Қирқ ёшни қоралаган Исматилла исмли бир фермер танишим бор. Тиниб-тинчимас.
Иши-ташвиши ошиб-тошиб ётганидан эмас, балки ғайрати ичига сиғмаганидан бир жойда бекор ўтира олмайди. Ҳамма техникаси бор. Рўзғори тўкин-сочин, турмуши фаровон. Бир куни менга янги кўзлаётган режалари ҳақида гапириб қолди.
— Кўпдан бери бир фикр бошимда айланиб, шуни амалга оширсаммикан, деб турибман. Мева қуритадиган ва қадоқлайдиган цехни ишга тушириш, товуқ боқиш ва беш-олтита ҳовузда балиқ етиштиришни йўлга қўймоқчиман.
— Ният яхши, албатта. Аммо бу режаларингизга озмунча маблағ кетмаса керак? — сўрадим мен.
— Ҳа, маблағ керак бўлади. Буниям ўйлаб қўйганман. Банкдан кредит оламан. Ҳозир бунинг учун имкониятлар жуда катта. Олдин пишиқ-пухта бизнес режамни тақдим этишим керак. Вақти келиб, кредитни ҳам ёпаман, ҳам ишим юришиб кетади. Негаки, табиий шарт-шароит ҳам бу режаларимга мос келади. Боз устига, янги иш ўринлари яратилади.
Нимаям дердик, омадини берсин! Дарҳақиқат, бугун фермерлик фаолиятини ривожлантиришга давлатимиз томонидан улкан эътибор қаратилмоқда, имтиёзлар берилмоқда. Ана шу имтиёзлардан тўғри ва оқилона фойдалана олганларнинг эса иши ҳамиша «беш», даромади «аъло» бўлиши тайин.
Яқинда Миллий матбуот марказида фермерлик фаолиятини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида ҳам ана шундай имтиёз ва енгилликлар ҳақида сўз юритилди. Фермерлар тажрибаси ва малакасини ошириш, замонавий менежер сифатида фаолиятини ташкил этиши учун улар билан амалий мулоқот ва ўқув-семинарлари ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг ҳар бир туманида консальтинг марказлари ташкил этилган бўлиб, фермерларга ҳуқуқий, иқтисодий, агротехник ва бошқа масалалар бўйича хизмат кўрсатади. Эътибор беринг-а, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган фермер хўжаликлари 5 йилга ягона ер солиғи тўлашдан озод этилади.
— Чиндан ҳам берилаётган имтиёз катта имкониятлар эшигини очмоқда, — дейди бўкалик фермер Саидислом САЙДУЛЛАЕВ. — Шахсан ўзим, бир пайтлар банк кредити эвазига олган техникаларимнинг тўловларидан вақт ўтиши билан қутулдим. Энди ўша техникалар ўзимники ҳисобланади. Ҳозирда илгаригидек банк операциялари учун ҳам кўп вақт сарфланмайди ва барча иш — тўловлар ҳамда пул кўчиришлар жуда тез битади. Бундан ташқари, кенгаш томонидан эндиликда фермерларнинг фаолияти мониторинги олиб борилади. Бу ердан нооқилона фойдаланиш, фойдаланмай, ташлаб қўйиш ёки бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олади. Негаки, ер ўзининг ҳақиқий эгасини топиши лозим. Тўғри, фермерликка адашиб кириб қолганлар ҳам йўқ эмас. Аммо бу вақтинчалик. Эътибор бераётган бўлсангиз, ерга эгалик қилиш ер билан тиллашадиган, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдалана оладиган, тажрибали кишиларга берилмоқда.
Фаолиятини кенгайтиришга интилаётган фермерлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. 2013 йилдан бошлаб ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида фермер хўжаликларининг 46 мингтасида қўшимча ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, сервис хизматлари кўрсатиш ва бошқа йўналишлар йўлга қўйилди. Қишлоқларда 310 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
— Кўп тармоқли фермерлик фаолиятини ривожлантиришда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш минитехнологиялар бозори — «Uzbekistan Agrotech Expo»нинг ҳам аҳамияти катта, — дейди Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ижро этувчи аппарат бошқарувчиси Фозилжон ҚУЛМАТОВ. — Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган бу ихтисослаштирилган кўргазма-савдода қишлоқ хўжалиги техникаси ва машиналари ҳам намойиш этилади. Бу кўргазма-савдода ҳар йили 30 мингдан ортиқ фермерлар иштирок этади ва ўзига керакли технологияларни харид қилади.
Нурпўлат НУРҚУЛОВ,
«Оила даврасида» мухбири
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔251
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил
Шўрланган тупроқнинг тузи ариди
🕔12:23, 29.08.2024
✔437
Навоий вилоятида турли миллат вакиллари бирдам ва иноқликда яшаб келишади. Улар жамиятнинг турли соҳаларида эл-юрт учун муносиб хизмат қилишаётгани, албатта эътирофга муносиб.
Батафсил
Даромад келтираётган чиқинди
🕔11:43, 29.08.2024
✔511
Маиший ва саноат чиқиндиларини безарар утилизация қилиш бугунги кундаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб қолмоқда. Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага муаммо сифатида эмас, ишлаб чиқариш учун иккиламчи хомашё манбаи деб қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Батафсил