Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Ростгўйлар

Раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак-да. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг.

Ростгўйлар

Лекин ходимлари ундан ҳам ўтар ҳақиқатпараст бўлса, раҳбарга ҳам осон тутиб бўлмайди.

...Тунов куни хизмат сафари билан бир туманга бориб қолдим. Айни пахта йиғим-терими авжга минган маҳали. Бир кичикроқ лавозимдаги раҳбарга дучор бўлдим.

— Ука, — деди у ҳовлиқиб. — Иш бошимдан ошиб-тошиб ётган пайт келдингиз-да ўзиям. Бир ҳафта бўлди, ҳатто, уйимга бориб, рўзғоримдан ҳам хабар ололганим йўқ. Далада иш ёниб кетяпти ахир. Саҳармардондан кетамиз, шомда қайтамиз.

Мен жим туриб эшитдим. Шунчалик ишга кўмилиб, банд бўлиб қолган одамга ташвиш келтираётганимдан хижолатда эдим.

У уст-бошини қоққан киши бўлди. Менинг жим туришимни кўриб, қизишиб кетганини сезди, шекилли, сал юмшади:

— Ҳа, майли, иш қачон тугаган ўзи. Хўш, нима ташвиш билан юрибсиз, ука? Биздан нима хизмат?

Муддаони айтдим.

— Ие, шунақами? — деди у  афтини бужмайтириб. Сўнг яна дийдиёсини бошлаб юборди: — Тонг саҳардан бери далада эдим, келишингизни билганимда, идорада бўлардим, ука. Ўша ерда тез ҳал қилардик-да, ишингизни.  Ҳозир идорада қоровул ҳам йўқ, ҳамма пахтада.

У гапира-гапира қўл соатига қаради.

— Оббо! — дея ҳайқириб юборди бирдан. — Тушлик ўтиб кетай дебди-ку! Ишлайвериб, овқатланиш ҳам кўзга кўринмайди баъзан. Юринг, ҳув анави жойда бир тамадди қилиб олайлик. Қолгани бир гап бўлар...

Раҳбар ошхона томон бошлади. Ростдан ҳам тушлик маҳали аллақачон ўтиб кетган, қорин сибизға чалиб турган эди, йўқ деб ўтирмадим. Бир пиёла чой келиши билан мезбон яқиндан танишиб олайлик, деб қолди.

— Кўрдингиз, иш қизғин, пахта териляпти, — деди у яна танишганимиздан сўнг. — Бош қашлашга вақт йўғ-эй. Ҳамма далада чумолидай ишлаётган пайтда ҳорманг, деб турмасангиз бўлмайди. Биз меҳнаткашларга осон эмас, ука, сидқидилдан ишлаб ётибмиз...

— Шундай, ака, шундай, — дейман мен унинг гапини маъқуллаб ва нонни синдириб, қайноқ шўрвага тўғрай бошлайман.

— Ҳозир ҳамма ходимимиз теримчиларга кўмак бериш учун пахта теряпти. Теримчиларни руҳлантириб туриш керак-да...

— Ҳа, нимасини айтасиз, — дедим мен яна ва шўрвага бўккан нондан апил-тапил ея бошладим. — Ҳай, деган туяга мадад!  

Мезбон ҳали совиб улгурмаган чойдан бир пиёлани симирди.

Шу маҳал дастёр йигит бир шишани келтириб, дастурхонга қўйди. Ёнида газаклари ҳам бор. Мен раҳбарга савол назари билан қарадим. У кўрсаткич бармоғини лабига босиб, «тиш-ш-ш» деди. Сўнг: 

— Бу ерларда чангбосди қилмасангиз бўлмайди, укам! — деди у ва тиқинини очиб, пиёлага қуя бошлади.

Ҳар замонда унга шерик бўлиб турдим. Мезбоннинг кўзлари сузила бошлади.

— Шу ергача қидириб кепсизми, хавотир олманг, ишингиз осон битади! — деди кайфияти чоғ бўлгач. — Ҳозир бир ходимимни чақираман, тезда ҳал қилиб беради.

У кимгадир икки-уч қўнғироқ қилди, жавобсиз қолди. Сўнг хижолат тортиб, елка қисди:

— Доим жавоб бергич эди. Ҳайронман...

Шу пайт телефони жиринглаб қолди.  

— Ана, ўзи чиқяпти! — деди у тиззасига шапатилаб. — Ало? Раҳимжон, ҳорманг! Нима қил­япсиз? Ҳа, яхши, яхши. Ҳозир ошхонадамиз. Бир меҳмон бор. Ёрдам бериш керак. Тез келинг. Ҳа, ўша ошхонага. Чопинг!

Раҳимжон дегани келгунича суҳбатлашиб ўтирдик.

— Туман одамлари жуда меҳмондўст экан, — дедим мен.

— Ҳа, — деди у. — Меҳмон деса, жонимизни тўшаймиз. Боя тушга яқин бир тўйга борувдим. Ана, одам! Қўшни вилоятлардан ҳам икки автобус меҳмон келибди. Оёғи тагига қўй сўйишди. Еб-ичари жуда зўр бўлди.

— Қойил!..

— Ишингизни тезроқ битирсангиз, кечга яқин яна бир тўй бор, олиб бораман. Ўз кўзингиз билан кўрасиз. Кўпкари, олиш берилади.

— Иш кўп-ку, ака...

— Ие, ука, қўйсангиз-чи! — деди у ошкора норози бўлиб. — Шунчаси ўтди, қолганиям бир гап бўлар. Иш қачон тугаган...

У яна бир пиёлани сипқориб, устидан газак олди.

— Шу десангиз, одам ҳаётга бир марта келади... Чангга беланиб ўлиб кетиш инсофданми, айтинг? Инсофданми шу?

Гапини маъқулладим.

Шу маҳал бир одам келиб қолди.

— Ие, Раҳимжон, келинг! — деди мезбон. — Бунча ҳаялладингиз?

— Ассалому алайкум! — деди келган одам ва тўғри менга қараб қучоғини очиб кела бошлади. Кўришдик. Эгнига оҳори тўкилмаган костюм-шим, малла кўйлак кийган, бошига қалампирнусха қалпоқ бостириб олган бу киши худди мажлисдан чиқиб келаётганга ўхшарди. Кўришаётганда ундан арақ ҳиди келиб кетди. — Яхшимисиз, меҳмонжон! Хуш кўрдик!

Раҳбар бизни бир-биримизга таништирди. Дастурхон емакка тўлди. Пиёлага яна қуйилди.

— Далада ишлар қандай кетяпти? — деб сўради раҳбар ходимидан.

— Зўр кетяпти, катта! — деди Раҳимжон ака.

— Бу киши энг кўп терадиганлардан, — деди раҳбар менга кўзини қисиб. Сўнг унга юзланиб, сўради: — Хўш, тушгача неча кило бўлди?

— Етмиш килоча бўп қолди-ёв, катта!

— Яшанг!

Суҳбат қизигандан-қизиди. Раҳимжон ака жўшиб кетди:

— Бизнинг элга биринчи келишингизми, меҳмонжон?

— Ҳа...

— Қаерлардан сўраймиз?

— Пойтахтдан...

— Балли! Отангизга раҳмат! — деди у елкамга қоқиб. — Менинг ҳам кенжа ўғлим Тошкентда ўқийди. Университетда! Пойтахтда ўқишнинг ўзи бўладими. Боягина шаҳарга  бориб, самолётдан пул бервордим, студентга. Телефонда гаплашувдим-да. Пулинг бўлмаса айт, дедим. Керакмас, ота, дейди уккағарнинг ули. Ёнимда эллик мингча бор эди, ошнам билан шаҳар айлангани борувдим, ундан йигирма минг олиб, қўшдим, етмиш минг бервордим-эй!

— Раҳимжон! — деди раҳбари. — Сиз даладамидингиз ё шаҳар кетувмидиз?

— Далада эдим, катта, далада эдим...

— Шаҳар бордим дедингиз-ку, ҳозир?

— Шаҳаргаям бориб келдим-да.

— Пахта нима бўлди унда?

— Пахтаниям теряпмиз, катта. Теряпмиз.

— Шу кийимдами? — деди катта унинг пўрим костюми ёқасини силаб қўяр экан.

— Ҳа... Нима қипти? Божа ўғил уйлантираётган эди, эрталаб ош берди. Тўйга дала кийимида бормайман-ку. Куёв бола келин билан айлангани шаҳарга бораётган экан, далага кетаман деб, кайфчиликда ўшаларнинг машинасига ўтириб олибман, денг. Тўғри шаҳарга кетиб қолибмиз. Кейин пойтахтдаги ўғилга пул жўнатворибман. Ўзи шу зормандани ичмаганимда, пул жўнатармидим мен...

— Кейин-чи?

— Ўша ёқдан қайтаётувдик, сиз чақириб қолдингиз... Бир бошга бир бошлиқ деб, чопиб келавердим-да, катта.

Раҳбар ҳам, мен ҳам анграйиб қолдик.

Хуллас, ўша куни ишим битмади. 

Ошхонадан чиқиб, раҳбар мени қўярда-қўймай кўпкарига олиб борди. Сўнг кураш томоша қилаётганимизда унинг телефони жиринглади:

— Ҳов? А? Ассалому алайкум! Ишдаман, катта! Даладаман дейман. Итдай ишлаяпмиз. Каллаи саҳарлаб келиб, ярим тунда қайтяпмиз ўзи. Қанақа шовқин? Ҳа, теримчилар бу, ғурунг-ғурунг қилиб, пахта тер­япти-да...  

У узоқ гаплашди. Тортишди. Қизарди-бўзарди. Сўнг: 

— Оббо! — деди телефонда гаплашиб бўлгач. — Ўлдим энди. Катталар мени топа олишмай, Раҳимжондан сўрашибди. Бу галварс мени тўйга кетди, деб айтиб қўйибди...

Айтувдим-ку сизга, раҳбар деганлари бу даражада ростгўй бўлмаслиги керак. Эса ходимларининг ҳолига вой деяверинг. Энг ёмони, ходимларнинг ҳақиқатпарастлиги. Бундай ҳолда ишлаб ҳам, бировга мақтаниб ҳам бўлмайди, мен сизга айтсам...

 

Жасур КЕНГБОЕВ




Ўхшаш мақолалар

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

🕔15:43, 15.05.2026 ✔121

МУҚАДДИМА

Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

Батафсил
Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

🕔09:06, 08.05.2026 ✔115

...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

Батафсил
Дарахтлар – менинг  дўстларим

Дарахтлар – менинг дўстларим

🕔16:47, 30.04.2026 ✔136

...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    МУҚАДДИМА

    Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

    ✔ 121    🕔 15:43, 15.05.2026
  • Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    ...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

    ✔ 115    🕔 09:06, 08.05.2026
  • Дарахтлар – менинг  дўстларим

    Дарахтлар – менинг дўстларим

    ...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

    ✔ 136    🕔 16:47, 30.04.2026
  • Миздаҳкан –  ўн икки минг  қўрғонли қалъа  ҳамон қад ростлаб турибди

    Миздаҳкан – ўн икки минг қўрғонли қалъа ҳамон қад ростлаб турибди

    Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.

    ✔ 224    🕔 15:32, 26.03.2026
  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 332    🕔 16:15, 19.02.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар