«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсилёхуд шарафли касбнинг турфа қирралари ҳақида
Бугунги кунда ўқитувчилар ва уларнинг муаммолари анча баҳсталаб мавзуга айланиб қолди. Таълим тизими, жумладан ўқитувчилар фаолияти билан боғлиқ фикрлар, танқидлар, таклифлар тинмаяпти. Аммо муаммоларга ечим топиш, таклифларни ўрганиш ва уларни саралаб ҳаётга татбиқ этишга соҳа мутасаддилари етарлича эътибор қаратяптими – ҳамма гап мана шунда. Жамиятдаги энг шарафли касб эгалари – муаллимларнинг фикрларини тинглар эканман, ҳозирги кунда устозларга бўлаётган муносабат, айрим «ўқитувчи»ларнинг касбига қилаётган хиёнати кишини ўйлантириб қўяди.
Бир таманинг минг бир касри
Ҳужжатларимни унутиб қолдирганим учун уйга қайтишимга тўғри келди. Уйдан чиқишим билан эшикнинг қаршисида турган қизимга кўзим тушди. Шу пайтда мактабда, дарсда бўлиши кераклиги сабаб «Тинчликми?» деб сўрадим. У эса бироз каловланиб «Агар мактабга бормайман, ўқитувчимга ҳеч нима демайман, дея ваъда берсангиз айтаман», деди. Ваъдамни олгач, қизимнинг айтишича, биология фани ўқитувчиси чорак якунида баҳоси кам бўлган ёки баҳосини ўзгартирмоқчи бўлган болаларни савол-жавоб қилишини айтибди. Буни қарангки, саволларга жавоб беришга ҳаракат қилаётган ўқувчиларни атайдан чалғитиб, «Яхши жавоб бера олмадинг, сен ҳозир дўконга чиқиб мен айтган нарсани олиб келсанг, яхши баҳо қўйиб бераман», дебди. Қизимнинг кундалик харажатлари учун берилаган пулларидан тежаб жамғарадиган одати бор эди. Тўплаб қўйган пулларидан оламан, деган ўйда уйга шошибди.
Фарзандимга берган ваъдамни бузгим, ишончига путур етказгим келмади. Шу сабаб мактабга бормадим. Аммо ўқитувчига муносиб жавоб қайтаришни қизимнинг ўзига қўйиб бердим. «Мактабга бориб, ўқитувчингга айт, билимингни неччига лойиқ деб топса, шу баҳони қўйсин. Агар сенга ёмон баҳо қўйса ҳам хафа бўлмайман», дедим. Қизимни мактабга юбордиму ўқитувчининг бу хатти-ҳаракати юрагимни қаттиқ ларзага солди. Ҳали булар бор-йўғи 7-синф-ку?! Уч-тўрт сўм пул майли, аммо бу болаларни пора беришга, ёлғонга, илмсизликка даъват этиш эмасми? Бир ўқитувчининг бу ҳаракати эртага минг бир тамагирлик уруғини ундирмайдими? Кейин билдимки, қизимнинг синфдошларининг кўпчилиги ўқитувчиси айтган нарсаларни олиб келиб осонгина баҳосини олибди...
Ишдан қайтаётсам, қўшним ўғлини етаклаганича шошиб қаергадир кетяпти. Айтишича, ўғли «Ўқитувчимга совға олишимиз керак», деб ишдан чарчаб келган онасининг ҳоли-жонига қўймай кўчага олиб чиқибди: «Эртага синф раҳбарининг туғилган куни экан. Ўқитувчиси бугун дарс давомида «Эртага мени туғилган куним» деб қайта-қайта такрорлабди. Ҳамма синфдошларим совға олиб борса, ўқитувчим уларга яхши гапиради, мен ажралиб қоламанми, деди ўғлим. Тавба, ўн бир йил мактабда ўқиб, ўқитувчиларимнинг туғилган кунлари қачонлигини билмаган эканман», деб ҳайрон бўлиб гапирган қўшним кеч тушганига қарамай дўкон томон шошиб кетди.
Бир вақтлар қизига ўқитувчи бўлсанг, байрамларда совғаларга «кўмилиб» кетасан деб, маслаҳат бераётган онани кўрганимда роса ажабланган эдим. Демак, мактабларда ушбу касбга меҳри борлиги туфайли эмас, байрамлару тадбирларда совға оламан, деган илинжда адашиб «ўқитувчи» бўлиб қолганлар ҳам бор экан-да!
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бу айрим мактабларда таълим бераётган айрим ўқитувчиларнигина аҳволи холос. Аммо юқорида таъкидлаганимиздек тамагирлик иллатининг заррача бўлса-да мактабларда, ўқитувчи ва ўқувчи орасида кўриниши тараққий этган жамият қуришдек орзуларимизни тумандек тарқатиб юбориши шубҳасиз.
Айнан ана шундай ўқитувчилар устоз номига доғ тушириб, уларнинг касрига фидойи муаллимлар номи ёмонотлиқ қилинмоқда. Наҳотки мактаб директорлари қўл остидаги ўқитувчиларнинг қилаётган ишларидан бехабар бўлса?! Шундай пайтларда маърифатпарвар аллома Абдулла Авлонийнинг «Тарбия берувчининг ўзи, аввало, тарбияланган бўлиши керак», деган сўзлари нақадар ҳақ эканига яна бир карра амин бўлади киши.
Ўқитувчига аввало тинчлик керак
«Ўқитувчиларга вазифасидан ташқари буюриладиган ишлар ҳали ҳам жуда кўп. Биз маҳалла ва кўчалар оралаб, уйма-уй юриб аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорликларини аниқлаш ва уларга тўловларни ўз вақтида тўлашлари лозимлиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб борамиз. Бу ишлар бизнинг вазифамизга кирмайди-ку, деган эътирозларимизга мактаб раҳбарлари аҳамият ҳам беришмайди. Бундан ташқари режа, дастур, ҳисоботларнинг охири йўқ...», дейди таҳририятимизга қўнғироқ қилган ўқитувчилардан бири. Хўш, бундай аҳволда ўқитувчи қачон ва қандай дарс беради?
Яна бир мисол: сайлов ўтказиладиган йиллар сайлов участкалари асосан мактабларда ташкил этилади. Табиийки, сайлов участкасининг раиси, аъзолари одатда мактаб ўқитувчиларидан тайинланади. Бунда ўз-ўзидан ташкилий ишларнинг асосий оғирлиги муаллимлар зиммасига тушади. «Сайлов пайтида мактабимиздаги 20 нафар ўқитувчидан 12 таси ташкилий ишларга жалб қилинса, қолган 8 нафари бир соат давомида биратўла 3-4 та синфга дарс ўтишига тўғри келади», дейди ўқитувчилардан бири. Энди ўша пайтдаги болаларга берилаётган дарс сифатини тасаввур қилаверинг. Ортиқча ташкилий ишлар билан банд қилинаётган аёл ўқитувчиларнинг уйига кеч қайтиши туфайли оиласида юзага келаётган уруш-жанжалларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ҳатто турмуш ўртоғи: «Мактабда ишламайсан, бўлмаса ажрашамиз», дея шарт қўяётганлари ҳам бор.
Шу ўринда савол туғилади. Наҳотки мутасаддилар муаллимларни дарс бериш жараёнидан чалғитмаслик йўлларини топа олишмаса? Нега биз барча юкни ўқитувчилар зиммасига юклашга ўрганиб қолганмиз? Хорижда яшаётган юртдошларимиз билан суҳбатлашганимда, улар мактаб ўқитувчилари болаларга таълим беришдан бошқа ишларга умуман жалб қилинмайди, дея таъкидлашади. Нега биз ўқитувчиларга шундай имкониятни яратиб бера олмаймиз?!
Тўғри, сўнгги бир-икки йилда муаллимларимиз анча-мунча ишлардан озод этилди. Бироқ «ўрганган кўнгил»ли ҳокимият вакиллари ҳамон учраяптида. Ҳар сафар мактабда ота-оналар мажлисларида қатнашганимда директор «Нима муаммонгиз бўлса менга, ўринбосаримга мурожаат қилинг. Ахир юртимизда ҳал қилиниши керак бўлган катта-катта муаммолар етарли. Мактаб ичидаги кичик кўнгилсизликларни биргаликда, аҳилликда ўзимиз ҳал қилайлик», дея ялинади. Таассуфки, охирги пайтларда фарзанди синфдоши билан уришиб қолсаям Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилишни одат қилган шикоятчи ота-оналар кўпайди. Бугун бир шикоят хати борса, ўша мактаб ўқитувчилари қанчалик дарсдан чалғиб, мурожаатни «ёпиш» билан шуғулланишини наҳотки улар билишмаса?! Текшир-текширларнинг ҳаммаси, тўғрисини айтганда, ўқитувчиларни бездириб қўйган. Буларнинг барчаси таълим сифатини пасайтирмоқда холос.
Ўқитувчилар ҳақида гап кетганда аввало уларнинг ойлик маошини кўтариш лозимлиги таъкидланади. Шуни эътиборга олиш лозимки, муаллимларга, айниқса, фидойи муаллимларга биринчи ўринда тинчлик керак. Қоғозбозлик ва тадбирбозликдан холи, тинчгина дарс ўтиш имкониятини яратиб бериш лозим.
Сир эмаски, кўпгина билимли ўқитувчилар мактабдаги ортиқча зўриқишлардан чарчаб, ишдан бўшаяпти, хусусий тайёрлов курсларига ўтиб кетяпти. Ҳеч бўлмаса уйида болаларга қўшимча пулли дарс бермоқда.
Балки мактабларда ўткир билимли ўқитувчилар камайиб бораётганининг сабаби шунга ҳам боғлиқдир. Балки шунинг учун фарзандларимиз фақат мактабда олган билими билан олий ўқув юртларига кира олмаётгандир...
Биз таҳририят ходимлари билан тез-тез мактаб тадбирларида иштирок этамиз. Ўтган йил Тошкент шаҳридаги бир мактабдаги ҳолат мени ҳайрон қолдирди. Мактабнинг таъмири ўзига яраша, бир аҳволга келиб қолган. Аммо мактабга кираверишда икки-учта хона алоҳида таъмирлаб қўйилган ва чиройли безатилган. Аввалига таъмир шу томондан бошланган бўлса керак, деб ўйладим. Кейин билсам, бу ерга туман ҳокими маълум кунлари аҳоли ўртасидаги шикоятларни ўрганиб, уларни қабул қилиш учун ўзига обдан шароит яратиб олган экан. Ўқитувчилар қулфланган хонани очиб кўрсатишди. Ҳайратимни кўрган ўқитувчи, «Ярим йилдан буён бу хонага ҳоким бирор марта кирмади, бу ҳашамдор хона ҳали бирор кишининг муаммосини ҳал этганича ҳам йўқ. Қувонадиган томонимиз, шу хона баҳона бизга ҳам бир нечта янги стуллар беришди», дейди.
Бу кўзбўямачилик кимга керак? Назаримда, ҳокимларни мактабларга нафақат дарс ўтишлари, балки, ўқувчилар билан бирга ўтириб дарс тинглашлари учун ҳам ҳар замонда чақириб туриш керак. Уларни 40-45 ўқувчидан иборат синфхоналарга олиб кириб, «Қани, шу аҳволда 45 дақиқа дарсни тинглаб, қўлингиз қўлингизга тегиб, туртиниб, доскага ёзилган мавзуни бир кўчириб кўринг-чи», дейиш керак. Ҳар сафар мактабларга борганимда ўқувчи сони кўплигидан бир стулда икки ўқувчининг тиқилишиб, зўрға ўтирганини кўриб раҳмим келади. Айнан шу сабаб қанчадан-қанча болалар мактабга боришни истамаслигини ҳам, бу шароитда болалар икки карра чарчаши ҳам кундай равшан. Лекин нега бу ҳолга нисбатан мутасадди раҳбарлар қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб олишганига ҳалигача ҳайронман. Таълим сифатини яхшилаш биринчи вазифа экан, бир синфда ўқувчи сонини 20-25 тадан оширмаслик кераклигини англаш учун олим бўлиш шарт эмас.
Билимга мактаб жавобгар, тарбияга-чи?
Илгарироқ бир мақола тайёрлаш ниятида филология фанлари номзоди, фольклоршунос олим, раҳматли устоз Омонулла Мадаевнинг хонадонларига борганимда суҳбат якунида бир воқеани айтиб берган эдилар:
«Бир куни набирамни олиб келиш учун мактабга бордим. Ҳали дарс тугамаган экан. Бирпас кутиб турдим. Синф эшиги очиқ экан. Не кўз билан кўрайки ўқитувчи полювгич (швабра)ни столга уриб болаларни тинчлантиришга уриняпти. Шунча йиллик педагогик тажрибамда бундай ҳолга дуч келмаган эдим. Тўғриси, жудаям ҳайрон қолдим. Мен бундай ҳолларда болаларни умуман айблай олмайман. Сабаби боланинг зеҳни ўткир. Ўқитувчининг ўтган бир-икки дарсиданоқ билими қай даражада эканини дарров фаҳмлайди. Ўз билимига ишонган, ҳар бир маълумотни асослаб айтаётган, жиддий ўқитувчини ҳар қандай ўқувчи истаса-истамаса ҳурмат қилишга, тинглашга мажбур бўлади. Ўқувчиларни тинчлантира олмаяптими, демак, муаммо ўқитувчининг ўзида...»
Нақадар ҳақ гап. Тан олиб айтиш керакки, мактабларда билими ўткир ўқитувчилардан кўра, тили ўткир, дарсни эплаб ўтолмаслигини тан олмай, ўзини оқлаш учун мингта баҳонани қалаштириб ташлайдиган «муаллим»лар кўпаймоқда.
Ота-оналар мажлисида қирқ ўқувчидан бор йўғи 20 ёки 22 нафарининг отаси ёки онаси қатнашади. Ўқитувчи айрим болаларнинг фанларни яхши ўзлаштира олмаётгани, дарсларга мунтазам қатнашмаётгани ҳақида куйиб-пишиб гапирадию, унга жавобан айрим оналар эътибор бермай, аллакимининг тўйига ёки «гап»га боргани ҳақида гаплашиб ўтиради. Оналарнинг аҳволи шундай бўлганидан кейин болаларидан нимани кутиш мумкин?! Агар эртага кутилмаганда боласи биров билан ёқалашиб боши ёрилса, қизи ҳақида бирор «гап» чиқса биринчи навбатда ўқитувчини айблаши аниқ: «Нега қарамадингиз?..»
Етти ўлчамасдан чиқарилган қарорлар
Таҳририятимизга Самарқанд вилоятидан келган бир ўқитувчи баъзи фикрларни айтиб қолди: «Авваллари мукофотга номзоди қўйилган ўқитувчиларнинг дарс ўтаётган синфларига кириб, у таълим бераётган ўқувчиларнинг билими ва ахлоқи синовдан ўтказилган. Ҳар томонлама намунали деб топилган ўқитувчигина давлат мукофоти билан тақдирланган. Аммо ҳозир бу тартиб бутунлай ўзгариб кетди. Ўқитувчининг биргина ўқувчиси фан олимпиадасида ғолиб бўлиши ҳаммасини ҳал этар экан. Афсуски, фан олимпиадалари қай тарзда ўтказилаётгани ҳам бизга қоронғу. Айниқса, танлов шартларига ўқитувчиларнинг ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали кўп «лайк» тўплаши лозимлиги ва ўша «лайк»лар сонига қараб хулоса қилиниши эса жуда кулгили ҳолат эмасми? Мен бир қишлоқ ўқитувчисиман, 33 йилдан буён шу касбим орқали ҳалол нон топиб, оиламни боқаман. Ҳафтасига 3 кун чироқ бўлса, 4 кун чироқсиз яшаймиз. Қўлимда оддий телефон. Ижтимоий тармоқларга киришга вақтим ҳам, шароитим ҳам йўқ. Имкон топдим дегунимча ўқувчиларим билан кўпроқ шуғулланаман.
Яна бир гап. Нафақага чиққан ўқитувчиларни мактабга қайтариш, уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш ҳақидаги фикр ҳам ҳамма жойда ўзини оқлаётгани йўқ.
Ёш муаллимлар ва ўқувчиларга ўз тажрибасидан келиб чиқиб сидқидилдан маслаҳат ва таълим бераётган устозлар қаторида соғлиғи, жисмоний ҳолати дарс ўтиш талабларига жавоб бера олмаса-да, ҳам нафақа пулини, ҳам ойлик маошини тўлиқ олиш илинжида, ўзини зўрлаб кўпроқ дарс соатлари олиб, мактабга вақтини ўтказиш учун келиб кетаётган устозлар ҳам талайгина.
Уларни ишдан бўшатишга эса ҳеч кимнинг журъати етмайди. Албатта, мактабларда ўқитувчилар сони етишмаслиги ҳаммамизга маълум. Аммо гап фарзандларимиз келажаги ҳақида кетаётган экан, бу масалани жиддий ўйлаб кўриш зарур назаримда.
Сўнгги вақтларда таълим тизими билан боғлиқ янги-янги қарорлар чиқяпти. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам мавриди ва зарурлиги билан ўзини оқлаяптими? Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августда «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-сонли қарори анча муҳокама қилинди. Қарор тасдиқлангач, кўплаб тадбиркорлар мактаб формаларини ишлаб чиқаришни ҳам бошлаб юборишди. Орадан кўп ўтмай, мактаб формасини жорий қилиш масаласи 2024-2025 йилга кечиктирилди. Бу ёғи эса ўзингизга маълум...
Куни кеча вилоят хотин-қизлар қўмитаси иш фаолияти билан танишиш мақсадида қўмита ходимларининг бир кунлик иш жараёнини кузатдим. Аҳоли ўртасидаги турли низолар, оилавий келишмовчиликлар, ажримлар етмаганидек, мактаб директорлари ва ўқитувчилар орасидаги ўзаро жумбоқли вазиятларни ҳал этаётганлигининг гувоҳи бўлдим. Масалан, кўрилаётган мазкур ҳолатни олайлик: соғлиғини тиклаш важидан маълум муддат ишдан бўшаган ўқитувчи қайта ишга кирмоқчи. Аммо директор «Сиз олий маълумотга эга эмассиз» деб уни қайта ишга олишдан бош тортяпти. Мавзу ўта баҳсталаб. Сабаби Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 30 июлдаги 14/1-4141-рақам билан тасдиқланган «Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли кадрлар ўрнини босқичма-босқич олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлдиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар Дастури»да ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни олий таълим муассасаларининг кундузги, кечки ва сиртқи йўналишларида ўқишга йўналтириш, 2030 йилдан (эътибор беринг!) бошлаб умумтаълим мактабларида фақат олий маълумотли педагоглар фаолият юритишига эришиш кўзда тутилган.
Хўш, 23 йил давомида бир мактабда меҳнат фанидан дарс бериб келаётган олий маълумоти бўлмаган муаллима бу вазиятда нима қилиши керак? Сиртқи таълим асосида олий маълумотга эга бўлишсин, дейишингиз мумкин. Лекин масаланинг иқтисодий томони-чи? Муаллима фарзандлари катта бўлиб қолганини, катта ўғли олий ўқув юртида контракт асосида таълим олаётгани, ўзи эса сиртқи бўлимда ўқиш учун тўланадиган контракт пулини тўлай олмаслигини айтса-чи? Нега энди бир инсоннинг моддий имконияти етмагани учун уни севимли касбидан ажратишимиз керак? Наҳотки унинг неча йиллик фидойилигига жавобимиз шу бўлса? Биз дипломли ёки дипломсиз деб ажратиш ўрнига, билимли ёки билимсиз ўқитувчиларни саралаб, уларнинг болаларга сидқидилдан таълим бериши учун тўғри йўналтиришимиз керак эмасми?! Тўғри, диплом керак. Лекин мактабларда олий маълумотли бўла туриб, ҳаттоки ўзбек алифбосида нечта ҳарф, нечта белги борлигини билмайдиган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас.
Назаримда ҳақиқий заҳматкаш устозларни ҳам олий маълумотга йўналтиришнинг енгилроқ ва содда йўлини топиш – энг маъқул йўл бўлса керак.
Ҳа, бугун ўқитувчилар ҳаётида, таълим тизимимизда муаммолар шу қадар кўпки, ёзаверсак битта катта китоб бўлиши ҳеч гап эмас. Шу китобнинг «кичкинагина боби»ни шу ерда якунлаб тура қолай деганимда телефоним жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам қизимнинг синф раҳбари. Худди бирор нимага улгура олмаётгандек шошиб гапирарди:
– Ота-оналар ҳақидаги айрим маълумотлар тўлиқ эмас экан. Бошидан бошлаб яна тўлдириб чиқяпман. Шу десангиз кундан-кунга чиқаётган «янгиликлар» биз ўқитувчиларни шошириб қўймоқда. Энди электрон журнал асосида ишлар эканмиз. Ўқувчиларга баҳолар ёзма журналда эмас, балки компьютер орқали қўйилади ва ота-оналар фарзандлари олаётган баҳоларни онлайн кузатиб боришар экан. Муаммо шундаки, бундай тизимга ҳали мактаблар ҳам, ўқитувчилар ҳам тайёр эмас. Электрон журнал учун ҳар бир ўқитувчига ноутбук ёки планшет, интернет пакетлари керак бўлади. Мактабимизда кўпчилик ўқитувчилар ўртаҳол оиладан. Қўлида оддий телефон тутиб юрганлари ҳам талайгина. Улар қандай қилиб ноутбук ёки планшет сотиб олади? Ойлик интернет учун сарфланадиган пулни қаердан олади?!
Қизиқ, энди ўқитувчилар дарс бўйи болаларга эмас, планшетга термулиб ўтирса-я! Бу «янгилик»ни Тошкент шаҳридаги мактаблар қабул қила олмаяптию, энди вилоят, туман, қишлоқ мактабларини гапирмасак ҳам бўлаверади...
Ўқитувчилардан талаб қилинаётган ишлар жуда кўп. Аммо уларнинг қай бири фарзандларимиз келажаги учун зарурроқ эканини мутасаддилар жиддий ўйлаб кўришса айни муддао бўлар эди.
...Мактабда ўқиб юрган чоғларимни ёдга олсам, аввало кўз ўнгимда синф раҳбарим – она тили ва адабиёт фани ўқитувчимиз келади. Биз ўқувчиларнинг кетма-кет берадиган саволларимизга аниқ ва лўнда қилиб жавоб берадиган, дарс бошлашдан олдин баҳру байт мусобақаси ўтказиб, бутун синфни жонлантириб юборадиган бу муаллимнинг сабоқларини интизорлик билан кутардик. Шу фан учун махсус тайёрланардик. Шунинг учун бўлса керак, устозимнинг ўзи ҳам, қўяётган ҳар бир баҳоси ҳам ўқувчилар учун қадрли эди.
Ҳар гал Қаршига борганимда, албатта, устозимни ҳам йўқлайман. Зиё таралаётган юзларига қараб, маслаҳатларини эшитиб тўймайман. Бир сафар боламнинг тоби қочгани сабабли ўқитувчимни кўргани бора олмадим. Тошкент томон йўл олар эканман, ичимда фақат, «Яна қайта кўришиш насиб этгунича устозимнинг жонини омон сақла, Худойим», деб пичирлардим. Ҳар сафар мени бағрига босганида ўқитувчим ҳам шу сўзларни такрорлашдан чарчамасди. Кейин ўйлаб қоламан. Бу қандай туйғуки, гарчи оилам аъзоси бўлмаса-да ўқитувчимни йўқотишдан шунчалик қўрқаман?! Кейин ишонч билан саволимга жавоб топаман. Бу ҳеч қандай тамасиз йиллаб машаққат ва заҳмат, чексиз фидойилигу хокисорлик билан эришилган меҳр-муҳаббат. Бу юракнинг туб-тубигача жойлашган, йиллар ўтса-да ўз кучини йўқотмайдиган, тушунтириб бўлмас туйғу... Мен ўқитувчи, муаллим, мураббий, устоз деганимда кўз ўнгимда шундай туйғулар намоён бўлаверади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил