«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАгар шу ишни пухта ўйлаб амалга оширмасак, бутун таълим тизимида сифат ўзгаришига эришишимиз қийин бўлади.
«Фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги катта ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этдик. Биз ушбу соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашимиз, жумладан, яқин 3-4 йилда барча ҳудудларда минглаб янги боғчалар қуришимиз, таълим-тарбия сифати ва даражасини янги босқичга кўтаришимиз лозим.»
— Қани, қизалоғим, олма, дегин. Ол-ма. Айтақол, ол-ма!
— Қўйгин энди, онаси, шунча уриндинг, фойдаси йўққа ўхшайди. Боланиям қийнаб юбординг.
— Нима қилай унда, дадаси? Қизимиз қачондир гапириши керак-ку...
Ота-онанинг қайғурганича бор: қизи Дилнозанинг хатта-ҳаракатлари тенгдошларига қараганда анча суст. Тўрт ёш бўлса-да, мустақил гапира олмайди. Устига-устак, жуда одамови. Болакайлар билан ўйнашдан кўра, бир чеккада қўғирчоғини қучоқлаб ўтиради...
Бу ота-онани янада ўйлантиради...
Айрим ота-оналар мактабгача таълим муассасасига улар ишдалигида болага қараб турувчи ҳимоя қўрғони сифатида қарайди. Зарурат бўлсагина болани боғчага бериш керак, деб ўйлайди. Аслида эса, боғчага борган бола билан уйда ўсган, тенгқурлари билан кам мулоқотда бўлган бола ўртасидаги фарқ катта. Болакай мактабга борганидан сўнг бу яққол билинади.
— Мактабгача таълим муассасаси, биринчи навбатда, болани тартиб-интизомга, ўз вақтида ва соғлом овқатланишга, бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишга ўргатади, — дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Истиқлол фарзандлари» мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Нодира ҲАМИДОВА. — Боғчада бола педагог, психолог ва шифокорнинг доимий назоратида бўлади. Қайси боланинг саломатлигида ёки руҳиятида ўзгариш сезилса, мутахассислар дарров ота-онасини огоҳлантириб, тегишли тавсияларни беради. Психологлар ҳам ҳар бир боланинг руҳий ҳолатидан хабардор бўлиб, назорат олиб боради.
Ҳақиқатан ҳам, боғчадаги дарс машғулотларининг бола билими ва дунёқараши ривожланишида аҳамияти катта. У ерда давлат томонидан белгиланган тизимли дастур асосида билим бериб борилади. Машғулотлар боланинг ёши, ақлий имконияти ҳисобга олинган ҳолда қизиқарли ўйинлар тарзида ўтилади. Масалан, болани атроф-муҳит билан таништириш, илк математик тасаввурини уйғотиш, нутқини бойитиш, саводини чиқаришга тайёрлаш, бадиий адабиётга ошно этиш, расм чизиш, турли буюмлар ясаш, апликация, жисмоний тарбия, мусиқа ва бошқалар айнан боғчада ўргатилади.
Шунингдек, ташкил этиладиган турли маънавий тадбирлар, театр томошалари боланинг эстетик дидини шакллантириб, таассуротини бойитиб, жажжи қалбига эзгулик уруғларини қадайди.
...Дилнозанинг холаси Моҳира Собитжонова боғчада тарбиячи бўлиб ишлайди. У жиянининг ҳолатини тушуниб, синглиси билан гаплашди. Уларни Наманган вилояти Чуст туманидаги Хўжаобод маҳалласида жойлашган 29-сонли мактабгача таълим муассасасига олиб борди. Бугун чекка-чекка туманлар ва ҳатто қишлоқларда ҳам мактабгача таълим муассасаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, замонавий шарт-шароитлардан тортиб, болаларнинг овқатланишигача — ҳамма-ҳаммаси муҳайё қилинаётганини тушунтирди. Ота-она боғчадаги шароитларни ўз кўзи билан кўрди. Психолог Дилнозани суҳбатга тортдик.
— Дилноза дастлаб доимий одатига кўра ўзини ҳаммадан олиб қочди, — дейди психолог Моҳира СОБИТЖОНОВА. — Боғча ходимлари қизалоқдан меҳрини аямай, яхши муносабатда бўлишди. Унинг боғчага кўникиб кетиши учун астойдил ҳаракат қилдик. Тарбияланувчи болакайларнинг ҳам ёрдами катта бўлди. Бири Дилнозага ўйинчоғини тутса, бошқаси печеньесини узатди. Бир неча кундан сўнг Дилноза аста-секин болалар билан ҳам чиқиша бошлади. Вақт ўтгани сари у тенгдошларига тақлид қилиб, улар айтган сўзларни такрорлашга интилди. Нутқи ҳар куни янги сўзлар билан бойий бошлади...
Бола — бошидан, дейди халқимиз. Аслида ҳам бола ҳаёти учун энг зарур билим ва кўникмаларнинг асосий қисмини кичик ёшида ўрганади. Теварак атрофидан олган ҳар бир ахборотни булоқ сувидек тиниқ шуурига муҳрлаб боради. Шу боис, бола жажжилигидаёқ унинг атрофида намунали муҳит, билим олишига имконият яратиб бериш муҳим аҳамиятга эга.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев юртимизнинг порлоқ келажагини таъминлашни истасак, болаларни соғлом ва маънан баркамол бўлиб ўсишига имконият яратиб беришимиз керак, дея таъкидлаб, энг аввало, болалар таълим-тарбия оладиган масканларни обод этишга киришди. Мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратиб, барча болалар шундай масканларда тарбияланишига эришиш зарурлигини айтди: «Боғча тарбиясини олган бола билан боғчага бормаган болани солиштирганда, уларнинг фикрлаш даражаси ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини сезиш қийин эмас. Шунинг учун ҳам биз мактабгача таълим тизимини қайта кўриб чиқиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтариб, бу борада катта ишларни бошладик. Агар шу ишни пухта ўйлаб амалга оширмасак, бутун таълим тизимида сифат ўзгаришига эришишимиз қийин бўлади».
Мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш давлатимиз янги тараққиёт босқичидаги сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди. Бу масала 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аниқ белгилаб қўйилди. Юртимизда униб-ўсаётган барча болаларни мактабагача таълим муассасаларига қамраб олиш, таълим-тарбия сифатини яхшилаш, болаларнинг қулай шарт-шароитларда, малакали мутахассислардан билим олишига имконият яратиш, қамровини кенгайтиришга доир қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Мактабгача таълим тизими Халқ таълими вазирлигидан ажратилиб, алоҳида тузилма сифатида ихтисослаштирилди. Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги қарори билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Республикамиз бўйича фаолият юритаётган МТМлар сони сезиларли ошди. Бугун 5 522 та давлат, 541 та нодавлат, 64 та вазирлик ва идораларга қарашли ҳамда 27 та давлат-хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим муассасаларида болакайлар тарбияланмоқда.
Республика ҳудудидаги 2 миллион 542 минг 131 нафар 3-7 ёшгача болалардан 859 минг 141 нафари (33,9 фоизи) мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинди.
Хўш, бир оиладаги болаларни мактабгача таълим муассасасига қамраб олиш жамиятга нима беради? Аввало, ишлайдиган ота-онанинг фикру хаёли фарзандининг боғчада нима билан бандлиги, овқатланиши, вақтида дам олишида бўлади. Қачонки, унинг боласи ишончли қўлларда бўлса, хотиржам ишлайди. Бу хотиржамлик эса, унинг иш унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатади, айни пайтда жамият учун ҳам катта фойда келтиради.
Шу боис ҳам бугун юртимизда мактабгача таълим муассасалари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди аввалгидан фарқли ўлароқ, болалар боғчаси фарзандларимиз фақат ўйин ўйнайдиган, овқатланиб, дам оладиган жой эмас, балки қўшимча билим эгалланадиган, ҳар бир боланинг ҳаётига мустаҳкам, пухта пойдевор қўядиган муҳим масканга айланмоқда.
— Бола катталардан кўра тенгдошлари билан мулоқот қилганда ўзини эркин ҳис этади, — дейди болалар психологи Гулруҳ МАМАДИЕВА. — У тенгқурларининг ҳаракатларига осон тақлид қилади, керак бўлса, эргашади. Эътибор берган бўлсангиз, ёлғиз ўсгандан кўра, опа-акалари бор болаларнинг тили тезроқ чиқади.
Мактабгача таълим муассасаси, нафақат болага таълим ва тарбия берадиган маскан, балки унинг жамиятга қўшилиши, яъни ижтимоийлашуви учун энг қулай муҳит вазифасини ўтайди. Боғчада бола кун бўйи тенгдошлари билан ўйнайди, улар билан гаплашади. Ўйинчоқларни бўлишишада. Натижада, унинг нутқи ўсади, киришимли, серҳаракат бўлади.
Болалар боғчалари сони қанча кўпайса, аҳолимизга шунча фойда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги «2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида»ги қарори доирасида мамлакатимизда 367 та мактабгача таълим муассасасини янги қуриш, реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш режалаштирилган. Улардан 40 таси янги қурилиши, 298 тасида реконструкция ва 29 тасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.
Ислоҳотлар жараёнида яна бир муҳим қадам ташланди. Илгари фарзандини боғчага бермоқчи бўлган ота-она мактабгача таълим муассасаси раҳбарияти билан гаплашиб, келишарди. Бунда қоғозбозлик, бюрократик тўсиқлар, болани навбатсиз қабул қилиш учун турли олди-берди ва тамагирлик ҳолатлари ҳам учрарди. Энди бу борада шаффоф, адолатли тизим йўлга қўйилди. Яъни, ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига навбатга қўйиш ва йўлланма бериш Давлат хизматлари агентлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилмоқда.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Истиқлол маҳалласида яқинда қуриб фойдаланишга топширилган «Севинч» номли нодавлат мактабгача таълим муассасаси бор. Хорижий тилл арга ихтисослаштирилган, 130 ўринга мўлжалланган ушбу мактабгача таълим масканининг қурилишига 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган.
Бу ерда болакайларга 6 та гуруҳда инглиз, рус ва корейс тилларида машғулотлар олиб борилади. Қисқа муддатли гуруҳдан тортиб, 24 соатлик гуруҳгача ташкил қилинган бўлиб, 3 сменада фаолият юритади. Тўлов миқдори 300 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача.
— Икки фарзанднинг онасиман, — дейди сирдарёлик Фозила ЙЎЛДОШЕВА. — Қизим 3-синфда ўқийди. У боғчага борган кезларда болаларга расм чизиш, турли ўйинчоқлар ясаш каби машғулотлар ўтиларди. Шу боис, уни мактабга боришидан аввал қўшимча дарсларга беришга мажбур бўлганмиз. Охирги йилда тизимда амалга оширилаётган ўзгаришлардан жуда хурсандман. Ҳозир ўғлим беш ёш, аммо ўқиш ва ёзишни анча ўрганиб олди. Агар машғулотлар шундай олиб борилса, боғчанинг ўзидаёқ бола мактабга тайёр бўлишига ишончим комил. Айниқса, қўшимча тарзда инглиз тили дарсларининг ўтилаётгани жуда қувонарли. Баъзан ишдан чарчаб келиб, фарзандимизга бирор эртак ўқиб беришга ҳам ҳолимиз қолмайди. Уларга боғчада шундай таълим берилаётгани мен қатори кўпчилик ота-оналарни хурсанд қиляпти.
Ҳар бир бола, у қандай шароитда яшашидан қатъи назар, тўлақонли таълим олишга ҳақли. Афсуски, чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг барчаси ҳам болаларини боғчага беришга қурби етмайди ёки бунга имкон йўқ.
Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида а ҳолининг турмуш даражасини ва яшаш шарт-шароитини эътиборга олиб, республикамизнинг айрим ҳудудлари, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг барча туманларида ҳамда қолган ҳудудларнинг 39 та туманида фарзанди мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган ота-оналар учун бадал тўлови миқдори 5 йил муддатга 50 фоизга камайтирилди.
Албатта, ёш авлодни боғчаданоқ яхши тарбиялаш, билим бериш фақатгина яратилган шароитларга эмас, кўпроқ кадрлар малакасига боғлиқ. Шу боис ҳам мактабгача таълим муассасаларини малакали, олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш долзарб аҳамиятга эга.
Айни жиҳат эътибор олиниб, 2018 йил 1 мартдан бошлаб, мактабгача таълим муассасалари мудиралари, тарбиячилари, методистлари, ўқитувчилари, дефектологлари, психологлари, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячи ёрдамчиларининг меҳнатига ҳақ тўлашнинг базавий тариф ставкалари 30 фоизга оширилгани педагог-тарбиячиларни қўллаб-қувватлаш, пировардида таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгунга қадар тизимда фаолият юритган 58 минг 400 нафар педагогнинг атиги 15 фоизи олий маълумотли бўлган. Бугунги кунда республикамиздаги давлат мактабгача таълим муассасаларида жами 67 минг 673 нафар педагог фаолият кўрсатиб, улардан 17 минг 201 нафари, яъни 25 фоизи олий маълумотли кадрларни ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, соҳадаги ислоҳотлар кўлами янада кенгайтирилиб, Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида «Мактабгача таълим» йўналишида 3 йил муддатда бакалаврлар тайёрлаш тизими, махсус сиртқи бўлимлари жорий этилди. Мактабгача таълим йўналишида қабул квоталари оширилди. Жиззах давлат педагогика университетида мактабгача таълим факультети очилди.
Таомнома афзал бўлсин
Ҳар бир ота-она боласини боғчага беришдан олдин, аввало, у ердаги овқатларнинг миқдори ва сифати билан қизиқади. Чунки боланинг соғлом ўсиши учун кундалик таомноманинг аҳамияти жуда катта. Афсуски, бу тизимдан ҳам яқин кунларгача кўпчилик ота-оналарнинг кўнгли тўлмасди. Боласининг овқатланиш тартибида камчилик бўлмаслиги учун ҳам уни боғчага беришга ошиқмасди.
Давлат мактабгача таълим муассасаларида қўлланилаётган овқатланиш меъёрлари ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори билан тасдиқланди. Ушбу янгиланган овқатланиш меъёрлари 2018 йил 1 январдан бошлаб, республиканинг барча мактабгача таълим муассасаларида жорий этилиши таъминланди. Республика ошпазлар уюшмаси билан ҳамкорликда мавсумий намунавий таомнома ишлаб чиқилиб, барча мактабгача таълим муассасаларида татбиқ этилди.
Мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари томонидан сифат талабларига ва санитария-гигиена нормаларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 18-сонли мактабгача таълим муассасасида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг «Аутсорсинг» усулида эксперимент ишлари олиб борилмоқда.
Боғчада ҳам уйдагидан кам бўлмаган миқдорда, тартиб билан, сифатли, тўйимли ҳамда фойдали микроэлемент ва моддаларга бой маҳсулотлар истеъмол қилган бола соғлом бўлиб, жисмонан рисоладагидек ривожланади.
— Болалар билан ишлаётганимга бу йил ўттиз беш йил тўлади, — дейди Наманган вилояти Чуст туманидаги 29-мактабгача таълим муассасаси мудираси Рўзигул АНОРҚУЛОВА. — 2012 йилда бу боғчада атиги ўттизтача бола бор эди. Кўп ота-оналар жуда зарурат бўлмаса, болаларини боғчага бериб ўтирмасди. Шундай шароитда биз уйма-уй юриб, аҳолига болаларини боғчага бериш кераклигини тушунтириб чарчардик.
Ҳозир эса, тескариси. Одамлар болани боғчага бериш нақадар фойда эканини англаб етмоқда. Айни вақтда боғчамизда 150 нафардан зиёд тарбияланувчи бор. Навбатда турганлар сони ҳам анчагина. Боғчага бўлган талабдан келиб чиқиб, ёнимизда бўш турган майдонда қўшимча янги бино қуриш таклифи билан чиқмоқчимиз.
Бу боғча чекка ҳудудда жойлашган бўлишига қарамай, етарлича шароитлар яратилган. Яқинда у ерга давлатимиз ҳисобидан зарур жиҳозлар — янги мебеллар, стол-стул, ўйинчоқ, ўқув қуроллари, методик қўлланма ва бошқа анжомлар етказиб берилди. Боғчани реконструкция қилиш иши эса, туман ҳокимлигининг келаси йилги режасига киритилган.
Ҳозирда Чуст туманидаги ана шундай учта мактабгача таълим муассасасига болалар овқатлари тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан шартнома асосида етказиб бериляпти. Бу аҳолини қониқтирса, тумандаги барча мактабгача таълим муассасасига озиқ-овқатларни шу усулда етказиб бериш йўлга қўйилади.
Рўзигул Анорқулованинг таъкидлашича, боғчада машғулотлардан ташқари, болаларда касблар ҳақида илк таассурот уйғотиш, уларни болаликдан қизиқтириш, иқтидорини эрта кашф этиш мақсадида ўн уч хилдаги касб майдончаси ташкил этилган. Масалан, шифокорликка қизиқадиган болалар махсус майдончада ўйинчоқ шаклида ишлаб чиқарилган шифокор анжомларини, қурувчиликка иштиёқи баландлар қурувчилик асбобларини ўйнаши мумкин. Тарбияланувчиларнинг қайси майдончада кўпроқ ўйнашига қараб, уларнинг қайси касбга қизиқиши баландлигини аниқласа бўлади. Бу бола иқтидорини бошидан тўғри йўналтиришга, келажакда адашиб, ўзи қизиқмаган соҳани танлашининг олдини олишга ёрдам беради.
Болаликда олинган тарбия ва таълим келажак учун пойдевор вазифасини ўтайди. Бу пойдевор қанчалик мустаҳкам қўйилса, боланинг камолоти ҳам шунча ишончли бўлади. У келажакда оиласига, яқинларига, она халқига муносиб ғамхўрлик қила олади. Юрт равнақига ўз ҳиссасини қўшади. Болаларга кўрсатилаётган эътибор ҳам аслида юртимиз келажаги учун яратилаётган заминдир.
...Қаҳрамонимиз Дилноза Раҳимжонова эса, боғчага мослашиб, у ерга меҳр қўйди. Дўстлари билан иноқлашиб кетди. Тарбиячи опаларидан кўп билимни ўзлаштирди. Ўзбек тилидаги нутқини қўя турайлик, ҳатто рус ва инглиз тилларида ҳам бийронгина гаплашишни ўрганди. У яқинда Чуст туманидаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабининг биринчи синфига боради. Ота-онаси боғчадан даво топган қизалоқнинг аъло баҳоларга ўқишига ишонишади.
Боғчага борган боланинг ютуғи аслида шу.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил