— Қўйинг домла, ўзим юваман. Йўқ-йўқ... Майли. Сизга хизмат бўлади-да энди. Қўлларим қорамойга булғанмаганда ўзим ювардим. Сал оздан қуйинг домла.
Йўқ, совун шартмас, анави «сода»ни узатасизми? Раҳмат. Энди сал кўпдан қуйинг! Қўрқмай қуяверинг!.. Тўғриси, бугун озмунча иш бўлмади, домла. Сиздан бошқанинг иморати бўлганида инженер айтса ҳам бормасдим. «Запчаст» ўзимиздан — киссадан, ремонтни бола-чақанинг ризқидан қийиб қиламиз. Идорадаги ҳамма техникалар келинчакнинг либоси кийдирилган кампирга ўхшайди. Далага етмай тўкилиб кетади. Меники ўзимнинг чаққонлигимдан юмалаб турибди... Сал тўхтанг! Энди совунни олинг! Ҳа энди, домла, номига суртамиз-да муни. Минг ювганингиз билан барибир юқи қолаверади. Сувдан қуйинг! Секинроқ. Шундай-шундай... Бироқ, домла, темир ҳам ўзидан ўзи юрмайди. Тўнг эриганда ремонт қилгандим, яна ремонтга келиб қолди, сабил. Шланкадан автол сачратса ҳам бир амалладим. Сизга йўқ деёлмадим. Уч йилмиди, йўқ, тў-ўрт йил папка орқалаб изингизда йўрғаладик, ахир... Бўлди-бўлди, раҳмат! Бармоқ ораларини оқартириш шартмас. Яна барибир қорамойга ботирамиз. Сочиғингиз яп-янги экан-а, хўп-хўп, майли. Кетганимдан кейин янгам қарғаб юрмасин, тағин. Юринг-юринг, сиз бошланг! Лекин домла, зўр иш бўлди бугун. Йўғ-э, сиздан юқорига чиқаманми? Ноқулай бўлса-да, нимаям дердим. Ўзингизам жойлашиб олинг. Ишқилиб, омадингиз бор экан, домла. Иш битмагунча шланка ёрилиб кетмаганига беш кетдим. Сизга ҳам беш кетдим, домла. Мактабда беш ололмай ўтган бўлсак ҳам ишларимиз беш. Беш бармоқнимас-у тўрт бармоқни оғизга сиғдирса бўларкан. «Бешбармоқ» пишибдими? Оҳ-оҳ! Айтмоқчи, янгам казачка эди-я! Овқатни совутмайлик, бошланг домла, бошланг! Қўйинг домла, қуйинг! Қўйинг демаяпман, қуйинг деяпман. Кучлироғидан. Чақадиган бўлса, қовоқари чақсин! Нима бало, мазангиз йўқ. Қаттиқроқ уриштиринг! Пиёла синса, жаранглаб синсин! Нега уриштирадилар, дейсизми? Шуниям билмайсизми, домлажон? Кўзимиз — кўриб роҳатланади, оғзимиз — ичиб, қўлимиз — ушлаб. Қулоқни ҳам қондириш керак-ку. Яхши ўқимасак ҳам қулоққонди бўлганмиз. Илмниям қулоқдан қуядилар. Мазангиз йўқ, домла. Яхши ичган одамнинг калласи яхши ишлайди. Кўпдан қуйинг, домла. Бульдозерга ёнилғини кўп қуйиш керак. Лекин домла бугун зўр иш бўлди. Ўқимасанг, одам бўлолмайсан, деб кўп айтардингиз. Одам бўлолмасак ҳам беш тракторчига бригадир бўлиб юрибмиз, домлажон... Энди, бизга рухсат берсангиз, яхши отамлашдик. Мендан хафа эмасмисиз? Нима? Пулими? Сиздан пул олиш уятку-я, бироқ ўзингиз тушунган одамсиз, ёнилғи, запчасть... дегандай, кейин, инженернинг улуши бор. Бироқ, сиздан пул сўрасак, тилимиз узилиб тушмасмикан. Лекин ўзим учун эмас, Ҳазрати Довуднинг ҳақига бир нима олмасак, бизнинг ишимиз юришмайди. Қолаверса, сиз берган пул — табаррук. Раҳмат, рози бўлинг! Хўп, хайр домлажон! Кетиш олдидан табаррук қўлингизни яна бир сиқаб қўяй. Эсингиздами, мана шу қўлингиз билан мени бир шапалоқ ургандингиз...
...Воҳ-ай бошиммм! Кеча нима бўлди, ўзи! Домла менга нима деди? Ҳа-ҳа, эсладим: «Менинг битта шапалоғим билан бригадир бўлдинг, иккита шапалоқ еганингда инженер бўлардинг! Мансабингни унданам юқорига кўтаришим мумкин эди-ю, бироқ ҳеч қачон одам бўлмаслигингни билиб бошқа урмадим…»
— Дадаси, кеча маст бўлиб пулингизни домланикида — кўрпачанинг тагида қолдириб кебсиз. Ўғлидан бериб юборибди.
— Қани у?
— Кетди.
— Нега мени уйғотмадинг? Атайин қолдирганман, домлага билдирмасдан. Ҳозироқ қайтариб олиб бор!
— Тавба. Сизни таниёлмай турибман. Кеча бир нимага йўлиқдингизми дейман.
— Ҳа, йўлиқдим.
— Ажинагами?
— Фариштага.
Маҳмуд РАЖАБ
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил