«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилУзоқ умр кўришнинг ҳам, шифокорга иши тушмасликнинг ҳам, ҳар қадамдаги дорихоналарни «қисқартириш»нинг ҳам йўли битта!
Маълумотларга кўра, 2017 йил давомида республикамизда 8,5 миллиондан кўпроқ фуқарога тез тиббий ёрдам тизими орқали хизмат кўрсатилди. Бу юртимиздаги қарийб ҳар тўрт одамдан биттасига дегани. Худди шу даврда 3 миллионга яқин бемор стационар ва амбулатор шароитда даволанди.
Аммо биз фикр юритмоқчи бўлган масала тиббиётимизнинг улкан ютуқлари ҳақида эмас. Албатта, аҳоли саломатлигини сақлашда соҳа ходимлари амалга оширган ишлар таҳсинга сазовор. Лекин… Бу рақамлар аслида нимадан дарак беради? «Танганинг иккинчи томони» — тиббий ёрдамга эҳтиёж ошиб бораётганидан (фавқулодда ҳолатлар, табиий омиллар бундан мустасно, албатта), соғлом турмуш тарзи биздан йироқлашаётганидан далолат беради. Соғлом ҳаёт, жисмоний тарбия ва спортга ўз ҳаётимизда деярли эътибор қаратмаётганимизни яққол кўрсатади.
Ҳаммамизга таниш бир ҳолат. Бирор жойимиз оғриганда шифохонага бориб озгина навбатда туриб қолсак, жиғибийрон бўламиз. Бизни куттирган ўша касалхонаю шифокорни танқид қиламиз. Айримлар бунинг учун ҳозир жуда «мода» бўлган усул — ижтимоий тармоқларни «ёрдам»га чақиради. Шундай қилса, «эффекти» кучли-да. Сўнг дўхтир ёзиб берган дориларнинг қимматлигидан обдан нолиймиз. Агар узундан-узун рецепт бўлса, асти қўяверинг. Хуллас, асабийлашиб яна касал бўлаверамиз.
Бошимиз деворга текканда, касалхона ёки дорихоналар эшигини тақиллатишгача етиб борганда саломатлигимиз эсга тушади. Ваҳоланки, олдиндан қайғуриш ҳам мумкин. Бунинг асрлар мобайнида синалган, энг ишончли кафолати — меҳнат, ҳаракат, жисмоний тарбия ва спорт билан мунатазам шуғулланиш экани аллақачон ўз исботини топган.
Яқинда пойтахтимизнинг айрим гавжум кўчаларида турли ёшдаги одамлар орасида кичик сўровнома уюштирдик. Савол оддий: бадантарбия ва спорт билан шуғулланасизми?» Киши таъбини хира қилгани, аксарият юртдошларимиз «Йўқ», дея жавоб берди. Негалигини сўраганимизда улар «Вақтим зиқ», «Имкон топа олмайман», «Иродасизлик, дангасалик қиламан», «Кеч уйғонишим боис спорт билан шуғулланишга улгурмайман», «Зерикарли, қизиғи йўқ», «Соғлиғим кўтармайди» каби важлару, «узрли» сабабларни келтиришди.
Айни пайтда 97 ёш бўлишига қарамай, ҳаракат, жисмоний машғулот учун ўзида куч, имкон, вақт, соғлиқ ҳам топаётган андижонлик момо Робихон Имяминова беихтиёр хаёлимизга келди. Яқинда маҳаллий интернет нашрларимиз бу ҳақда ёзишди. Гап шундаки, момо уч кам юз ёшида ҳам велосипед минишни канда қилмаган. Қишлоқдаги тўй-маърака ёки бошқа олисроқ жойга бориш керак бўлганда, ҳар доим ана шу икки ғилдиракли «дастёр»дан фойдаланади. Яқинлари уни велосипедсиз бирор жойга бормаслигини яхши билади. Бундай ҳолатга маҳалладошлари ҳам кўникиб қолган, оддий ҳол сифатида қабул қилади.
«Шу кунларга етиб келишимда велосипед минишимнинг аҳамияти жуда катта, — дейди онахон. — Юрагим уриши жойига тушиб, нафас олишим ҳам яхшиланади. Қўл-оёқларим чигали ёзилади, кайфиятим кўтарилади. Шунча қулайликлардан воз кечиб бўладими?!»
Ҳа, баҳона излашдан осони йўқ. Аммо оддий «дармон-дори» — жисмоний тарбия билан доимий шуғулланиб, узоқ умр кўриш, ҳаётдан кўпроқ баҳра олиш, йиллаб тўплаган маблағни саломатликни тиклаш учун эмас, балки яшаш шароитларини янада яхшилашга сарфлашга не етсин?
Ўтган ойда Ёшлар иттифоқи ташкил қилган оммавий марафонда қатнашдим. 16-30 ёшгача йигит-қизлар (қисман фахрий кўнгиллилар ҳам бор) 10 километр масофага югуриш бўйича беллашди. Эътибор беринг, югуришда иштирок этаётганлар айни кучга тўла ёшда. Бироқ… Старт берилиб, бир километр босиб ўтар-ўтилмас, айрим ёшлар ярим йўлда қолиб кетди. Чарчаб, мусобақани давом эттира олмади. Маррага биринчилар қаторида етиб келганлар эса асосан (аниқроғи, барчаси), спорт билан мунтазам шуғулланадиган йигит-қизлар. Улар орасида енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзоси ҳам бор.
Мана шу ҳолатнинг ўзиёқ бизнинг жисмоний тарбия ва спортдан нақадар узоқлашганимизни кўрсатмаяптими? Тўғри, ўн километр масофани босиб ўтишни унча-мунча киши уддасидан чиқолмайди. Бунинг учун аввалдан махсус тайёргарлик керак. Фақат кишини таажжубга солгани баъзилар марафонни ақалли пиёда юриш машқи билан охирига етказмади. Бу эса ташвишланарли ҳолдир…
Хаста бўлиб қолган вилоятлик бир танишим пойтахтга келди. Дардига даво излаб республика ихтисослаштирилган урология марказига бордик. Бу ерда зарур кўриклардан ўтиб бўлгач, шифокор қандай дори-дармонларни олиш кераклиги, қандай овқатлар истеъмол қилиш лозимлиги ва нималардан тийилиш зарурлигини ёзиб берди. Рецепт қоғознинг охирига «Енгил жисмоний машқлар. Ҳар куни 30 дақиқадан», деб ёзди. Шифокор бу айнан қандай жисмоний машқлар эканини кўрсатиб берди.
Шундан сўнг, танишим дарҳол ўша машқларни бажаришга киришибди. Айтишича, бир неча кун ўтиб, фойдасини сезибди. Аҳволи олдингидан анча яхши, организмида ўзгариш бор. Ҳолбуки, буюрилган дори-дармонларни ҳали сотиб олмаган. Ўзини ярим соғайиб кетгандай ҳис этибди. Илгари умуман шуғулланмаган бўлса, мана энди жисмоний тарбияни канда қилмаяпти.
Ҳа, ҳаракатда қанча кўп бўлсак, шунча яхши. Шунда йўлиқишимиз мумкин бўлган дардга даво иқтисодий жиҳатдан анча арзонга тушади…
Шу йилнинг 20 сентябрь куни Президентимиз раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилганди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари профессионал спортда эришилган ютуқлар билан чегараланмасдан, оммавий спортга ҳам катта эътибор бериш кераклигини айтди. Аҳоли, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғуллантириш ишлари яхши йўлга қўйилмагани, дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёшдаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмаганини кўрсатиб ўтди.
«Мамлакатимизда спортни оммалаштириш бўйича беш йиллик миллий концепция ишлаб чиқиш зарур. Аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, соғлом турмуш кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиб, одамларнинг умрини узайтириш концепциянинг асосий йўналиши ва натижаси бўлиши керак», — деди Президентимиз йиғилишда.
Лўнда қилиб айтганда, турли вазирлик-идоралар олдига бир қанча аниқ вазифалар қўйилди. Хўш, уларнинг амалдаги ижроси қандай бўлмоқда?
— Вазирлигимиз ҳамда бошқа бир қатор давлат ташкилот ва идораларининг мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди, — дейди Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев. — Мазкур ишчи гуруҳ жисмоний тарбия билан нофаол бўлган аҳоли қатламини спортга кенг жалб этиш учун оммавий жисмоний тарбия ва спорт тақвим режасини ишлаб чиқди ва у ҳукумат томонидан тасдиқланди. Унга кўра, ҳар ойнинг биринчи ҳафтаси ёшлар, иккинчиси хотин-қизлар, учинчиси маҳалла ва нуронийлар, тўртинчиси таълим муассасалари ҳафталиги деб эълон қилинди. Шу орқали спорт тадбирлари ва мусобақалар уюштирилиб, одамларни жисмоний тарбия ҳамда спортга қизиқтиришга эришилмоқда.
Хусусан, илк маротаба тажриба сифатида «Ёшлар спорт ҳафталиги» ташкил этилиб, унинг доирасида олимпия ва ноолимпия ҳамда миллий спорт турлари бўйича мусобақалар, оммавий бадантарбия машқлари ва спортни оммалаштиришга қаратилган бошқа тадбирлар ташкил этилди. Бундан ташқари, республика бўйича барча спорт муассасалари атрофдаги маҳаллаларга бириктирилиб, аҳоли жисмоний тарбия ва спортга фаол жалб қилиняпти.
Бироқ энг муҳимини унутмаслик лозим. Ушбу саъй-ҳаракатлар сизу биз — юртдошларимизнинг хайрихоҳлигисиз ҳеч қандай натижа бермайди. Улар амалда самарали ишлаши учун одамларнинг ўзида ҳам жисмоний тарбия ва спортга иштиёқ бўлиши талаб этилади. Яъни, оиладаги муҳит, тарбиянинг роли катта. Агар ота-она жисмоний маданиятга муҳим деб қарамаса, ўзини, фарзандини унга ошно этмаса, кўзланган мақсадга эришиш мушкул.
— Кексалар дуога қўл очганда «умринг узоқ бўлсин», деган тилак билдиради. Албатта, ҳамма ҳам узоқ яшашни хоҳлайди. Лекин бунинг учун нималар қилиш керак? Саволга жавоб оддий — соғлом турмуш тарзига риоя этиш, — дейди Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. — Бунинг учун эса энг аввало, тўғри овқатланиш керак. Ундан кейин жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш лозим. Учинчиси, шахсий гигиенага амал қилиш даркор. Тўртинчиси, чиниқиш. Ва ниҳоят, зарарли одатлардан воз кечишни ўз ичига олади. Мана шуларга амал қилган одам саломат бўлади. Турли, айниқса, хавфли касалликлар, жумладан, миокард инфаркти (ўлимга олиб келувчи сабаблар орасида пешқадам), инсульт (иккинчи ўринда), қандли диабет (учинчи) ҳамда онкологик хасталиклардан йироқ юради. Пировардида умрини узайтиради.
Кунига беш километр пиёда юришнинг ўзиёқ жуда кўп касаллликларнинг олдини олади. Агар шунча масофа босолмасангиз, уч километр юринг, борингки, бир километр юринг. Саломатлигингиз сабабли ётиб қолган бўлсангиз, ётган ҳолатда машқ бажаринг. Ўтириб қолган бўлсангиз, шу ҳолда шуғулланинг. Хуллас, ҳаракатда бўлинг.
Жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштиришнинг муҳим шартларидан бири бу — методология яратишдир. У ҳаётга татбиқ этилса, юқорида айтилган беш тамойилга амал қилинади. Боиси жисмоний тарбия ва спортга ошно одам тўғри овқатланади, шахсий гигиенага амал қилади, ичмайди, чекмайди ва ҳоказо. Жисмоний тарбия ва спортнинг биз учун мафкуравий, тарбиявий аҳамияти ана шунда.
Спорт тиббиётини ривожлантириш ҳам соғлиқни сақлаш вазирлигининг яна бир асосий вазифаси. Бу соҳада ечимини кутаётган жиҳатлар бор. Хусусан, муайян спорт тури бўйича одамнинг ёшига қараб қандай жисмоний юклама бўлиши кераклиги охиригача ечилмаган. Ҳар бир спорт турида ва ёшига қараб қандай парҳез тутиши лозимлиги ҳамда овқатланиш тартиби каби масала ҳам аниқ эмас. Булар ўзининг ечимини топса, марра бизники.
Маълумотларга кўра, энг узоқ умр кўрадиган миллат бу — японлар. 100 ёш кунчиқар мамлакатнинг аксарият кишилари учун меъёр ҳисобланади. Халқининг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 84 ёш. Япониянинг бундай юқори кўрсаткичга эришишида жисмоний тарбия ва спортнинг ҳам алоҳида ўрни бор, албатта.
Масалан, японлар жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланади, велосипед минади, узоқ вақт пиёда сайр қилади. Умуман олганда, пиёда юриш, доимий ҳаракат улар учун кунлик одат, ҳатто, заруратдир. Агар имконият бўлса, улар лифтдан фойдаланмай зинадан чиқишни афзал билади.
Типик японнинг кунлик ҳаёт тарзи эса қуйидагича: вокзалга боради, поездни тик турган ҳолатда кутади, вагоннинг ичида ҳам ўриндиққа ўтирмайди. Ишга бориш ва қайтиш ҳам худди шу тарзда давом этаверади. Ҳатто, ишхонада аксарият ходим компьютер қаршисида тик туриб ишлар экан. Шу боис бу ерда ҳамма нарса гўёки одам иложи борича кўпроқ вертикал ҳолатда вақт сарфлаши учун яратилгандек таассурот қолдиради. Шу билан бирга, Японияда ҳар куни эрталаб «радио гимнастикаси», деб номланган тадбир амалда қўлланилади. Унда, айниқса, кўплаб кекса япон иштирок этади.
Хўш, бизда-чи? Кунлик ҳаётимиз қандай?
Ҳамма қатори умримизнинг асосий қисми ўқишда, ишда ўтади. Эрталаб туриб манзилимизга ошиқамиз. Чиқишимиз лозим бўлган жамоат транспорти икки-уч бекат нарида бўлса, пиёда юрмаймиз: таксида етиб оламиз. Жамоат транспортига минганда эса ўриндиқ бўш турмайди. Айримлар ёши катталарга жой бермайди. Баъзан ўзимизни жўрттага ухлаётгандай қилиб кўрсатамиз. Манзилга етиб олгунча аксарият мобиль телефонидан нигоҳини узмайди. Бирор кўп қаватли бинога кўтарилаётганда эса лифти ишламаса ёки у йўқ бўлса, роса нолиймиз.
Кечки маҳал уйга қайтиб апил-тапил овқатланамизда, сўнг ухлаймиз. Кундалик ҳаёти шу тарзда ўтадиганлар, афсуски, кўп…
Дарвоқе, айни пайтда айрим йўлларимизда махсус велойўлаклар ҳам ажратиб қўйилган. Айниқса, пойтахтимизда уларни кўп учратиш мумкин. Лекин очиғи, шу пайтгача ўша йўлакларда велосипед минаётган бирор кишини кўрмадик. Борлари эса, асосан, спортчилар: эгнида спорт кийим, пойга учун мўлжалланган велосипедда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юришади.
Яна бир масала. Аксарият ишхоналарда расмий ёки норасмий махсус чекиш бурчаклари ташкил этилган. Кун давомида ўша жойда бир неча марта «тутатиб» чиқамиз. Шунинг ўрнига, бирон бурчакка турник ўрнатиб, ҳар-ҳар замонда машқ қилиб, тортилиб турсак, яхши эмасми? Ўзи шундоқ ҳам кўпчилик кун бўйи ўтириб ишлайди, ҳаракат кам. Устига-устак, тамаки истеъмол қилса, соғлом турмуш тарзи ҳақида гапиришга ҳожат қоладими?
* * *
Олимларнинг фикрича, дунёда икки хил инсон бўлади: биринчи тоифаси ўз соғлиғига бефарқлиги боис 40 ёшдан кейин охир-оқибатда дардманд бўлиб қолади; иккинчи тоифаси эса ўз саломатлиги учун тинмай қайғуради — парҳез қилади, бадантарбия билан шуғулланади. Табиийки, бундай одам ўзига ҳам, оила аъзоларига ҳам ҳеч қандай ташвиш туғдирмайди. Чунки у мутлақо соғлом ҳисобланади. Умрининг ҳар бир лаҳзасидан завқланиб яшайди.
Шу боис олимлар инсон узоқ умр кўриши омилларини санаганда соғлом турмуш тарзининг аҳамиятини 50 фоиз, ирсият 20 фоиз, яна шунчаси атроф-муҳит ва атиги 10 фоизигина тиббиётга боғлиқ эканини айтади. Демак, қулай вазият келишини кутиб ўтирмай, жисмоний тарбия билан шуғулланишни ҳозирданоқ бошлаш, соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилиш ва атрофдагиларни бунга чорлаш фурсати аллақачон етди. Зеро, миллат генофондига бевосита дахлдор масала бу. Шуни ёддан чиқармасак бас.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил