Инсон ўзинг      Бош саҳифа

Хамелеон

Антон ЧЕХОВ

Устида янги шинель, қўлида тугунча, полиция назоратчиси Очумелов бозор майдони ўртасидан юриб келмоқда.

Хамелеон

Унинг орқасидан қўлида мусодара қилинган крижовник тўлдирилган ғалвир кўтариб, афти-ангори сап-сариқ городовой қадам ташлаб келаётир. Теварак жимжит... Бозор майдонида қимирлаган жон кўринмайди... Дўкон ва қовоқхоналарнинг эшиклари оч йиртқичнинг оғзидай очилиб, мунғайиб турар эди; уларнинг олдида ҳатто гадой ҳам йўқ.

Очумеловнинг қулоғига бирдан:

— Сен ҳали одам тишлайсанми, малъун! Биродарлар, қочириб юборманглар! Ҳозир бировни тишлашга ижозат йўқ! Ушла! А... э! — деган товуш эшитилди. Кучук вангиллади. Очумелов атрофига аланглаб, савдогар Пичугиннинг ўтинхонасидан бир ит уч оёқлаб, орқа-ўнгига қараб, қочиб чиқиб келаётганини кўриб қолди. Кучукни чит кўйлак кийган ва желеткасининг тугмалари ечилган бир киши қувлаб келмоқда эди. У кучукнинг кетидан чопаркан, ўзини ерга ташлаб, кучукнинг кейинги оёғидан ушлаб олди. Кучук яна вангиллади ва «қочириб юборманг!», деган овоз эшитилди. Дўконлардан мудроқ босиб ўтирган кишилар каллаларини чиқазиб қарашди ва бир дамда ўтинхонанинг олдига, худди ер остидан чиққандек, халойиқ    йиғилди.

— Жаноби олийлари, бу тартибсизлик... — деди городовой.

Очумелов сўлга бурилиб, одамлар йиғилган жойга қараб юрди. Ўтинхона дарвозаси олдида, юқорида тасвир қилинган, желеткасининг тугмалари ечилган киши ўнг қўлини кўтариб, қонга бўялган бармоғини одамларга кўрсатарди. Унинг ширакайф башараси гўё: «Сени қараб тур, лаънати!», деб турар ва бармоғи ҳам ғалаба туғига ўхшар эди. Очумелов бу кишини таниди: у заргар Хрюкин эди. Ўртада олдинги оёқларини кериб, вужуди титраб, тўполоннинг сабабчиси — тумшуғи узун ола този турарди. Унинг ёшланган кўзлари жавдирарди.

Очумелов одамлар орасига ёриб кираркан:

— Нимага йиғилдиларинг, нима гап? Бармоғингга нима қилди? Ким қичқирди? — деб сўради.

Хрюкин муштумини оғзига қилиб, йўталиб қўйиб сўз бошлади:

— Мен, жаноби олийлари, ўз йўлимга кетаётган эдим... Митрий Митрич билан ўтин тўғрисида гаплашмоқчи эдим, бирдан мана бу малъун бармоғимни тишлаб олди. Сиз мени кечиринг, мен иш қиладиган одам. Менинг ишим майда иш, менга товон тўласинлар, чунки ким билади, балким бу бармоғимни бир ҳафта қимирлатолмасман. Жаноби олийлари, законда мундақа махлуқ кишига озор берсин, дейилган эмас... Агар ҳар нарса тишлайверса, у вақтда дунёда турмаслик яхшироқ...

— Ҳм... ҳм... яхши... — деди Очумелов жиддият билан йўталиб ва қошларини қимирлатиб, — яхши... Кимнинг кучуги? Мен буни шундай қўймайман! Мен сизларга кучукларни бўш қўйиб юбориш нима эканини кўрсатиб қўяман! Қарорларга итоат қилишни хоҳламаган жанобларга диққат қилиш вақти келди. Бу аблаҳга штраф солинса, у вақтда кучук ва бошқа тентираб юрадиган ҳайвон нима эканини билиб қўяди! Мен унга кўрсатиб қўяман! Елдирин, — деди назоратчи городовойга қараб, — сен бу кучукнинг эгасини топиб, протокол ёз! Кучукни йўқотиш керак. Тезда! Қутурган кучук бўлса эҳтимол... Бу кимнинг кучуги ўзи!

— Генерал Жигаловники шекилли, — деди    кимдир.

— Генерал Жигаловники? Ҳм... ҳм... Елдирин, қани пальтомни ечиб ол: жуда ҳам кун исиб кетди! Ёмғир ёғса керак!.. Лекин бир нарсага тушунолмадим, у сени қандай қилиб тишлаб олди? — деб Очумелов Хрюкинга мурожаат қилди. — Қандай қилиб бармоғингга бўйи етди? У кичкина, сен бўлсанг кап-катта одамсан! Сен балки бармоғингни мих билан тешгандирсан, ундан кейин кучукни баҳона қилиб товон олиш фикри бошингга келгандир. Сенинг ким эканинг ҳаммага маълум. Мен сиз лаънатиларни биламан.

— Бу, жаноби олийлари, кулги учун, ёниб турган папиросни кучукнинг тумшуғига тутди, кучук ҳам аҳмоқ эмас, ғарч этиб тишлаб олди... Бу одамнинг ўзи тентак экан, жаноби олийлари.

— Ёлғон айтасан, кўр! Кўрмаганингдан кейин нимага ёлғон гапирасан? Жаноблари ақлли одамлар, ким ёлғон гапирганини, ким худо олдида тургандек рост айтаётганини — ҳаммасини биладилар... Агарда мен ёлғон гапирган бўлсам, суд ҳукм қилсин... Унинг законида айтилганки... Ҳозир ҳамма баравар... Менинг биродарим жамдармда ишлайди... Агар билгингиз келса...

— Тилингни тий!

— Йўқ, бу генералнинг кучуги эмас. Генералнинг бунақа ити йўқ: унинг итлари овчи итлар, — деди городовой маънолик қилиб.

— Сен буни аниқ биласанми?

— Аниқ биламан, жаноби олийлари.

— Ўзим ҳам биламан. Генералнинг итлари қимматбаҳо зотли итлар, шу ҳам итми? Бунинг афтини қара... Расво бир нарса... Шуни ҳам ит деб сақлайдими киши?! Сизда ақл борми ўзи? Бунақа ит Петербург ёки Москвада кўриниб қолса, биласизларми, нима бўлар эди? Шу ерда законга қараб ўтирмасдан, ўлдириб қўяқолар эдилар. Сен Хрюкин, жафо кўрибсан, бу ишни шундай кўйиб кетаверма!.. Адабини бериш керак! Вақт келди.

— Эҳтимол генералникидир...— дея городовой овозини чиқариб қўйди. — Унинг тумшуғига ёзиб қўймаган-ку!.. Бир кун генералнинг ҳовлисида шундай итни кўрган эдим.

— Албатта, генералники бўлса керак, — деди кимдир.

— Ҳм... ҳм... Елдирин, биродар, пальтони елкамга ташла... Шамол тургандек бўлди... Баданим увишиб кетди... Сен итни генералнинг олдига обориб сўра. Итни мен топиб юборганлигимни айт... Кўчага чиқармасинлар. Айтиб қўй. Балки у қимматбаҳодир, ҳар бир тўнғиз унинг тумшуғига папирос теккизаверса, ит айниб қолади. Кучук деган нарса нозик махлуқ бўлади... Сенга айтаман, лақма, қўлингни тушир! Аҳмоқлик қилиб, бармоғингни кўрсатиб туришга ҳеч ҳожат йўқ! Айб ўзингда!..

— Генералнинг ошпази кел­япти, ўшандан сўраймиз... Ҳай, Прохор! Азизим, қани, бу ёққа кел! Итни кўр-чи... Сизларникими?

— Шу ҳам гап бўлдими?! Биз ҳеч қачон бунақа ит тутганимиз йўқ!

— Бу ерда сўраб ўтиришнинг ҳеч ҳожати йўқ, — деди Очумелов. — Бу ўзи саёқ ит! Гапни чўзиш нимага керак? Ўзим саёқ ит, деб айтдим-ку, саёқ-да! Ўлдириш керак, вассалом!

— Бу бизники эмас, — деди ошпаз, — бу генералнинг яқинда келган укасиники. Бизда бунақа итни ёқтиришмайди. У кишининг укалари бунақа итни яхши кўради...

— У кишининг укалари келдими? Владимир Иванич-а? —деб сўради Очумелов, ийиб кетиб оғзи қулоғига етди. — Уни қара-я. Мен билганим йўқ, меҳмон бўлиб келдилар, дегин?

— Меҳмон бўлиб келдилар.

— Уни қаранг... Акаларини соғиниб қолиптилар-да... Мен билганим йўқ эди. Бу ўша кишининг итлари дегин? Кўп хурсандман... Ол, ити тушкур, ёмон эмас, зийраккина... Ол, мана бунинг бармоғини тишла, ҳа-ҳа-ҳа... Нега титрайсан? Ол, киш-киш! Кўрдингми жаҳли чиқади-я...

Ошпаз Прохор итни чақириб олиб кетди... Тўпланиб турган одамлар Хрюкинни масхара қилиб, қаҳқаҳа урдилар.

— Шошмай тур, мен сенга кўрсатиб қўяман! — деб Очумелов Хрюкинга дўқ қилди ва шинелини ёпиниб, бозор майдонидан йўлида давом этди.

Абдулла  КАҲҲОР

таржимаси




Ўхшаш мақолалар

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

🕔15:43, 15.05.2026 ✔121

МУҚАДДИМА

Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

Батафсил
Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

🕔09:06, 08.05.2026 ✔114

...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

Батафсил
Дарахтлар – менинг  дўстларим

Дарахтлар – менинг дўстларим

🕔16:47, 30.04.2026 ✔136

...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    МУҚАДДИМА

    Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

    ✔ 121    🕔 15:43, 15.05.2026
  • Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    ...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

    ✔ 114    🕔 09:06, 08.05.2026
  • Дарахтлар – менинг  дўстларим

    Дарахтлар – менинг дўстларим

    ...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

    ✔ 136    🕔 16:47, 30.04.2026
  • Миздаҳкан –  ўн икки минг  қўрғонли қалъа  ҳамон қад ростлаб турибди

    Миздаҳкан – ўн икки минг қўрғонли қалъа ҳамон қад ростлаб турибди

    Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.

    ✔ 224    🕔 15:32, 26.03.2026
  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 332    🕔 16:15, 19.02.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар