Умрининг сўнгги куни қазоси кўзига қир бўлиб кўринган дам кекса генерал ўғлини ёнига чақирди.
— Ота, Сен ҳали кўп яшайсан. Бу нима деганинг. Тобинг қочди, холос.
— Гапимга қулоқ сол, ўғлим...
— Йўқ, гапирма! Хоҳласанг, бутун Воронежни остин-устун қиламан, Россияни оёққа турғизаман, анқонинг уруғи қўшилган дори-дармон бўлсаям топиб келаман, хоҳласанг, ҳозироқ чет элга олиб учаман, ўша ёқда даволатаман. Фақат ўлим ҳақида гапирма, жон ота...
Ўғлон йиғлаб тиз чўкди. Отасининг тўшакда тобора ҳолсизланиб бораётган титроқ қўлларини ўпди.
— Нима десам қиласан-а? — чол лаблари тамшаниб илтижоли боқди.
— Ҳа, ота! Айт. Фақат... фақат...
— Зоғора нон егим келяпти. Ўзбек тандирида қип-қизариб, қотиб пишган зоғора нон...
Ўғил ҳайратланиб қаради.
— Қирқ иккинчи йили хандақда ётганимизда лейтенант Шарапов ён чўнтагидан олиб берувди. Жуда лаззатли, чети бироз куйган, лекин жуда ширин, қотган, қип-қизариб пишган бир бурда нон. Зоғора нон.
Ўғилнинг ботинида бир ўкрик тўлғонди. Ота давом этди:
— Фарғона деган жой бор. Тоғ тагидаги қишлоқ. Тонг чоғи қуёш қишлоққа жуда яқинлашиб келаркан. Тоғдан шарқираб тушган Оқсой суви қишлоқни иккига бўлиб оқади. Одамлар ҳовли эшикларига қулф солишмайди. Ҳар бир хонадонда тандир бор. Ҳар бир уйда эрталаб тандир ёнади. Ҳар бир тандирдан офтоби нон чиқади — офтоб чиқади. Ана, тимқора сочини занжир қилиб ўрган навниҳол, гўзал ўзбек қизи тандирга ўтни ташлаяпти. Ҳовлиларда ишкомларда саватдай-саватдай бўлиб узумлар осилиб ётибди. Боғларда мевалар ғарқ... Эй-эй, Шарапов, сенмисан оғайни!? Кўришмаганимизга ҳам анча бўлди. У-ҳув, ўзгармабсан-а. Юртинг чиндан ҳам эртакдагидай гўзал экан, биродар. Эй, бу зоғора нон-ку. Раҳмат оғайни, унутмабсан-а... Шу нонни соғинганимни қаердан билдинг, Шарапов?!
Бемор генералнинг хаёли улоқди. Ҳамшира томирига укол урди. Укол таъсир қилмади. Чол яна алмойи-жалмойи гапириб алаҳсий бошлади.
— Шарапов, доим бир гапни кўп гапирасан: «Бир бурда нонга одамнинг қорни тўяди...» — дейсан. Ҳақ айтасан. Мана, бир бурда нонга қорним тўйди-ку. Лекин... Одамзод нега шуни тушуниб етмайди? Нега одамзод бир бурда нонга қорни тўйса ҳам очкўзлик билан бир-бирини ғажийди. Уруш қилади, Шарапов?! Агар буни тушунганда эди ер юзи тинч бўларди, ер юзида уруш бўлмас эди... Сен билган оддий гапни бугун бутун дунё тушунишини истайман, Шарапов.
Чол жимиб қолди. Хонага оғир сукунат чўкди. Сўнг бир тўлғониб, ҳансиради, сўниб бораётган нигоҳини тепасидаги ўғлига тикди.
Олигарх титраб-қақшаб турарди. Генералнинг сўниқ чеҳрасида туйқус майин табассум ёйилди. Енгил нафас олиб:
— Бир бурда нон... Бир бурда нон ҳаммамизга етади, — деди ҳорғин ва титроқли овозда.
Бу унинг сўнгги гапи эди.
Қўчқор НОРҚОБИЛ
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил