«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилМамлакатимизда автомототранспорт воситалари куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши мажбурийлиги жорий этилди. Бунга риоя этмаганга қандай чора (ёки жарима) кўрилади? Янги йўл белгиларидан хабарингиз борми?
Йўл қоидаларига киритилган ўзгартиришлардан-чи?
Шу ва шу каби қатор янгиликлар йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид Ҳукумат қарорида белгиланган. Янги тартиб расман 10 апрелдан кучга кирди.
Йўл ҳаракати қоидаларидаги ўзгаришлар бугун барчани қизиқтираётган масалага айланди. Тўғрироғи, аввалдан маълум қилинмагани ёки лойиҳа умумхалқ муҳокамасига қўйилмагани сабабли, кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди. Айниқса, кундуз куни транспорт воситалари чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги кўп муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Фуқароларнинг ушбу янгиликка муносабатини ўрганганимизда, кўпчилик буни жаҳон стандартларига ўтиш сифатида қўллаб-қувватласа, бу ислоҳотларни жарима ундиришнинг яна бир янги воситаси, деб ҳисобловчи қарашларга ҳам дуч келдик. Биз фикрларни ҳақ-ноҳаққа ажратишдан холисмиз, аммо уларни умумалаштириб, тўхталиб ўтишни лозим топдик.
Биринчидан, Ўзбекистоннинг қуёшли ўлкалиги эътиборга олинса, барча автомашинанинг ёруғ пайтида, айниқса, ёзнинг жазирамасида ҳам чироқни ёқиб юришида қанчалик мантиқ бор? Амалда «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 138-бандига асосан — транспорт воситалари саф бўлиб (ташкилий жамланма) ҳаракатланаётганда, автобуслар ва йўналишли транспорт воситаларида, шатакка олиб кетаётган транспорт воситаси каби айрим ҳолатлардагина кундузи ҳам чироқ ёқиб юриши шарт эди. Бу кам сонли ҳолат диққатни тортиб, ҳайдовчиларни ҳушёр торттирарди. Эндиликда-чи, барча транспорт воситасида бир хилда чироқ ёнади. Демак, эътиборни ҳам тортмайди.
Жаҳон тажрибасига келсак, асосан туманли, ёғингарчилик кўп мамлакатларда иқлим шароитидан келиб чиқиб, йўлда кўринишни кучайтириш мақсадида кундузи ҳам чироқларни ёқиб ҳаракатланиш шартлиги жорий этилган.
Иккинчидан, доимо чироқларни ёқиб ҳаракатланиш учун бугун республикамиз аҳолиси эҳтиёжидаги автомобиль воситалари (айрим замонавий моделлардан ташқари) бу талабга жавоб берадими? Бот-бот аккумулятор алмаштириб, ортиқча харажатга қолмаймизми?
Учинчидан, аксарият фуқаролар ҳисоблагандек бу ислоҳот — жарима ундиришнинг янги бир воситаси эмасми? Тўғри, замонавий автотранспорт воситаларида ўт олдиргандаёқ чироқлари автоматик ёқилади. Аммо бу функция миллий автомобилларимизнинг ҳамма русумида ҳам мавжуд эмас. Демак, турли объектив сабаблар билан чироқни ёқиш эсдан чиқиш ҳолатлари ҳам бўлади. Бу жарима ундиришга яна бир баҳона бўлиб, йўлларда асаббузарликни кўчайтирмайдими?
Жарима — ҳуқуқбузарлик учун ундирилади. Ҳуқуқбузарликнинг оқибатини — ижтимоий хавф ташкил этади. Юридик адабиётларда ҳуқуқбузарликка кўплаб таърифлар берилган. Хусусан, ҳуқуқшунос олим З.Исломовнинг таъкидлашича, «ҳуқуқбузарлик — шахсга, мулкка, давлатга ёки умуман жамиятга зарар етказувчи ижтимоий хавфли, айбли, ҳуқуққа зид ҳаракатдир».
МЖТ кодексга асосан эндиликда транспорт воситаси чироғини ёқмасдан ҳаракатланиш ҳуқуқбузарлик сифатида қайд этилиб, жаримага тортилишини эътиборга олсак, бунинг жамиятга қанчалик зарар етказувчи ижтимоий хавфи бор экан, деган савол туғилиши табиий.
Расмийлар ҳар доимгидек бундай муносабатларни рад этади.
— Жаҳон тажрибасида чироқларни ёқиб юриш йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда ижобий таъсирини кўрсатиши исботланган, — дейди Ички ишлар вазирлиги ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Акмал ЮНУСОВ. — Чироқни ёқиб келаётган транспорт воситасини пиёда бўладими, бошқа ҳайдовчилар бўладими, узоқ масофадан илғайди, ҳушёр бўлади. Ўйлаймизки, бу ўз натижасини беради ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини қўриқлаш бўйича ўринбосари, полковник Азизхон Умархоновнинг матбуот вакиллари учун уюштирилган брифингда таъкидлашича, ИИВга бошқа вазирлик ва идоралар билан бир ой муддатда аввал қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янги қарорга мувофиқлаштириш вазифаси топширилган. Шу сабабли бир ой давомида фақат тайёргарлик кўрилади, ушбу тоифа ҳуқуқбузарликлар учун жарималар қўлланилмайди.
Дарҳақиқат, кўчаларимизда транспорт воситалари кўпайгани сари, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш долзарб бўлиб бормоқда. Тажрибали ҳайдовчиларнинг айтишича, ҳайдовчилик маданиятини шакллантирмасдан йўл транспорт ҳодисаларини камайтириб бўлмайди. Афсуски, бугун ҳайдовчилик маданияти масаласи бизда анчайин қуйи даражада туради.
— Тошкент шаҳридаги 115 чорраҳага ўрнатилган камералар ишга тушгач, қоидабузарликлар сони сезиларли даражада камайди, — дейди ИИВ ЙҲХББ бошлиғи Холматжон САЙДАЛИЕВ ЎзАга берган интервьюсида. — Ўз навбатида, бу камералар фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш учун қоидаларнинг айрим бандларини тўлдириш зарурлиги аён бўлди. Гап 5.33 рақами билан белгиланган тўхташ чизиғи тўғрисида кетяпти. Камералар бу қоидабузарликни ҳам тасвирга туширар, ҳайдовчилар эса айрим холларда бунга эътироз билдирар эди. Яъни «машинам ғилдираги тўхташ чизиғини босмаган, олдинги нуқтаси чизиқ устида турибди» каби тушунмовчиликлар юзага келаётган эди. Шу сабабли қоидаларнинг 41-банди биринчи хатбошиси қуйидагича қайта таҳрир қилинди:
«41. Светофорнинг (реверсивдан ташқари) ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситаларини тўхташ чизиғи (5.33 йўл белгиси) олдида (бунда транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак), ... тўхташи керак. Демак эндиликда машинанинг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устида турса ҳам қоида бузилган саналади.
88 ва 89-бандлар кўпчиликка тушунарли бўлган қуйидаги кўринишга келтирилди.
«Аҳоли пунктларидаги иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади».
Ушбу ўзгартириш кўча ва йўллар ўтказувчанлигининг ошишига хизмат қилади. Агар бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда ҳаракат бўлаги битта бўлиб, ўнг ва чап томонга транспорт воситаси тўхтаганда бошқа транспорт воситалари йўлнинг ушбу қисмидан ўтишига имкон қолмайди.
89-банд. Транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисмида бир қатор қилиб, қатнов қисми четига параллел равишда, кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади.
Транспорт воситаларининг қатнов қисми четига бурчак остида қўйилиши қатнов қисмининг сунъий торайишига, яъни 1,5 ҳаракат бўлагини эгаллашига олиб келади. Натижада кўчанинг ушбу қисмида ўтказувчанлик пасайишига сабаб бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда 89-бандга «қатнов қисми четига параллел равишда» сўзи қўшилди.
Чорраҳада ҳаракатланиш тартибига ҳам қўшимча киритилди. Эндиликда «Айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка (имтиёзга) эга».
Амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»да айланма ҳаракат ташкил этилган чорраҳада ҳаракатланиш тартиби белгилаб берилмаган эди. Шунинг учун айлана ҳаракат ташкил этилган жойлар бир-биридан фарқ қиларди. Ҳаракатланиш йўл белгилари асосида ташкил этиларди. Шунингдек, ушбу қоидаларнинг 60-бандида ҳайдовчи ўнг томондан яқинлашиб келаётган транспорт воситасига йўл бериши кўрсатиб ўтилган. Шу сабабли ҳозирги кунда айлана бўйлаб ҳаракатланаётган транспорт воситаси ўнг томондан айланага яқинлашиб келаётган транспорт воситасига йўл бериши натижасида айланада тирбандлик ҳолатлари юзага келиб, кесишманинг ўтказувчанлигига салбий таъсир кўрсатаётган эди. Эндиликда бу масалага ҳам ойдинлик киритилди.
***
Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги ҳужжатда яна қуйидагилар белгиланган:
■ Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимларига айрим йўл участкаларида ҳаракат тезлигини (тегишли йўл белгиларини ўрнатиш) пасайтиришга ваколат берилган;
■ қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат ва шу каби тўкилувчи товарларни ташишда юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан ёпилган бўлиши керак;
■ велосипед ва мопед ҳайдашда рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш тақиқланади.
■ Бундан ташқари ўзгартиришлар билан 28 та янги йўл белгилари киритилди. Қизил чироқда ўнгга ҳаракатланиш, радар, пиёда ва велосипедчилар учун ташкил этилган йўлак каби белгилар шулар жумласидандир.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил