Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Адолатнинг синган қаноти

яна Зулфия мукофоти ёхуд бу мукофотга номуносиблар ҳақида

Адолатнинг синган қаноти

Сўнгги вақтларда Зулфия номидаги давлат мукофоти атрофида кечаётган гап-сўзлар, баҳс-мунозаралар тинмаяпти. Кимдир бу мукофотга саралаб олиш жараёнини нохолис деса, яна кимдир бу мукофотни қизлар истеъдоди билан эмас, «қўли узун» ота-онасининг кучи билан олмоқда дейди. Албатта, Зулфия мукофоти қанча истеъдодли қизларимизни кашф этаётгани сир эмас. Бироқ, юқоридаги гап-сўзлар ҳам бекорга чиқмайди-да. Келинг, яхшиси ўзим гувоҳ бўлган айрим воқеаларга тўхталиб ўтсам. Хулоса эса ўзингиздан.

Зулфиячининг армони

Ишхонага кирар эканман, ҳамкасбимнинг ўйчан аҳволда ўтирганига кўзим тушди. У мени ҳаттоки хонага кирганимни ҳам сезмади. Бироз муддатдан сўнг сабрим чидамай, «Тинчликми»,  деб сўрадим. У эса бошини зўрға кўтарганича:
— Тинчлик, бугун кечаси билан ухлолмадим. Ҳаловатим йўқолди, — деди ва бирпас сукут сақлаб, яна гапини давом эттирди. — Шунча йил ўтди-я! Ёдимдан ҳам чиқиб кетганди. Кеча тадбирга боргандим. У ерда бир танишимни кўриб қолдим. Бир неча йиллар олдин Зулфия мукофотини олганди. Ўша пайтлари унга ҳамма ҳавас билан қараб, ижодини кўкларга кўтариб мақтаганди... Тўғриси, уни кўриб хурсанд бўлдим. Аввалгидек чиройли, дилбар. Кўринишидан бахтли, ҳаётидан розидек эди. Оиласи, икки нафар фарзанди бор экан. Фақат суҳбат сўнггида кутилмаган бир гап айтиб қолди. У шунча йил фақат мени деб яшабди. Китобларидаги ҳамма шеърлари менга аталган эмиш...
— Хўш, шунга нима қилибди? — деб сўрадим.
— У шунчалар изтироб билан сўзладики, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Уйга борсам аёлим аҳволимдан хавотирга тушиб қолди. Нега мен буни илгарироқ фаҳмламадим, нега қатъийроқ ҳаракат қилмадим?..
— Аввало оилали, фарзандли бўла туриб сизга шу гапларни айтган ўша аёлнинг ўзи калтафаҳм экан. Фаҳмсиз аёлнинг сўзларидан шу қадар изтиробга тушиб ўтирган сиз эса... Қандай ажойиб оилангиз, меҳрибон аёлингиз бор-аа? Кап-катта болалари бор одамга шу гаплар ярашадими? — дедим.
Ҳафта давомида ҳамкасбимнинг кайфияти шу аҳволда юрди. Кейин эса бўлар-бўлмасга хотинини ёмонлаб, нолийдиган одат чиқарди. Ўйламай айтилган сўз дилни вайрон қилади, дейишади. Ноўрин айтилган бир оғиз сўз эса аҳил оилани парчалаб юбориши ҳам ҳеч гап эмас экан... 
Қизиқ, бу аёл кўксига тақиб юрган мукофотнинг қадр-қиммати қанчалар баланд эканлигини билармикан? Аслида Зулфияхонимнинг кимлигини англаганмикан? Мукофотга сиймоси туширилган аёл ўзбек халқининг садоқат тимсоли, 29 ёшида бева қолгану, умрининг сўнггига қадар икки фарзанди ва қаламига суянган вафодор аёл эканлигини тушунганмикан?!.

«Вой, қофия қўймабдими?..»

Таҳририятимизга жуда кўплаб ҳаваскор ижодкор қизлар келишади. Кузатсангиз ёзганлари жуда бўш, лекин дарров элга танилишни, машҳур бўлишни исташади. «Қандай китоблар ўқигансиз?», деган саволга эса тайинли жавоб бера олишмайди. Шундай қизлардан бири қўлимга чиройли муқовали китобни тутқазиб:
— Мени китобим чиққан, шулардан бирини чиқарсангизлар, — деди. Шеърларини ўқиб кўрдим:
— Шеърларингизнинг кўпчилигида қофия, туроқ, вазнга умуман эътибор берилмаган. Китобнинг кўринишидан чоп этилиши анча қимматга тушганга ўхшайди. Ҳайронман, нега нашриётдаги муҳаррирлар ҳам бунга аҳамият беришмаган? — дедим. У бўлса ҳайратланиб:
— Вой, бу шеърларни менга нашриётдаги муҳаррир опанинг ўзлари ёзиб бергандилар. Қофия қўймабдиларми? Дадам, «Мана сени китобинг чиқди», деб қўлимга берганларида кўргандим. Уйга бориб айтаман, ўзлари гаплашиб қўядилар, — деди. Мен унга шошиб, ўйламай гапириб юборганидан хижолат чекадими, деган ўйда қарасам, юзида бепарволикдан бошқа нарсани кўрмадим.
— Китоб ўқишни хоҳламас, шеърларни ҳам ўзингиз ёзмас экансиз. Унда бу ясама китобнинг сизга нима кераги бор? Келажакдаги мақсадингиз нима эканлигини билсам бўладими? — деб сўрасам, у менга:
— Зулфия мукофотини олмоқчиман. Мукофот олсам ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинаман. Дадам буёғидан хавотир олмагин, деганлар, — деди...
Ўйланиб қоласан киши. Бундай кўзбўямачиликнинг кимга кераги бор?!
Ҳар йили мукофот учун ўтказиладиган республика танловларининг бир қисми мен ишлайдиган бинонинг тўртинчи қаватида, хонамнинг шундоққина ёнгинасидаги мажлислар залида ўтказилади. Танлов пайти йўлак мукофотга номзод қизлар билан тўлади. Айрим пайтлари ғала-ғовур, шовқин-сурон авжга чиқади. Чиқиб қарасам, атиги 4-5 тагина қиз китоб ўқиш билан машғул, қолганлари бир-бири билан гап сотиш, йўлакнинг ўртасида туриб олиб ўзини селфи қилиб расмга тушириш билан овора бўлади. Расмга тушишга шунчалик берилиб кетишадики, орқасида отаси тенги одам йўлакдан ўтолмай кутиб турганига ҳам аҳамият беришмайди... Шундай пайтда хаёлимдан, «Бундай аҳволни Зулфияхоним кўрганларида қандай аҳволга тушган бўлар эди?», деган ўй ўтади.

«Ўзимни ташлаб юбораман»

Мукофотнинг тартиб-қоидасига кўра номзодини топшираётган ҳар бир ижодкор қиз ўзининг турли газета ва журналларда чоп этилган ижод намуналари  билан биргаликда камида 3-4 та таҳририят томонидан берилган тавсияномаларни тақдим этишлари лозим. Шу сабаб айни танлов олди таҳририятларга тавсиянома ёзиб беришни илтимос қилиб жуда кўп ёшлар, ота-оналар келишади. Уларнинг орасидан ҳар томонлама фаол, ижоди билан чиқишлар қилаётган тиришқоқ қизларга ҳеч иккиланмай тавсиянома берилади. Аммо ижоди талабга жавоб бермайдиган қизларимизга ўз устида кўпроқ ишлашлари зарурлигини тушунтириб, таҳририятимиздан қуруқ қўл билан чиқаришга мажбур бўламиз. Шундай пайтларда вазиятни тўғри тушунганлари узр сўраб, бошқа таҳририят томон чиқиб кетишади. Тушунмаганлари эса, айниқса, айрим оналаримиз ўзларининг хаста эканликларини, ҳозир тавсиянома ёзиб бермасак юраги кўтаролмай, ҳушидан кетиб, «ўзини ташлаб юбориши»ни айтиб бизни анча ноқулай аҳволга солиб қўйишади. Бундай пайтларда нима қилишимизни билолмай бошимиз қотади. 
Уларнинг «томоша»ларини кўриб, гоҳ кулгингиз, гоҳ йиғлагингиз келади. Қизиқ, бундай оналарнинг тарбиясини олаётган қизлардан эртага нимани кутишимиз мумкин? Наҳотки, бир мукофот илинжида орият, ғурурни осонгина оёқ ости қилишгача бораётган бўлсак?!

«Мен чиройли эмасман-да...»

Бир аёлни яхши танийман. Боғчада фаррошлик, боғбонлик қилиб икки фарзандини ёлғиз ўзи катта қиляпти. Катта фарзанди Гулзода жуда тиришқоқ, билимли қиз, одобини кўрсангиз ҳавасингиз келади. Бир куни суҳбат чоғида Гулзода уйимда кичик кутубхонам борлигини билгач, қувониб кетди. Китобларимни ўқишга бериб туришимни илтимос қилди. Ҳар ҳафта 3-4 та китоб олиб кетадиган бўлди. Бу қизнинг интилувчанлигини кўриб, фарзандларимга ўрнак қилиб кўрсатдим. Гулзода бир-биридан ажойиб шеърлар ёзади. Кейинчалик у шеърларини кичик китобча ҳолида чоп эттирди. Ўқитувчиларининг маслаҳати билан  Зулфия  номидаги давлат мукофотига номзодини топширди. Бир йил эмас, уч йил. Ҳар гал умид билан кутарди, аммо натижасиз. Телеэкран орқали мукофот билан тақдирланаётган ёки тақдирланган қизларни кўрса бир тўкилиб тушарди шўрлик.
Бир куни телефоним жиринглади. Гўшакни кўтарсам Гулзоданинг онаси:
— Илтимос, қизим билан бир гаплашинг. Қийналиб кетдим. Бир оёғим невропотологга қатнаш бўлиб қолди. Аҳволи яхши эмас... — деди. Шошиб бордим. Ҳақиқатдан ҳам Гулзода бир аҳволда ўтирарди. Руҳий тушкун, ғамгин. Узооқ гапирдим. У эса ҳеч нима демасди. Фақат йиғларди. Бир оғиз ҳам гапирмай жим турган қиз дабдурустдан:
— Менга мукофот олмаганим эмас, адолатсизлик қилишгани алам қиляпти. Чиройли қиз эмасман-да. Балким, шунинг учун менга аҳамият беришмаётгандир. Туман бўйича ўтказилган танловда энг юқори балл меники эди. Буни қарангки, яна бир қиз билан балимиз тенг бўлиб қолибди. Нозима иккимизни ҳокимиятга чақиришди ва берилган мавзу юзасидан шеър ёзиб беришимизни сўрашди. Туман бўйича атиги бир киши олинар экан. Шунга қайта имтиҳон топширдик. Кейин бизга ўзлари телефон орқали натижасини маълум қилишларни айтишди. Ишонасизми, неччи кун имтиҳон натижасини кутдим. Лекин ҳеч ким қўнғироқ қилмади. Шундан сўнг Нозиманинг онаси синов натижаси билан қизиқибди. Биласизми, улар нима қилишибди? 
Биринчи синов пайтида ҳаммадан паст балл олган бўлса-да, «Бу синовларнинг заррача аҳамияти йўқ. Нима бўлгандаям мен барибир аниқ ўтаман...» деб ҳаммамизга беписанд қараб ўтирган қизни ўтказишибди. 
Бугун қизларнинг мукофот билан тақдирланаётганини кўриб...
— Тақдирланганлар ичида ўша қиз ҳам бормиди? — деб сўрадим.
— Йўқ, учратмадим... Аммо танлов ўтказилаётган пайтда адолатсизликлар бўлаётганини кўрдим. Тўғриси, китоб ўқигим, шеър ёзгим келмай қолди, — деди у оғир тушкунлик билан...

Муаммо балки имтиёздадир

Бу йил Зулфия номидаги давлат мукофоти таъсис этилганига 20 йил тўлди. Шу йиллар давомида айтиш мумкинки, мукофот соҳибаларидан фақат ўттиз фоизигина ижоди, юриш-туриши, одоб-ахлоқи билан ушбу эътирофга лойиқлигини исботлабди. Демак, қаердадир, кимлар томонидандир, турли «ўйин»лар орқали  адолатнинг қаноти синдириляпти. Шунча вақт оралиғида турли соҳа вакиллари томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали бир қанча фикрлар, таклифлар, эътирозлар билдирилди. Аммо негадир ҳали-ҳамон бу муаммо ўзининг ечимини топа олганича йўқ.
Назаримда бир йилда 28 номзодга Зулфия мукофотининг берилиши мақсадга мувофиқ эмас. Сабаби сон қанча кўпайгани сари, сифат ҳам пасаяди. Айниқса, мукофотнинг берилишида спорт йўналишига кўпроқ эътибор қаратилаётгани ижодкор қизларимизни бироз ранжитиб қўймоқда. 
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Зулфия мукофотининг спортчи қизларимизга берилиши қанчалар тўғри аслида? Балки чемпион қизларимиз учун «Тўмарис» мукофоти таъсис этилиб, 28 та мукофотнинг тенг ярми ўша қизларимизга ажратилиши лозимдир. 
Мукофот низомидаги ғолиб қизларнинг олий ўқув  юртига имтиҳонсиз қабул қилиниши масаласини ҳам ўйлаб кўриш вақти етган. Балки шу имтиёз олиб ташланса ижод қилишга умуман қизиқиши ҳам, лаёқати ҳам бўлмаган қизларимиз «адашиб» Зулфиячи бўлиб қолмас. Ахир рағбатнинг, тақдирлашнинг йўллари кўп-ку!

Картошкагул

...Ҳовлимиз атрофига турли хилдаги атиргуллардан экдик. Бир неча кун ўтиб атиргулларнинг олдини тўсганича бир ўсимлик баланд бўлиб ўса бошлади. Ўзига ишонч билан ўсишини кўриб, бу қандай ўсимлик экан, дея уни кузатдим. Қаддини тик тутганича сап-сариқ бўлиб очилганидан, бу картошкагул эканини билдим. У шунчалар виқор билан турардики, ортида ўсган атиргуллар ҳам қўринмай қолди. Яна бу гул тез кўпайиб ҳам кетар экан. Охири сабрим тугаб, атрофни картошкагуллардан тозалай бошладим. Уларни камайтирганим сари атиргулларимнинг чиройли юзи бўй кўрсата бошлади.
Ҳеч қанча вақт ўтмай аввалги ўрнидан яна картошкагул ўсиб чиқа бошлади. Кейин билсам, унинг ўрнига бошқа бирор ўсимлик экилсагина, қайта ўсмаслиги мумкин экан. Шундан кейин ҳовли атрофини тўлдириб райҳон экдик. Тўғри, райҳоннинг бўйи паст, кўриниши ҳам ўртамиёна. Аммо ифори бўлакча, ёқимли, тароватли...

Нилуфар ЖАББОРОВА,
журналист




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар