Оила дастурхон атрофида жам бўлди. Аёл боши билан уч ўғил ва уч келиннинг бошини бирлаштириб, қарилик гаштини суриб юрган Соҳиба ая дастурхонга келтирилган таомни бошлаб бергач, ҳамма овқатга қўл узатди.
Таомдан сўнг келинлар ҳамма ёқни тартибга келтириб, дастурхон атрофига ўтирганларида Соҳиба ая бир гап айтиб қолди.
— Шу яқинда олган нафақа пулимни кенжамиз — Турсунжонга бермоқчиман. Ўзи шу кунларда пулдан сиқилиб юрибди. Нима дейсизлар?! — деди ая бирма-бир ўғилларига тикилиб.
— Энди, она, нафақа сизники. Кимга беришни лозим топсангиз, ўшанга бераверасиз-да, биз нима ҳам дердик, — жавоб қилди катта ўғил Муроджон кулиб.
— Ҳа, тўғри, бераверинг! — қўшилди бу фикрга ўртанча ўғил Юнусбек ҳам.
Аммо катта келинларнинг юзида тунд ифода пайдо бўлди. Уларнинг иккови ҳам қайноналарининг бу фикрини хушламади.
Эртаси куни Соҳиба ая ўзи бориши керак бўлган катта йиғинга ҳам кенжатойи Турсунжонни юборди. Бу ишдан сўнг катта келин — Барно эрини эговлай бошлади.
— Ойижон бунча кенжатойларини эркаламаса?! Нима, сизлар фарзанди эмасмисизлар?! Кеча нафақаларини шу қайнимга бердилар. Бугун ҳам зиёфатга уни юбордилар! Бизга эса ҳеч вақо тегмади, лоақал бирровга ўтиб қўйинглар ҳам демадилар-а!...
Ҳар доим аёлининг гапига бирон фикр билдирадиган Муроджон бу сафар жим қолди. Ўзининг хаёлига ҳам бугун шу фикр келган эди: «Онам кенжамизни кўпроқ яхши кўрадилар!..»
Ўртанча келин ҳам ўз навбатида Юнусбекка дардини тўка бошлади.
— Ҳмм, тавба! Ойижонга ҳам ҳайронман-да! Шу кенжа ўғилларини хўп яхши кўрадилар-да! Худо билсин, шу кунгача нафақаларини шу эркатойга бергандирлар!
— Ҳа, энди, кичик фарзанд она учун азиз-да! Нима бўлганда ҳам, меҳрлари кўпроқ тушган... — деди Юнусбек маҳзун оҳангда.
Эртаси куни яна бир воқеа юз берди. Соҳиба ая Турсунжон билан қаердандир қайтиб келди. Юз-кўзларидан аллақаердан меҳмон бўлиб қайтишганга ўхшашарди.
Бу ҳолатдан сўнг катта ўғил — Муроджон онасига пешвоз чиқиб, ундан бу ҳолатларнинг сабабини сўрай бошлади.
— Ҳа она, кенжамизни олиб қаерларда юргандингиз?! Бизга ҳам бир оғиз айтсангиз олиб бориб келардик...
— Ҳа, рост, она! Биз ҳам сизнинг ўғилларингизмиз ахир! Фақат шу Турсунжонни эркалайверманг... — болаларча ҳафа бўлиб деди Юнусбек.
Бу гаплардан сўнг Соҳиба ая енгил жилмайди. Турсунжон ҳам акаларининг ёнига келиб, уларни қучоқлаб олди. Кейин кенжа келин икки халта тўла кийимбош олиб чиқди. Турсунжон уни аёлининг қўлидан олар экан, Бирма-бир кийимларни акаларига бера бошлади.
— Бу сизларга укангиздан совға, болаларим! Бечора унга қилган хизматларингизга миннатдорлик сифатида шуларни олишига қарашиб юборишимни илтимос қилди. Нафақамни ҳам унга шу мақсадда бергандим. Онажон, бироз етмаяпти, деганига бергандим. Кеча ҳам зиёфатга айнан уни юбордим, чунки ўша зиёфатга машҳур сомсапаз ҳам келганди. Ҳозир сомса ҳам келиб қолади. Укангиз бир акаларини меҳмон қилмоқчи бўлди! — деди ая жилмайиб. — Болаларим, шуни унутмангларки, она учун ҳамма фарзанди бир хил. Мен ҳаммангизни баробар яхши кўраман!..
Бироздан сўнг уйга бир тоғора сомса келди. Катта ўғиллар ниҳоятда хурсанд бўлишди. Аслида, улар совға ёки сомса учун қувонишмаган эди. Кенжа укаларининг меҳр-муҳаббати улар учун энг яхши совға бўлганди...
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил