«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсилёхуд «Сен одам бўмайсан...» тарбия усулидан кимларни яратяпмиз?
Бугунги ёшлар ҳақида гапирмаган, уларни муҳокама қилмаган, тўғрироғини айтганда, уларга қараб тош отмаган ўрта ёш ва ундан катталар кам бўлса керак. Нимага шундай, нимага бугунги ёшлар бизга ёқмайди, ахир уларни ўзимиз, ҳар биримиз ўз уйимизда тарбия қилаяпмиз-ку. Нимага ўзимиздан нолимаймиз-да ёшлардан нолиймиз?
Ҳеч бир ёш дунёга ўз билими, ўз қонун-қоидаси, ҳатто ўз миллати билан келмайди. Айнан биз уларни шундай тарбиялаяпмиз. Тўғрисини, ҳаётийроғини айтганда, ўзимизнинг кўчирма нусхаларимизни яратиб, яна ўз тарбия маҳсулимиздан ўзимиз тинмай нолияпмиз.
Тарбия жараёнида фарзандимиздан кўп нарсаларни талаб қиламиз. Аммо аввало ўзимиз уларга қанчалик амал қиляпмиз? Уйда фарзандимизга мана буни бундай қил, буни ундай қилма, деймиз-да кўчада, ҳатто ўз уйимизда ҳам бунинг бутунлай тескарисини қиламиз. Гўё фарзандимиз буни кўрмайди, билмайди ёки бизга мумкину фарзандларимизга мумкин эмас, дея ўйлаймиз.
Бундай дейишимнинг сабаби, бир пайтлари, замона зайлига қулоқ солиб, мен ҳам замонавийлашиб, болаларимга «Ҳозирги пайтда замона бошқа, мана буни бундай қилинглар...», деганимда болаларимдан бири: «Дада, сиз бизларни шундай коммунист қилиб тарбиялагансизки, энди ҳозирги сиз айтгандай қилолмаймиз», деган эди. Бу гапларим албатта ҳақиқий коммунистлар ва идеал орзудаги коммунизм тарозисига бир олтин тош, холос.
Баъзи олимлар каби ёшлар, тўғрироғи, ҳозирги ёшлар «назариясини» яратмоқчи эмасман. Чунки ҳар бир замоннинг ўз ўсиб келаётган авлоди ва ўз юқори авлоди бўлади. Уларнинг бир-бирлари орасидаги муомала ҳам айнан ШУ ЗАМОНГА мос ҳолда кечади ва зиддиятлардан холи бўлмайди. Бу фикрни тушуниш учун албатта айнан мана шу халқнинг урф-одатларини, тарбиядаги таянч нуқталарини яхши билиш керак. Бу билан бизнинг замондошлар ўз халқининг урф-одатларини билмайди, демоқчи эмасман. Ҳаммамиз буюк ўзбек халқи вакилларимиз ва ўз халқимизнинг қадриятларини яхши биламиз.
Аммо, бугунги кунда атрофда капитализм қонун-қоидалари ва талаблари ёшларни ўз сиқувига олиб турган бир пайти уларнинг ҳар бири ўз замонидан, рақобатли муҳитда ўз улушини бошқалардан юлиб олмоқчи бўлиб турган бир пайтда «Катталар гапираётганда жим тур», «Нарига бор, ҳали буларни тушунишга ёшсан, ҳой аҳмоқ, сен одам бўмайсан…» (бундан баттарроқларини атайлаб келтирмаяпман), деб турган пайтимиз, негадир ўзимизни айбдор қилмасдан эртасигаёқ мана шу ёш фарзандимизни ё нўноқликда ё бетгачопарликда ва ёки бошқа салбий тийнатлар соҳибилигида айблай бошлаймиз.
Шу жойда айтиб ўтайин, боланинг қулоғига етиб борган ҳар бир сўз унинг миясида умрбод қолади, 2 ёшида еган «нарсулфазол»ни унинг танаси унутмагандай, «Ҳой эшшак, одам бўмайсан...» деган сўзларни унинг мияси бутун умр ёдидан чиқармайди.
Бунинг учун уни гипноз ҳолатга келтириб 15 ёшингда фалон куни отанг сени фалон ишни қилмаганинг учун нима деб сўккан эди, деб сўрасангиз тўлиқ оқизмай-томизмай айтиб бериши мумкинлигини олимлар билади. Мана шуни билар экансиз, энди ўйлаб кўринг-чи, бугун айрим эшакфеъл болалар қаердан пайдо бўляпти? Кимлар тарбиялаб вояга етказмоқда уларни?
Ҳозирги катта ва ўрта авлоднинг ҳаммаси советларнинг, социализмнинг, хусусий мулки йўқ йўқсилларнинг фарзандлари. Буниси ҳам камлик қилгандай, бизнинг авлод тобе мамлакат авлоди. Биз адолатни Тошкентдан эмас, Масковдан кутиб, тепамиздан ДДТ сепса ҳам жим пахта териб катта бўлган авлод. Шунинг учун бирор янги чиққан ҳоким «туш ариққа, мана бу тошни кўтариб турасан...» деса шундай қилаверамиз. Яшаб турган уйимизни келиб трактор билан бузишни бошласа ҳам ўз уйимизни ҳимоя қила олмаймиз.
Юқори авлоддан гап бошласак, улар «Советларни...» қўриқлаган авлод. Улар «Ватанни...» ҳимоя қилганлар. Аммо негадир бугун бир томондан МУСТАҚИЛЛИК деб ҳайҳот соламиз, советларни ва у тизимни лаънатлаймиз... «Уларни ҳурмат қилиш керак, улар қон тўккан...», деймиз. 9 май ғалаба байрамими ёки хотира куними, деб бошқалар билан талашамиз. Бутун дунё советларнинг Афғонистонга қилган ҳужумини ҳалигача қоралайди, аммо биз бу ноҳақликда мажбуран қатнашганларни осмонга кўтарамиз. Ҳа, инсонлар сифатида улар айбдор эмас, улар мажбуран ноқонуний буйруқни бажарганлар. Хўп, шундай экан ҳақиқий ҳолатни тан олишни ҳам ўрганайлик, шундагина авлодлар орасидаги зиддиятларнинг баъзиларини тўғри тушунишга йўл топамиз. Шундагина ўз фарзандларимиз бизни ҳам тўғри тушуна бошлайди. Улар ҳам рақобатли бу дунёда ўз ҳақ-ҳуқуқларини ажратиб ола бошлайди. Бир томондан катталар гапирганда жим тур, десак. Иккинчи томондан, фермерларимиз ҳақоратланганда ҳамма айбларни катталару ҳокимларга юкласак-да ўз боламизни ўз ҳаққини талаб қилишга ўргатмаган бўлсак, ана энди КИМ АЙБДОР, деб бир ўзимиздан ҳам сўрайлик.
Катта авлод ёшларни тарбиялашдан эндигина сал четга чиқяпти. Ўрта авлод эса катталардан ўрганганини ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганча ўз кўникмаларини ёшларга ўзлари хоҳламаса ҳам тиқиштиришини қўймаяпти. Мана, уч-тўрт йил бўлдики, кичик авлод эндигина ўз ёшларини ҳаётга ўргата бошлашди. Бу билан айтмоқчиманки, бугунги кундаги 25, қолаверса, 30 ёшдагилар ўз фарзандларини тарбияга олмоқда. Бу ёшдагилар ҳаёт рақобатини ўз таналарида сезди, иш тополмай овора бўлди, қайсидир юртларда кезиб ҳам келди. Ана энди ўз фарзандлари бундай қийналишининг олдини олиш учун уларни бизнинг тил билан айтганда «шафқатсиз» қилиб тарбиялашмоқда.
Тарбияга қолганда яна бир нарсани кўздан қочирмаслик керакки, бу ҳолатни ҳам атроф-муҳит шу даражада сиқувга олганки, ўзимиз кучимиз етмаган жойда динни ёрдамга чақирамизда «Исломда бундай дейилмаган... ёки исломда бундай дейилган...» қабилида ёшларнинг йўлини тўса бошлаймиз. Назаримда, дин ва эътиқод бу ҳар бир инсоннинг энг ички, ихтиёрий танлови бўлиб қолавериши керак ва бу ҳақда Конституциямизда ҳам алоҳида қайд этилган.
Ҳар бир давр одамларига жиддий ва атрофлича таъриф ва талқинлар бериш мумкин. Улар кимгадир ёқса, албатта кимгадир ёқмайди. Чунки, ўзимиз ўзимизнинг ҳақиқий башарамизни кўришни негадир ёқтирмаймиз. Мана шу жойда ҳақиқат аччиқ бўлишини яна бир бор эслагим келади. Ахир, савдою фермерликни эплай олмаганлар авлоди ёшларга бу ҳақда ақл ўргата бошлаган пайти уларнинг иккаласини кузатишдан мароқли нарса йўқ мен — психолог учун.
Шу жойда айтгим келади, ёшларимиз уриниб-суриниб, кўп ҳолларда бурнилари қонаб ўз йўлларини излаб кета бошлади. Уларнинг бу даражада қийналишларига камида йигирма беш зулматга зое кетган йиллар ҳам ачинарли сабоқ бўлди. Буни тан олайлик, фақат «буюк келажак сари» интилаверишдан воз кечайлик.
Бугун ҳам матбуотдами, интернетдами, қаерда бўлмасин катта ва ўрта ёшдаги авлоднинг ўрганиб қолган «установка»си ёшларга нақадар оғир мусибатлар олиб келишини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Қонунларга сиғинишни ўргатишдан кўра фалончига ёки ҳокимга сиғинишни васият қилмоқчи бўламиз. Бутун дунё қонунларга сиғинишини, қонунлар доирасида аллақачон яшашни ўзларига ҚОНУН қилиб олганини тушунишни хоҳламаймиз. Тушунтира бошласангиз, советлардан қолган кўникмага таяниб Ғарбни, ғарбликларни учқўрғондан келтира бошлаймиз. Демократияга етиб келмасимиздан уларнинг демократиясини ҳақорат қила бошлаймиз. Энг бўлмаганда, ҳой мана шу демократия дегани ўзи нима экан, бу зормондани ҳам бир ишлатиб кўрайлик, демаймиз. Даҳшатлиси, болаларимиз бу йўналишда фикрлай бошласа, бу талаблар билан яшай бошласа, ҳаддидан ошган кимсага тик боқиб қарши турса, «Ҳой бола, ўзингдан катталар билан бундай муомала қилма, биз мусулмонлармиз, шарқликлармиз...» деган минглаб иборалар билан боламизни ҳимоя қилиш ўрнига (аслида ҳимоя қилгандай бўлиб) уни ботқоққа қараб етаклаймиз.
Баъзи мисоллар келтирайин. Мана, советлардан қолган одат бўйича болаларни 7 ёшда мактабга етаклаймиз. Психологлардан бу ҳолатни ифодалашни сўрасангиз айтишади. Бутун дунёда болаларни 6 ҳатто 5 ёшдан мактабга беришади. Чунки етти ёшда боланинг «бунимачилик», яъни ҳамма нарсани бу нима, деб сўрайвериш даври аллақачон ўтган бўлади. Навоий бобомизнинг 5 ва 6 ёшларида минглаб сатрларни ёд билганини эсламаймиз ҳам.
Мактабларда ҳали-ҳамон билим бериш тартиби синфдаги энг ақли суст боланинг меъёрига қараб олиб борилади. У тушунгунча бошқалар бурнини чуқалаб ўтиришади. Аслида-чи, аслида ақли ноқисроқ бола бу синфда икки, керак бўлса уч йил ҳам ўқийверсин, фақат унинг бу ўқишини энди унинг ота-онаси қисман ТЎЛАБ қўйсин. Шунда кимдир биров эртага аммасининг, холасининг қизига уйланмайди. Бу қон бузилишларнинг олди олина бошлайди.
Яна бир ҳолат, советларнинг таълим тизими болага кўпроқ билим беришга асосланган эди. Айтишингиз мумкин, бунинг нимаси ёмон, деб. Ёмони шундаки, бугунги кундаги илмларнинг кўпайиб ва илгарилаб кетишини инобатга олсангиз, боланинг калласига у қанчалик даҳо бўлмасин ҳамма илмларни солиб тўлдириб бўлмайди. Болага мустақил илм ИЗЛАШНИ ўргатиш керак. Айни шу йўлни америкалик ва японияликлар XIX асрнинг охири ва XX асрнинг бошларида танлашди ва айнан мана шу сабаблар орқали бутун жаҳонда бу йўналишда илгарилаб кетишди.
Бундан минг йилдан кўпроқ илгари бир олим, бола кўза эмас, унинг калласини билимлар билан тўлдирсангиз, у бир шам, уни ёқиб юборинг, у ўзи илм излашни ўргансин, деган эди.
Биз юз ва ундан кўпроқ йиллар қарамликда ўсдик, тобеликда кун кўрдик, адолатни золимлардан, босқинчилардан кутдик. Руҳимизга тобелик сингиб улгурди. Энди оёққа турар вақти келди, энди ўзликка қараб тик боқиш ва боқишгина эмас ўзликка бориш вақти келди. Шунинг учун болаларимизни рус тилидан кириб келган сўз билан айтганда аристократ руҳида, ўз тилимиз билан айтганда КИБОРлар қилиб тарбиялаш вақти келди.
Ахир биз туркийлар, туркийлар орасидаги ўзбеклар ҳар доим ўта киборлари бўлганмизку, буни унутмайлик. Ахир «ҳой ...., одам бўлмайсан, катталарнинг олдида жим тур...» қабилидаги сўз ва ибораларни болаларимиз руҳига сингдираверсак келажагимиз йўқ. Эшикни очинг, ташқарида XXI аср, ахборот асри, билимлар асри, рақобат асри! Билим ва янгиликларни топиш ва ундан фақат фойдаланиш эмас, уларни яратиш асри.
Президент Шавкат Мирзиёев мана бу гапни бежиз бот-бот такрорламаяпти: «Одамларимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак». Шунинг учун ҳам фақат ўтмиши ва улуғ боболари билан мақтаниб яшаган халқ жоҳил ва саводсиз бўлишини англаб етайлик. Ўша боболарга муносиб бўлиш учун уларнинг этагидан ушлашгина эмас, уларнинг рамзий қилиб айтганда елкаларига чиқиш керакку. Болаларимиз тарбияси мана шу тамойилларга таянса, мана шу орзуларга асосланса, шундагина келажагимиз чин маънода буюк бўлади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил