Зарифа опанинг қизи йўқ, аммо «қизларим» деган сўз тилидан тушмайди. Чунки...
Олис сафарга йўл олган бир киши анча масофа юриб ҳолдан тойибди. Жазирамада суви тугаб, ташналик азобига дош беролмай қолгач, дуч келган бир хонадон эшигини қоқибди. Ичкаридан нуроний бир аёлнинг чорлови эшитилгач, остона хатлаб кирибди ва бир косагина сув беришини сўрабди. Юзидан нур ёғилиб турган аёл эса, у сўзини якунламай ошхона томон кетибди. Меҳмонга олиб келаётган бир коса сувни энди узатаман деганида бехос оёғи тойиб, йиқилибди-ю, сувни тўкиб юборибди. Қилган ишидан минг хижолат тортиб, яна сув олиб келибди. Чанқоғини босган мусофир раҳмат айтиб, чиқиб кетаётган маҳал кекса аёл қилган иши учун узр сўрабди. Оёғи бехос тойиб кетмагани, балки атайин сувни тўкиб юборганини айтибди. Меҳмоннинг юзидаги таажжубни кўриб, буни шундай изоҳлабди: «Аслида қуёш тиғида терлаб кириб келганингизни кўриб, муздек сув саломатлигингизга салбий таъсир кўрсатишини тушундим. Агар бироз шошманг, нафас ростлаб олинг, десам, ҳурматсизлик бўларди. Танангиз ҳарна совиб олсин, мен берган сув соғлиғингизга таъсир қилмасин, дедим».
Мен бу воқеани эшитгач, анча вақтгача таъсирланиб юрдим. Нуроний бир онахоннинг илк марта кўрган инсонини шунчалар ўз яқинидек кўриб, ғамхўрлик кўрсатиши ҳақиқий инсонийлик намунаси эди. Аслида ҳам одам одамга ғанимат, инсон инсон билан тирик. Тўғри, ҳозир ҳам бундай кишиларни кўплаб учратиш мумкин. Қанийди, уларнинг сафи янада кенгайса. Аслида бу каби фазилатларнинг барчаси оилада, ота-она тарбияси билан сингдирилиши ҳаммамизга аён, ҳақиқат. Бир оилада тарбияли, тўла-тўкис камол топган фарзанд инсонларга, жамиятга қанча наф келтиради. Атрофидагиларни рози қилиб яшайди. Бу жуда катта шараф дегани.
Яқинда Ҳаж сафаридан келган қўқонлик онахонимиз Зарифа опа билан телефон орқали боғланганмизда ҳам мана шу ҳақиқатларнинг нечоғли муҳим эканига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Суҳбатдошимизнинг оила ва фарзандлар тарбияси ҳақида фикрларини тинглар эканмиз, гап орасида «қизларим» деган иборани кўпроқ қўллаганидан фарзандлари ҳақида сўрадик. Кейин маълум бўлдики, аслида онахоннинг тўрт ўғли бор экан. Хонадонига кириб келган келинларини ўша кундан буён қиз ўрнида кўрганидан ҳам уларни тилдан қўймаётган экан.
— Бир куни қайнонам телефон қилиб қолди, — дейди Фарғона вилояти Қўқон шаҳри Сунбула маҳалласида истиқомат қилувчи Зарифа АЪЗАМОВА. — Ҳа, болам, кўнглингизни оғритдимми, мендан хафа бўлдингизми, деса, ҳайрон қолдим. Кейин билсам, уч кун боролмай қолганимга айбни ўзидан қидириб, хижолат бўлаётган экан. Ҳақиқатан ҳам, алоҳида яшай бошлаганимиздан кейин олис бўлса-да, қайнота-қайнонамнинг кунда бир бор ҳолидан хабар олишга вақт топардим. Арзимас сабабларга чалғиб, боролмай қолганим дарров билинибди. Ҳозир ўша дамларни эслаб, қайнонамнинг оналарча меҳрини, муҳаббатини қумсайвераман. У киши берган ўгитлар, панд-насиҳатлари билан олти келин аҳил-иноқ бўлдик. Бу фарзандларимизни тарбиялашда ҳам жуда асқатди.
Ҳар бир ота-онанинг ҳаётдаги энг олий мақсади фарзандларининг бахтини кўриш, кексайганда улардан меҳр топиш, эҳтиром кўриш, албатта. Ҳашаматли иморатни бир кунда бунёд этиб бўлмаганидек, фарзанд тарбиясида ҳам тизим ва машаққатли меҳнат даркор.
Зарифа опа хотираларга берилиб, онасини эслаб гапирар экан, қизларига фақат инсонларнинг яхши томонини кўришга ўргатганини, ўзгалар дардини худди ўзиникидек билиб, куюнганини сездик. Ўзи ва опа-сингилларининг келин бўлган хонадонида ҳақиқий бахтга эришишида тарбиянинг мана шу омили муҳим аҳамият касб этганини, турмуш ўртоғининг ота-онасини ўзиникидек билиб, эъзозлаган онахон бугун келинларидан ҳам шундай ҳурмат топиб яшаётганини англадик.
Мақсадимиз бугун жонимизни койитиб, минг азоб чекиб тарбиялаётган фарзандларимиз эртага бизга ҳам муносиб эҳтиром кўрсатсин. Фақат ўз ота-онаси учун эмас, бутун юртга ҳам наф келтирсин. Юқорида айтилганидек, керак вақтида ва ўз ўрнида қўлимизга бир коса сув тутишсин. Зеро, инсонийликнинг асл моҳияти ҳам шунда.
Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА,
«Оила даврасида» мухбири
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔126
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔184
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔371
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил