Муштарий мактуби:
«Фарзандим тўққиз ёшда. Ҳеч тенгдошларига қўшилолмайди. Уни футбол тўгарагига берганман. Мураббийи доим койийди. Болам футболга жуда қизиқади. Ўзи ақлли, тўполончи эмас.
Лекин мураббийидан доим гап эшитади. Нима қилсак, болам жамиятга, тенгдошларига мослашиши осон кечади?»
Робия, Тошкент шаҳридан
Саволга «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассиси, психолог Замира БИЛОЛОВА жавоб берди.
— Айрим болаларнинг табиатида ҳаракатларнинг секинлиги, тортинчоқлик, оғир-босиқлик устувор бўлади. Бундай болалар тенгдошлари билан ўйнашга ошиқмайди, тили кеч чиқади, меҳмонга боришни хушламайди ва ҳоказо. Улар, асосан, ёлғиз ўйнашни ёқтиради. Бундай болаларни психологлар «флегматиклар» деб аташади.
Агар фарзандингизнинг характери юқоридаги сифатларга мойил бўлса, у билан кўпроқ мулоқот қилиш, иложи борича уни турли машғулотларга жалб этишга ҳаракат қилинг. Хавотирга ўрин йўқ, чунки бу феъл-атвордаги нуқсон эмас. Бундай болалардан, агар иқтидори тўғри йўналтирилса, катта олимлар етишиб чиқиши мумкин.
Фарзандингизнинг ҳар бир хатти-ҳаракатини қўллаб-қувватланг. Унга «Сен энди катта йигит бўляпсан, даданг ҳам, мен ҳам сенга жуда ишонамиз» каби рағбатлантирувчи сўзлар билан кўнглини кўтаринг. Зинҳор сусткашлиги ёки бир ишни дўндиролмагани учун жеркиманг. Агар шундай қилсангиз, у яна ёлғизлик қобиғига ўралиб олади.
Фарзандим футболга қизиқади, деяпсиз. Агар у ростдан қизиқса, мураббийи унинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаши керак эмасми? Бу ерда учта сабаб бўлиши мумкин: ё сиз болани қизиқмаган машғулотига бергансиз, ё мураббийи бола руҳиятини ҳисобга олмай ортиқча қаттиққўллик қиляпти ёки бўлмаса, сиз ўзингиз фарзандингиз ҳақида ноўрин ташвишланяпсиз. Ахир, ҳар қандай мураббий, айниқса, ўғил болалар билан ишлаганда, жиддий ва қаттиққўл бўлиши турган гап.
Ҳозир фарзандингиз ўсмирлик даври арафасида турибди. Сизга маслаҳатимиз, уни аста-секин мустақил қарор қабул қилишга ўргатиш керак. У ўзи шуғулланаётган машғулотидан мамнун бўлса, унга бироз эркинлик беринг. Шуғулланишни истамаса, бошқа машғулотга йўналтиринг. Яхши гаплар, дўстона муносабат билан уни қўллаб-қувватланг. Кўпроқ мулоқот қилинг, ҳадеб ваҳима қилавериб ёки атрофдаги устозлари дўстлари ҳақида салбий фикр билдириб, унинг кўнглини чўктириб қўйманг.
Ҳар қандай бола учун энг муҳими бу — ўзига бўлган ишонч. Шунга эриша олса, келажакда катта ютуқларни қўлга киритиши осон кечади.
Азиз муштарийлар! Сизни ҳам оилавий муносабатлар, фарзандлар тарбияси ёки шунга ўхшаш масалаларда қийнаётган саволлар бўлса, бизга мурожаат қилинг. Саволларингизга малакали мутахассислар жавоб беради.
Электрон манзил: info@od-press.uz
Телефон: (+998 71) 235-53-70.
SMS ёки телеграмм: (+99897) 409-11-91.
Аёл – миллат бунёдкори
🕔15:33, 06.03.2026
✔118
Бобомиз Амир Темур айтганидек, юртнинг қудрати қурилган биноларда акс этса, юртда маънавий қудрат, маданий юксаклик аёлга бўлган муносабат билан белгиланади. Аслида аёлни қадрлаш биз учун бобомерос туйғу. Бу мерос биз учун юз йиллик, минг йиллик эмас, балки жуда қадимданоқ халқнинг онгу-шуурига сингиб келаётган юксак қадрият ҳисобланади.
Батафсил
Экологик маданият – ОИЛА, МАКТАБ ва МАҲАЛЛА интеграциясига боғлиқ
🕔17:05, 08.01.2026
✔260
Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида инновацион экотизим яратиш, яъни барча тарбия ва таълим муассасаларини бир платформада уйғунлаштириб, замонавий технологиялар воситасида экологик тарбияни олиб бориш зарур.
Батафсил
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔546
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил