«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЖорий йилда етти мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак Ҳаж амалларини бажаришга муваффақ бўлишди.
Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзусидир. Узоқ ва яқин тарихимизда ҳаж ибодатини эмин-эркин адо этиш осон кечмаган. Болалик ва ўсмирлик йиллари Саудия Арабистонининг турли шаҳарларида ўтган шарқшунос-арабшунос олим, моҳир мураббий Илҳомжон ЭШОНЖОНОВ ўзининг ўтган асрдан то бугунги кунимизгача бўлган ҳаж тарихига оид хотиралари билан ўртоқлашди.
XIX асрнинг 80-йилларидан бошлаб, Туркистон аҳолиси динга бўлган тазйиқлардан қочиб, тинч-омон диёрлардан қўним топа бошлади. Хусусан, бизнинг ота-боболаримиз Фарғона водийсидан ҳозирги Қирғизистон ерлари орқали дастлаб Шарқий Туркистонга, кейинчалик Покистон орқали Макка ва Мадина шаҳарларига бориб ўрнаша бошлаган. Шу йўлни тутмаган ўзига тўқ кишиларнинг кўпчилигини шўро ҳукумати қулоқ қилган. Афсуски, чиқиб кетганлардан ҳаммаси ҳам кўзлаган манзилига етиб бора олган эмас. Карвон билан ойлаб сафарда бўлиш, бегона ва шароитсиз жойларда тунаш осон кечмаган. Йўлга чиққанларнинг фақат бир қисмигагина ўзлари орзу қилган Аллоҳнинг байтига етиб бориш, ўша жойда яшаш ва ният қилишганидай Мадинага дафн этилиш насиб этган.
Ҳижрон ва мусофирлик
Ўша йиллари муҳожирлар сафида бизнинг ота-боболаримиз ҳам сафарга отланишган экан. Улардан эшитган хотираларим ҳалигача ёдимда. Боболаримиз асли Марғилондан, она тарафимиз тошкентлик бўлишган. 1930-йилларнинг охирида йўлга чиқишиб, Қошғарда бир муддат туриб қолишган. У ерда диндош-қондош туркий биродарларимиз кўплигидан бу ерлардан чиқиб борган муҳожирлар улар билан аҳил-иноқликда яшаган. Имкон қадар, бир-бировни қўллаб-қувватлашган, кўмак беришган. Хат-савод чиқариш, ўқитиш ишларида ҳам ёрдамларини аяшмаган.
Шарқий Туркистондан каттагина карвон ҳозирлаб, Покистон тарафга сафарга чиқилган. Албатта, узоқ вақт йўлда бўлиш, нотаниш манзилларда яшаш осон кечмайди. Бунинг учун сармоя керак. Айни шу сабабли мусофирлар имкон қадар бир шаҳардан бошқасига бирор мол билан бориб тижорат қилиш ёки борган жойида ҳунармандлик билан шуғулланиб, оиласини таъминлаб туришга ҳаракат қилишган. Аёллар тикувчилик, тўқувчилик, каштачилик каби ишларга моҳир бўлишган. Эркаклар эса аёллар тайёрлаган маҳсулотларни сотишдан ташқари ўзлари ҳам ҳунармандлик қилиб, ўша шаҳар аҳлининг эҳтиёжига яраша нарсалар ясаб сотишган. Ота-боболаримиз рисоладагидек бадастир кийим кийиб юриш, хонадонни уй-рўзғор анжомлари билан тўкис қилиш инсонларнинг яшаш шароитини янада енгиллаштириши ҳамда соғлиғи учун ҳам фойдали эканини борган жойларида намойиш этишган. Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳолининг корига яраб, мушкулини осон қилиб, гўзал муомаласи билан бошқаларнинг меҳрини, ишончини қозонишган. Муомала-муносабатларда бошқаларни алдаб, ғирромлик ё фирибгарлик қилиб, пулини олишни хаёлига ҳам келтиришмаган. Фақатгина қўл меҳнати ортидан пешона тери эвазига келадиган ҳалол касб-кор билан машғул бўлишган. Шунинг учун ҳам борган жойларида ҳурмат-эътибор кўришган.
Бизнинг оиламиз Маккага етиб борганида мен етти ёшда эдим. Маккада жуда кўп туркистонлик муҳожирлар бор эди. Улар бир-бирларини ҳамшаҳар дейишарди. Олдинроқ бориб, ўша ерда яшаб қолган ҳамшаҳарлар тижорат билан шуғулланар, кўпчилиги кичикроқ бўлса ҳам ўз дўконига эга эди. Мен йиллар давомида ўша диёрда яшаб гувоҳи бўлдимки, ҳамшаҳарлар ҳамиша бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ёрдам бериб, ҳолидан хабар олиб, кўнгил яқинликда яшашган.
Меҳнатдан бўш пайтларда баъзан сув сепилган тупроқ саҳн устига гилам ёйиб, ҳамшаҳар эркаклар суҳбат қуришарди. Шундай суҳбатларда мен тенгқур болалар ҳам катталар қабатида тингловчи бўлардик. Бу суҳбатларда юрт соғинчи, сафарда ва мусофирликда кўрган-кечирган машаққатли кунлар, кундалик иш ва турмуш тарзи ҳақида гаплашиларди. У суҳбатларда бирорта ҳам фисқ-фасод, иғво, бўҳтон бўлмаган. Баъзан ўша ердаги назмтаъб кишиларнинг юртни соғиниб ёзган ғазаллари ўқиларди. Тўй-ҳашамларда оддий ҳуштак билан ўзимизнинг миллий мақомларимизга ўхшаш куйларни чалиб берадиган созандаларни ҳам эшитганман. Бундай ҳодисалар юртдан олисда яшаётган инсонлар қалбига соғинч оловини ёқар, бу соғинч гоҳида мижжалардан ёш бўлиб чиқарди...
Бухорийлар
Ўша пайтларда ўзбек, ўзбекистонлик деса, буни ҳеч ким тушунмасди. Маҳаллий араблар туркистонликларни «бухорий» деб аташарди. Бу ислом оламида катта довруқ қозонган бобомиз, муҳаддислар имоми – Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий номи билан боғлиқ.
Мен шунга гувоҳ бўлдимки, бухорийлардан ҳеч қачон ёмонлик чиққан эмас. Шунча йил ўша юртда яшаб, бирон бухорийнинг ножўя иш қилиб қўйиб, ном чиқарганини эшитган эмасман. Аксинча, бухорийлар илм-маърифатда ҳам, халққа ва жамиятга хизматда ҳам ҳамиша илғор ва пешқадам бўлишган. Бухорийлар илм-маърифатда, савдо-тижоратда, касб-ҳунарда, бунёдкорлик ва бошқарув тизимида фаол хизмат қилиб келишган. Шуни инобатга олиб, Саудия ҳукумати бухорийларга ўз халқига берган барча ҳуқуқ ва имкониятларни тақдим этган. Бир қанча бухорийлар Саудия ҳукуматининг масъул лавозимларида ишлаб, ишончга сазовор бўлган, ўзидан яхши ном қолдирган.
Бу ҳол бугунгача давом этиб келяпти. Бухорий ватандошларимизнинг яна бир хусусиятини алоҳида тилга олиш зарур. Бу уларнинг илм-маърифатга интилувчанлигидир. Абдулҳамид Тошқандий, Музаффар Тошқандий, Муҳаммад Саид, Абдулборий каби ватандошларимиз кейинчалик Саудия ҳукуматининг нуфузли лавозимларида ишлаган.
Биз кўчиб борганимизда туркистонлик машҳур олим Саййид Маҳмуд Тарозий – Олтинхон Тўра 1952 йилда Қуръони каримга етти жилдлик туркий тафсир ёзган эканлар. Бу ўша диёрларда яшаётган туркий биродарларимизга Қуръон маъноларини ойдинлаштириш учун қилинган. Бундан ташқари «Нурул басар», «Шамойили Муҳаммадийя» (Имом Термизийнинг сийрат ҳақида тўплаган ҳадислари таржимаси) каби кўплаб китоблар ёзганлар.
«Русий муслим»
Ўша пайтларда Ҳарам ҳудуди жуда кичик эди. Ҳатто юз минг зиёратчи ҳам сиғиб-сиғмай қоларди. Сафо ва Марва ҳудуди Ҳарамдан ташқарида эди. Ўша ерда савдогарлар тижоратларини қилишарди. Зиёратчилар учун қўноқ – меҳмонхоналар йўқ, сув ва озиқ-овқат етишмасди. Зиёратчилар маҳаллий аҳолининг уйларини ижарага олиб, Ҳаж мавсуми тугагунча ўша ердан бошпана топишган.
1956 йилдан бошлаб Саудия ҳукумати Ҳаж учун алоҳида шароитлар ярата бошлади. Ҳарам ҳудуди бир неча баробар кенгайтирилди. Ҳожиларни кутиб олиш, жойлаштириш, таъминлаш бирмунча ислоҳ қилинди.
...Бир йили «ватандошларимиз ҳажга келишибди», деган гап тарқалди. Ўз ватандошининг дийдорини кўриш, ота юртидан бирон мужда эшитиш илинжида ҳамшаҳарлардан кўпчилиги улар суҳбатига ошиқди. Лекин ҳамюртлари билан кўришишга ҳамма ҳам етишолмади. Тепасига «Русий муслим» деб ёзиб қўйилган бинога кириш-чиқиш қатъий назоратга олинган эди. СССР таркибидаги давлатлар мусулмон аҳолисидан бармоқ билан санарли киши ҳажга жўнатилган экан. Ўша давр учун бу ҳам катта инқилоб эди. Ота юртидан на бир хат-хабар, на янгилик, на бирон гап эшита олган тур-кистонликлар илк ҳожиларни кўзларига тўтиё қилишга тайёр эди. Ватандошини уйига таклиф этиб, бир пиёла чой билан меҳмон қилишга, шу баҳонада юртидан бир-икки оғиз хабар эшитишга интизор бўлган.
Ҳожилар – ардоқли меҳмон
Мустақилликдан кейин ҳаж зиёратига йўллар очилди. Ўзбекистоннинг ўзидан бирданига беш юз зиёратчи ҳажга борадиган бўлди. Қаторасига уч йил ўзбекистонлик ҳожилар Саудия подшоҳининг меҳмони бўлишди. У ерда муҳожирликда яшаётган ота-боболар, қариндош-уруғлар билан борди-келдилар қайта йўлга қўйилди.
Аммо халқимизда ҳаж ҳақида ҳали тўлиқ билим-маърифат йўқ эди. «Ҳаж бу – муаллақ қора тош, шу зиёрат қилинади», каби фикр-тасаввурда юрганлар ҳам бор эди. Ҳатто 80-йилларнинг иккинчи ярмида худди шу гапни бир академик мақоласида ҳам келтирган эди.
Шундай бўлгандан кейин оддий халқнинг аҳволини тасаввур қилиш мумкин. Бир неча йил ўзбекистонлик ҳожиларни ҳаж ва умра зиёратларига олиб борганимда шу саволни менга ҳам беришган. «Бизга Маккада муаллақ қора тош бор деб айтишган эди. Қани у?» қабилидаги саволлар кўп бўлган.
Бугун эса Ҳаж ибодати учун шароитлар ҳар қачонгидан яхшиланди. Ҳаж ва умрага борувчилар сафи ҳам анча кенгайтирилди. Бир пайтлар ота-боболаримиз кутган, орзу қилган эмин-эркин кунлар мана энди етиб келди. Ҳозир ҳажга бориш учун ойлаб йўл юриш йўқ. Туя карвонларида, кемада чайқалиб кетиш йўқ. Шинам ва қулай самолётлар бир зумда бизни ҳажга элтиб қўйяпти. У ерда энг замонавий меҳмонхоналар ҳожиларга хизмат кўрсатяпти. Эсимда бор, авваллари Маккада биттагина муз заводи бўларди. Ўша муз сотиб олиниб, жазирама ҳароратни бироз бўлса-да, мўътадил сақлаб туриш учун ишлатиларди. Бугун эса энг сўнги русумдаги замонавий совуткичлар ҳатто Ҳарам ҳудудидаги очиқ майдонларга ҳам ўрнатилган.
Бундай хайрли ишлар янада бардавом бўлаверсин.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил