўзгармасдан қолаверади.

Бундай ҳолатга тушиб қолишимизнинг сабабларидан бири — ўқув қуроллари ишлаб чиқариш тизими (қоғоз маҳсулотларидан ташқари) шу пайтгача ислоҳ қилинмагани, соҳага импорт қилинувчи маҳсулотлар таркиби ўрганилмаганидир. Қандай турдаги ўқув қуроллари четдан кириб келмоқда, қай бирини ўзимизда ишлаб чиқарсак, самарали бўлади, бундай корхоналарга қандай имтиёзлар зарур каби саволлар очиқ қолмоқда. 

Хулоса: сифатсиз!

Сифатли дафтарни қандай ажратиш мумкин? Ҳамма дафтарнинг ички қисми бир хилдек. Баъзан кўриб, ушлаб ҳам уларни фарқлай олмаслигимиз аниқ. Бозорларда сотилаётган дафтарлар давлат стандартига қанчалик жавоб беради? Бунга аниқлик киритиш мақсадида маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган 7 хил ва қўшни давлатлардан биридан келтирилган 1 дона, 12 варақли катак, бир ва икки чизиқли дафтарлардан (жами 8 хил) намуна олиб (рақамлаб), Республика синов ва сертификатлаштириш маркази ДУК қошидаги Синов лабораториялар мажмуаси ва Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига юбордик.

Синовлар натижасига кўра, танланган намуналар «Таълим муассасалари учун полиграфия маҳсулотларининг хавфсизлиги бўйича умумий техник регламент» ҳамда O‘zDSt 2851:2014 «Мактаб дафтарлари» меъёрий ҳужжати талабларига мос эмаслиги аниқланди.

Жумладан, намунадаги барча дафтарларнинг қоғоз зичлиги (қалинлиги) жиҳатидан давлат стандартига жавоб бермайди. Меъёрга кўра, қоғоз зичлиги 70,0 g/m2 (+3,0 g/m2) дан кам бўлмаслиги зарур. Хусусан, 2-сон билан рақамланган дафтарда бу кўрсаткич 51 g/m2 , 3 рақамлида — 49,6 g/m2, қолганларида ҳам 52-53 g/m2 га тўғри келди. Фақатгина қўшни давлатлардан бирида ишлаб чиқарилган дафтарда зичлик кўрсаткичи талабга яқинроқ —  60,6 g/m2.

Қоғоз зичлигининг меъёрдан паст чиқиши варақларнинг четлари букланишига, сиёҳнинг орқа варақларига ўтишига ва варақларнинг тез йиртилиб кетишига олиб келади.

Давлат стандартига кўра, қоғоз ўлчами (170х205) mm бўлиши керак. Текширув натижасида маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган 7 дафтарнинг 4 таси ўлчами жиҳатидан меъёрдан кичик экани аниқланди. Айниқса, 1-сон дафтар ўлчами анча кичик — (160х200) mm. Биргина қўшни давлатда ишлаб чиқарилган дафтар давлат стандартига аниқ ўлчамда мос келди.

Шунингдек, 1-сон дафтарнинг юқори, пастки ва ён томон ҳошияси (поле) ўлчами ҳам меъёрдан (16/13/20 mm) кичик экани аниқланди — 8/10/15 mm.

Мактаб дафтарларининг стандарт талабларига мос келмаслиги, ўқувчилар учун қатор ноқулайликларга сабаб бўлади. Дафтар чизиқларининг ранги ва қалинлигининг меъёрий ҳужжат талабларига мос эмаслиги ўқувчиларнинг кўриш қобилияти зўриқишига олиб келиши мумкин. Юқоридаги номувофиқликлар ушбу маҳсулотларнинг сифат ва чидамлилик кўрсаткичи паст даражада эканини билдиради. Айниқса, ёзишни ўрганаётган бошланғич синф ўқувчиларининг ҳуснихатига салбий таъсир кўрсатади.

Ваколатли орган хулосасидан қатор саволлар туғилади: нима учун маҳаллий корхоналаримиз ишлаб чиқарган маҳсулот сифати паст? Нима учун дафтар чиқаришда қўшни давлат матбаа корхонасичалик ҳам бўлолмаймиз (Россияда ишлаб чиқарилган дафтарларни-ку қўятурайлик)? Ажабланарлиси, юқоридаги маҳаллий 7 дона дафтарнинг биттасида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» сўзи билан кифояланган бўлиб (контрафакт маҳсулот), қолган барчаси манзилли, ишлаб чиқарувчиси аниқ бўлган дафтарлар эди.

«Манзил»сиз дафтарлар

Авазхон ВАЛИХОНОВ,  Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бошқарма бош мутахассиси:

— Очиқ тан олиб айтиш керакки, мактаб бозорларида ёшлар онггига салбий таъсир кўрсатувчи, «оммавий маданият»ни тарғиб этувчи турли тасвирлар туширилган умумий дафтарлар, расм чизиш ва бўяш (раскраска) маҳсулотлари ҳам сотилмоқда.

O‘zDSt 2849-2014 «Умумий дафтарлар» давлат стандартида «дафтарнинг ва умумий дафтарнинг муқовасига — турли фанларга оид суратлар, фаннинг шу соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшган алломалар, мутафаккирлар, олимлар, фан арбобларининг тасдиқланган портретлари, улар ҳақида маълумотлар, ҳикматли сўзлар, мустақиллик нишоналари бўлмиш бино ва иншоотлар суратлари маънавий мезонлар асосида берилади. Муқованинг тўртинчи саҳифасида турли хил муаммоли топшириқлар, чизмалар, мисол ва масалалар ечимига оид намуналар, Менделеев даврий жадвали, Пифагор жадвали, физик қонунлар, тарихий саналар ва фанларга оид бошқа (тасдиқланган) маълумотлар берилади», деб қайд этилган.

12 варақли дафтар, расм чизиш дафтари, умумий дафтар, китобларнинг варақлари оқ рангли (офсет) қоғоздан тайёрланган, варақдаги чизиқлар ва ҳошия аниқ кўриниши, ҳеч қандай доғлар ва техник нуқсонларсиз бўлиши керак. Газета қоғозидан тайёрланган, нашриёт ёки матбаа корхонасининг манзили кўрсатилмаган маҳсулотларни харид қилиш тавсия этилмайди.

Нарх нега баланд?

Яна бир муаммо. Пойтахт бозорларини ўрганар эканмиз, бир хил турдаги ўқув қуроллари нархининг яхшигина фарқ қилишига гувоҳ бўлдик. Оддийгина 12 варақли дафтарнинг баҳоси пойтахтнинг турли бозорларида 370 сўмдан 650 сўмгача. 

— Нарх ўсишининг бир неча сабаблари бор. Одатда, мактаб бозори дафтардан бошланади. Савдони дафтарнинг баҳоси белгилайди, — дейди тадбиркор Зилола Жўраева. — Бизда дафтар 430 сўм. Бу улгуржи нарх. Кейинги йилларда савдода бир иллат пайдо бўлди. Мисол учун, пойтахт ярмаркасидагилар дейсизми ёки вилоят бозорими, биздан дафтарни 430 сўмдан улгуржи нархда олиб, мижозга 380-400 сўмдан таклиф қилишади. Бу зарар-ку дейсизми? Йўқ, бу алдов. Инсофи бори очиқчасига, агар мактаб бозорини бизда қилсангиз, шу нархдан бераман, деб айтади (фақат дафтарнинг ўзини олсангиз, 500 сўмдан). Фойдани эса бошқа ўқув қуроллари устига бир неча баробар қўйиб, чиқариб олади. 50 дафтардан 2500 сўм фойда кўраман деган харидор билмайдики, қалам, циркуль, пластилин ёки бошқа буюмлар устидан, айтайлик, 15-20 минг сўм ютқазаётганини. 

Мактаб бозорларидаги йиллар давомида тўпланган муаммоларни бир мақола доирасида тўлиқ таҳлил қилишнинг имкони йўқ. Лекин хулосага шошилмаймиз. Ушбу долзарб муаммога яна қайтамиз. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай, азиз муштарий?..

Ҳумоюн ФАЙЗУЛЛАЕВ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар