«Ҳар қандай санъаткор ижодиёти унинг шахсияти билан чамбарчас боғлиқ. Мухлисларнинг таниқли ижодкорлар ҳаётига қизиқишлари ҳам бежиз эмас. Томири хушчақчақ аскиялар, бетакрор, серзавқ қочиримлар водийси – Фарғонага туташ Эркин Воҳидов ҳаётда ҳазил-мутойибага мойил, ўзи ҳам ҳазилкаш, қувноқ одам эди...»
Бир қанча ижодкорлар ҳаётидаги қувноқ ҳангомаларни мухлисларга тортиқ қилиб келаётган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шодмон Отабекнинг «Эркин Воҳидов бир куни...» деб номланган янги китоби китобхонларга тақдим этилди. Китобда эл суйган шоир, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг ҳаётидаги энг сара мутойибалар жамланган. Улар орасида китобхонга ҳали таниш бўлмаган, илк бор эълон қилинаётганлари ҳам талайгина.
Янги китобга кирган мутойибалардан бир шингилини ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
Маслаҳат
Эркин Воҳидов дунё кезган, жаҳонгашта ижодкор эди. У жуда кўп таниқли, машҳур шахсларнинг суҳбатини олган, ибратли воқеаларга гувоҳ бўлган. Ўзаро гурунглашиб қолганимизда шоир ўша хотиралардан ҳикоя қилиб берарди.
– Москвада чиқадиган «Юность» журнали бир замонлар жуда машҳур эди, – дея ҳикоя қилган эди Эркин ака. – Ёзувчи Валентин Катаев кўп йиллар журналга бош муҳаррир бўлган. Ҳамма нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бор. Кунлардан бир кун таҳририятга янги раҳбар тайинланди. Бу – уруш йиллари анча машҳур бўлган, мактаб дарсликларига киритилган «Чин инсон қиссаси» асарининг муаллифи Борис Полевой эди.
Янги раҳбар тажрибали, собиқ бош муҳаррирдан маслаҳат сўрайди:
– Энди бу ёғи қандоқ бўларкин? Нима қилишим керак?
Шунда Катаев ҳамкасбини ҳайрон қолдириб, шундай деган экан:
– Ижодий ходимларга халақит бермасанг бас, ҳаммаси жойида бўлади.
Шоирнинг кўчаси
Эркин ака бир куни кечки зиёфатдан уйига қайтаётиб таксига ўтиради. Йўл-йўлакай «Ўнгга юринг, энди чапга бурилинг», дея ҳайдовчига манзилни тушунтириб боради. Ниҳоят, ўзи яшайдиган Ҳувайдо кўчасига бурилишганда ҳайдовчининг энсаси қотиб, ёнидаги мижозга иддао қилади:
– Э-э, шунчалик бошимни қотирмай, Эркин Воҳидовнинг кўчасида тураман десангиз бўлмасмиди?!
Эркин ака жилмайганча бош ирғаб, ноилож «айби»ни бўйнига олади.
Энг янги гап
Эркин ака машҳур шифокор профессор Эркин Қосимов билан қуда бўлган. Бир куни профессор уйида яқин қариндош-уруғлар иштирокида кичикроқ тадбир ўтказади. Меҳмонлардан бири янглишиб, хотинига катта тоғорани кўтартириб шоир Эркин Воҳидовнинг уйига боришади. Дастурхон атрофида овқатланиб, гурунглашиб ўтиришади. Шунда гап орасида меҳмон мезбонга юзланиб, сўраб қолади:
– Эркин ака, энди янги гаплардан ҳам эшитайлик. Шоирлар ҳамма янги гаплардан хабардор бўлишади. Оламда нима гаплар бор?
Эркин ака сочиқда оғиз-қўлини артиб, шошмасдан чой хўпларкан, мийиғида кулимсираб шундай дейди:
– Оламда энг янги гап шуки, базм нариги Эркинжонникида бўляпти.
Сайёр қабул – айёр қабул
🕔13:48, 24.01.2023
✔895
(Ҳажвия)
Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.
Батафсил
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔831
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси
🕔11:06, 23.10.2022
✔920
(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)
Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.
Батафсил