Андижонлик Самандаровлар оиласидаги файзнинг сири нимада?
Боланинг эртага қандай инсон бўлиши, аввало, унинг ота-онаси кимлигига, оиласида ўзаро ишонч, ҳурмат ва аҳилликнинг қай даражада қарор топганига боғлиқ. Бу ўзгармайдиган ҳаётий ҳақиқат.
Андижон вилояти Бўз туманидаги «Маданият» маҳалласида истиқомат қилаётган Мирзаолим ака Самандаров учун ҳам бу ҳақиқат ҳар нарсадан муҳимроқ. У ўттиз йилдан ортиқ туман почта бўлимида ишлади. Хабарчи сифатида турли матбуот нашрларини обуначиларга ўз вақтида етказди, одамларга маънавият-маърифат улашишдек эзгу ва савобли ишга ҳисса қўшди. Эшикдан Мирзаолим аканинг кириб келиши, маҳалладагиларга ўзгача кайфият улашгани рост. Сабаби, қўлида маънавият-маърифат улашувчи газета-журналларни кўтариб олган Мирзаолим аканинг юзидан ҳам зиё нури ёғилиб тургандек гўё...
Мирзаолим аканинг рафиқаси Раҳимахон ая узоқ йиллар мактабгача таълим муассасасида болажонларга таълим-тарбия берди. Албатта, бундай инсонларнинг фарзандлари ҳеч қачон ёмон бўлмайди. Улар зиё нури билан хонадонини ҳам нурафшон этгани ҳақиқат. Мирзаолим ака ва Раҳимахон ая тўрт азаматни тарбиялаб вояга етказишди. Отаси олиб келган матбуот нашрлари, китобларни биринчи бўлиб ўқиб чиқадиган фарзандлари, мана, ҳалол ва билимли инсонлар бўлиб улғайишди, эл корига ярайдиган инсонлар бўлишди.
— Ўғилларим тарбиясида ота-боболаримдан қолган сабоқларни, ҳаётий ҳикматларни дастак билдим, — дейди Мирзаолим ака. — Сабаби, асрлар синовидан ўтган амаллар ишончли бўлади. Шукр, ўғилларим менга фақат раҳмат эшиттиришди. Ўзим почта хизматида ишлаган бўлсам-да, ҳар доим турли матбуот нашрларига атай обуна бўлардим. Эҳтимол, нон олиб келолмаган кунларим бўлгандир, лекин қўлимда ҳамиша газета-журнал бўларди. Уларни ўзим ҳам ўқиб чиқардим. Шу сабабми, болаларим китоб ўқишга меҳр қўйишди. Меҳр ва қизиқиш бор жойда танбеҳ бериб ўргатишга ҳожат қолмас экан. Болаларим мактабни аъло баҳоларга битириб, олийгоҳлар имтиҳонидан ҳам аъло даражада ўтишди.
Мирзаолим аканинг тўнғич фарзанди Хуршидбек Бўз туманидаги 22-мактабда болаларга тарих ва ҳуқуқ фанидан дарс берди. Унинг фикрича, ўқитувчининг вазифаси болаларга дарсликдаги мавзуларни тушунтириш эмас, балки ҳар бир мавзунинг мазмун-моҳиятини ва аҳамиятини ҳаётга боғлаб етказа олишдадир. Шу ақидага амал қилгани учунми, Хуршидбекнинг шогирдлари доим фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллашади. Унинг бу меҳнатлари ва жонкуярлиги ўз натижасини кўрсатди. Хуршидбек «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонига сазовор кўрилди. Ҳозирда у вилоят халқ таълими бўлимининг методик марказида тарих фани методисти бўлиб, ёш педагогларга ўзининг қимматли услубий тавсияларини бериб келяпти.
Мирзаолим аканинг иккинчи ўғли Элёрбек халқининг осойишталиги ва тинчлиги йўлида хизмат қилмоқда. Хушнудбек катта акаси каби ўқитувчилик касбига меҳр қўйган.
— Аҳилликда гап кўп дейишган, бу гапнинг мағзини чақиш керак экан, — дейди Мирзаолим ака. — Инсон учун энг яқин инсонлар — оила аъзоларидир. Ҳар гал ишини якунлаб, оилам даврасига шошилганимда кўнглим хотиржам тортганини сезардим. Аёлим дарвозани ҳар гал очиқ чеҳра билан очарди. Дастурхон бошида бирин-кетин салом бериб кириб келаётган болаларим кўнглимни ўн чандон ёритарди. Ишимда нимаики ташвишим бўлса, дарров унутардим. Айтинг, бундай қўрғонни асраш керак эмасми? Шундай файзли гўшада аҳилликни йўқотиш мумкинми? Тўғри, ҳаётда баъзан йўқчилик, оғир кунлар бўлган. Ўшанда аёлим менга доим далда берган. Бугун аҳолининг турмуши ўсди, дастурхони турли ноз-неъматлар билан тўлиб бормоқда. Бундай замонда оиланинг бузилиб кетиши — тўқликка шўхликдан бошқа нарса эмас. Аслида ҳам оиланинг мустаҳкамлиги пулга эмас, кўнгилга, маънавиятга ва ҳалолликка боғлиқ.
Инсон умри давомида олган билими қанчалик бойиб борса, унинг ҳаёт йўллари ҳам шунча нурафшон бўлади. Бу билимлар инсонни хатолардан асрайди. Самандаровлар оиласининг файзи, обрўси ҳам бу хонадонда ҳамиша билим манбаи бўлган китоб ва матбуот нашрларининг узилмаслиги, уларнинг билим олишга бўлган интилишидадир балки...
Илҳомжон ТОЖИБОЕВ
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔233
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔265
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔436
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил